Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ?..

(Абдусаид Кўчимовга табрик ўрнида)

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ:  МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ?..

1990 йил 22 январь.

Бир неча кунга чўзилган бош-оғриқлардан сўнг, ниҳоят, Одил ака анча ўзига келди. Яхши таклиф айтдиларинг, деди… Шундан сўнг биз хайрлашдик. Маълум бўлишича, икки ой бурун Одил аканинг яна бир шогирди Абдусаид Кўчимовни Ўзбекистон комсомоли марказий комитети биринчи котиби Азиз Носиров чақирибди-да: – Ариза бериб, ишдан бўша, сенга бошқа иш топамиз, – дебди. Одил Ёқубов аралашгандан кейин Абдусаид Кўчимов жойида қолди. 20 январь куни Азиз Носиров А.Кўчимовни яна чақириб: – Энди у ёқ-бу ёққа чопма. Ишдан яхшиликча бўша, ўзингга яхши бўлади. Мана сенга иш: «Ёш куч» журналига муҳаррир ўринбосари, «Ёш гвардия» нашриётига бўлим мудири, комсомол марказий комитетида бўлим мудири… деб, уч жойдан иш таклиф қилибди. Кўчимовни бу сафар «Қишлоқ ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири, СССР халқ депутати Аҳмаджон Мухторов ҳимоя қилган. Аҳмаджон Мухторов билан Азиз Носиров Самарқанднинг бир маҳалласидан. Абдусаид ака эса Самарқанднинг Ургутидан. – Сен ўзи нима қиляпсан? – деб сўрабди Аҳмаджон ака Азиз Носировдан телефонда. – Ўзимча бир иш қилаётганим йўқ, ака, – дебди Азиз Носиров. – Бу ёғини сўрасангиз, ўзимнинг ҳам аҳволим яхши эмас. Тепадан буйруқ беришяпти. Кўчимов Одил Ёқубовнинг шогирди эмиш… – Ўша тепадагиларинг яна қанча вақт давру даврон суради? Сенга айтиб қўяй: икки йилга етмайди. Кўчимовни бўшатсам ўзим омон қоламан, деб ўйлаяпсанми? Уни бўшатасан, кейин навбат ўзингга келади.

Шу гап билан Азиз Носиров мардлик қилиб, ҳамма юкни ўзига олиб, Абдусаид Кўчимовни жойидан қўзғатмапти.

1990 йил 16 февраль.

Тунда (соат тонг олди 3 да) Шукур, Мурод ака, Ғаффор ака учовлон Шукурнинг «Жигули»сида Бўстонга, бизникига келишди. ЎзССР халқ депутатлигига номзоди қўйилган ёзувчи, «Ленин учқуни» газетаси бош муҳаррири Абдусаид Кўчимовни ҳимоя қилиш учун Ургутга боришаётган экан. Озроқ суҳбатлашиб, кейин ухладик. Маълум бўлишича, А.Кўчимов сайланаётган округга қарашли хўжаликлар раисларига, қишлоқ советларига, округ комиссияси раисига Тошкентдан телеграмма борибди: «Абдусаид Кўчимов кўпгина нопок ишларга қўл ургани сабабли ҳозир КПСС аъзолигидан ўчирилиш арафасида. Шунингдек, А.Кўчимов жиноий жавобгарликка тортилиб, устидан тергов кетяпти. Биз бундай одам ЎзССР халқ депутатлигига нолойиқ, деб ҳисоблаймиз. «Ленин учқуни» газетаси коллективи номидан Ё.Раҳимова». Ургут район партия комитети биринчи котиби Ўлмас Маҳматмуродов Абдусаид Кўчимовга қарши. А.Кўчимовга альтернатив тарзда картошкачилик бригадири Номоз Баратов қўйилган, райком котиби ўша одамни ўтказишга уринаётган эмиш. Шу сабабли Абдусаид Кўчимовга бор имконияти даражасида қаршилик кўрсатаётган эмиш. Шу сабабли Абдусаид акани кўпчилик бўлиб қўллаш керак керак.

1990 йил 17 февраль.

Эрталаб мен ҳам қўшилиб, Самарқандга жўнадик. Самарқанд оближроқўм раиси Тошбўри Қиличев Шукурнинг оғайниси экан. Тўртовлон Тошбўри аканинг қабулида бўлдик. Танишдик. Ўзимизга ўхшаган оддий, қишлоқ йигити экан. Яхши суҳбатлашдик. Жиззах вилояти қайта тиклангани ҳақида қарор чиққан газетани бизга кўрсатди. «Абдусаид Кўчимов масаласи оғир, райкомнинг биринчи котиби унга қарши», деди. – Тошкентдан тазйиқ борми? – сўради Ғаффор ака. – Йўқ. Тошкентдан ҳам, вилоятдан ҳам ҳеч кимнинг иши бўлгани йўқ. Фақат Ўлмас ака қаттиқ қарши. Ўтиши қийинга ўхшайди. – Абдусаид Кўчимовни ишдан бўшатишга уринишлар бўлган эди, – деди ака бўш келмай.

– Мен бу масалани Ўзбекистон комсомоли марказий комитети биринчи котиби Азиз Носиров билан гаплашдим, – деди Тошбўри ака. – Тепадан ҳеч ким аралашмаган. Азиз Носиров билан Ўлмас Маҳматмуродов қалин дўст. «Бошқа ишга ўткизамиз» десак, Абдусаид Кўчимов депутатлик даъвосидан воз кечадими, деб ўйлаган эдик», деди Азиз Носиров… Кечгача Ургутнинг «Правда» колхозига етиб бордик. Биздан кейин яна бир қанча журналист ва ижодкорлар Тошкентдан етиб келишди. Ўттиз нафардан ошиб кетдиг-ов. Маҳаллий аҳолининг аксарияти ҳам Абдусаид аканинг хонадонидан аримас, ҳовли худди тўй бўлаётгандек гавжум эди. Хуллас, маҳаллий фаолларнинг гапига қараганда, ҳақиқатан ҳам вазият яхши эмас, аммо умидсиз ҳам эмас. Аксарият қишлоқлар аҳли картошкачи бизга нима қилиб берарди, картошкасини экаверсин, бизга марказдаги журналист керак. Ҳозир журналистлар жуда кўп нарсаларни ҳал қилиб юборишяпти. Агар фойдаси тегса, фақат Кўчимовнинг фойдаси тегиши мумкин, шу сабабли биз Кўчимовга овоз берамиз, дейишаётган экан. Фаоллар сайлов комиссияси билан келишиб, ҳар бир сайлов участкасида ҳар бир депутатликка номзоднинг кузатувчилари иштирок этишига розилик олишибди. Шу сабабли бизлар участкаларга тақсимландик: ҳар бир участкада биттадан тошкентлик ижодкор ва биттадан маҳаллий фаол. Яъни ҳар бир участкада Абдусаид Кўчимовнинг иккитадан кузатувчиси: сайловнинг қонун-қоидаларга биноан ўтказилиши, ҳар бир сайловчи биттадан овоз беришини таъминлаш ва ҳоказоларни кузатиш зиммамизга тушди. Мени Омонқўтонга жўнатдилар. Ғаффор ака барча журналистлар устидан назоратчи сифатида сайлов участкаларини айланиб юрди.

Кейин билсам, Абдусаид ака учун Омонқўтон энг оғир участкалардан бири бўлиб, улар картошкачи йигитга овоз бериш учун тайёрланишган экан. Шу сабабли мени атайлаб ўша ўрамага ташлашган. Ҳақиқатан ҳам у ерда менга осон кечмади. Ҳатто бир сафар бир йигит икки-уч марта кабинага қайта-қайта кириб, овоз бераётганини билиб қолиб, уни тўхтатаётганимда ҳамроҳим – маҳаллий кузатувчи менинг қўлимдан ушлади: «У бизнинг одам. Бутун оиласи номидан Абдусаид акага овоз беряпти...» Хуллас, эрталаб соат бешдан кечки саккизга қадар участкадан жилмадик. Сайлов участкаси вакиллари розилик бергани туфайли биз картошкачи йигит кузатувчилари билан келишдик. Элликтача бюллетен ҳали қутиларга ташланмаган эди. Уларни ҳар икки номзодга тенг бўлиб, ташладик. Кейин бюллетенларни санашди. Биз кузатиб турдик. Картошкачи йигит 60 фоиз, Абдусаид ака 40 фоиз овоз олди. Протокол ёзилди, имзоланди, муҳрланди, конвертга солишди ва сайлов округига олиб кетишди. Биз «Правда»га равона бўлдик. Мен, албатта, хафа эдим. Чунки мен ишлаган жойда Абдусаид ака ютқизди-да! Аммо натижани эшитиб, ҳаммаси хурсанд бўлиб кетишди. Негаки, улар Омонқўтондан 15 фоиздан ортиқ овоз кутишмаган экан. Шундан кейингина мен ўз вазифамни астойдил бажарганимдан қаноат ҳосил қилдим...

Шу яқин атрофда Карим Баҳриев ҳам депутатликка сайланаётган, у округда тўртта номзод битта ўрин учун талашаётган эдилар. Тунда бизлардан бир-икки вакил Карим Баҳриевга «ҳорма»га бориб келишди. «Аҳволи яхши шекилли, жудаям хотиржам», дейишди қайтиб келиб. Эртаси куни маълум бўлдики, у саксон фоиз овоз йиғиб, депутатликка сайланибди. Абдусаид ака ҳам депутат бўлди. Эртасига эрталаб, депутатликни ювдик. – Мана энди, ҳаммамиз « Ленин учқуни»га мақолалар, асарлар ёзамиз, – дедим мен ногоҳ, гўё хизматимизни писанда қилгандай. Ўттиз нафар ижодкор бирдан ўнғайсизланиб қолишди. – Жуда яхши-да, – деди Абдусаид ака, мени ҳам, бошқаларни ҳам ноқулай вазиятдан қутқариб, – қанча кўп ижодкор болалар учун ёзса, ўзбек болалар адабиёти шунчалар кўп ютади.

Мана шунақа гаплар...

* * *

Бундай ўйлаб қарасам, ўша гапларга ҳам ўттиз йилдан ошиб кетибди. Ўша пайтдаги навқирон, куч-қувватга тўлган, депутат бўлиб, имконларим ошиб, халқимга янада кўпроқ хизмат қилай, деган Абдусаид ака Кўчимов бугун етмиш ёшни қарши олмоқда.

Ва энг асосийси, Абдусаид ака бугун ҳам халқ хизматида. Нафақат Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигини энг халқчил давлат сайтларидан бирига айлантира олгани билан, балки ўз ижоди билан, ОАВга – Одил Ёқубов, Абдулла Орипов ва бошқа адабиётимиз дарғалари ҳақида бераётган холис, ҳаққоний хотира-интервьюлари билан бугун ҳам хизматда!

Халққа хизмат қилишда гап кўп.

Абдусаид ака саксонгаям етсин, тўқсондан ҳам ошсин, майли, мендан нима кетди, юзгаям кирсин, халққа хизмат қилаверсин, асло чарчамасин!

Абдусаид акага, оиласига соғлик омонлик тилайман.




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔131

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔170

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар