Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси
Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.
БатафсилЖаҳон бадиий тафаккурининг «катта адабиёт» деб номланишга лойиқ қай бир асари бўлмасин, ўз моҳиятида одам қайдан келди, нима учун яшайди, қаёққа кетади, деган зоҳиран турлича ифодаланадиган, моҳиятан ягона муаммони пинҳон тутади. Асл адабиёт намуналари мана шу улкан муаммо ечими англанган нуқтада кесишади, умумлашади.
Айнан шу жиҳати билан умуман адабиёт деб аталадиган, аммо туб асосларига кўра, пешонасига «сўз водийларида адашиш» қисмати битилган асарлардан фарқ қилади. Одатда асл адабиёт намунаси ўта камёб, уни англаш ва талқинлаш эса машаққатли бўлади. Бобомиз Алишер Навоий асарлари мана шундай асл адабиёт силсиласидаги бош бўғин, десак муболаға бўлмайди. «Ҳайрат ул-аброр» достонининг «Дебоча» қисмида шундай байтлар келади:
Айлади сокин кураи хокни,
Сойир этиб давраи афлокни.
Токи муҳит ўрниға афлок эрур,
Маркази онинг кураи хок эрур...
Ушбу тўрт сатрдан бир қарашда бутун коинот Ер атрофида ҳаракатланади, борлиқнинг маркази «кураи хок» (Ер шари), деган маъно англашилади. Бундай хулосанинг ўзиёқ Навоий даҳосини жаҳон мутафаккирлари мақомига тенглаштиргандек бўлади гўё... «Ростдан ҳам, Навоий шундай демоқчими? Унинг бу масалага мурожаат қилишидан мақсади нима?» сингари қатор саволлар негизида тушунмоқчи бўлсак, сатрлар мазмунини ўзгачароқ талқин этиш эҳтиёжи пайдо бўлади.
Юқоридаги байтлар «Дебоча»нинг Яратгувчи ҳамдига доир бобидан олинган. Ҳазрат Навоийнинг ҳар бир асари, у қайси жанр, қайси мавзуда ёзилганидан қатъи назар, мана шундай кириш қисми билан бошланади. Адабиётшуносликда бу ҳақда «анъанавий кириш қисми» тарзида юзаки қараш мавжуд. Аммо кириш қисмларига нисбатан бундай лоқайд муносабатлар бизни нафақат мумтоз Шарқ адабиётининг асл моҳиятидан, хусусан, ҳазрат Навоийдан ҳам узоқлаштиради. Зотан, Навоий дебочаларида асарнинг туб моҳияти, ижодкор эстетик идеали акс этади. Шу маънода «Ҳайрат ул-аброр»ни «Хамса» деб номланмиш бирбутун бадиий-эстетик тизимнинг дастури, унинг «Дебоча»сини эса шу дастурнинг асоси деб қараш лозим. Ҳолбуки, ушбу бобда Аллоҳ яратган борлиқ-коинот, еру осмон тўғрисида сўз юритаётган Навоий назари моддий дунё тасвиру талқинига қаратилмаган. Шоирнинг асл мақсади бу эмас. Балки борлиқ-мавжудот, уларнинг бемисл санъат билан яратилгани, ягона низом остида ҳаракатланиши, Ер ва коинот аро кўринмас ришталар ҳақида баҳс этишдан мурод, аввало, Холиқ қудратини мушоҳада қилиш, иккинчидан, барча махлуқотнинг «шариф»и – инсон ҳақида сўз юритишдир.
Ганжинг аро нақд фаравон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди...
Яъни борлиқнинг яратилишидан мурод инсон эди. Акс ҳолда бу чексиз коинот яратилмасди. Шунинг учун ҳам, Навоий талқинига кўра, коинот марказида ўта улкан сайёралар эмас, айнан Ер туради. Зотан, унда инсон яшайди. Илоҳий низомга кўра, чек-чегарасиз коинот зарра янглиғ инсон учун хизмат қилади. Бу шундай низомки, қуёш зарра, уммон қатра боис мавжуддир. Бунда моддият мезонлари ожиз қолади. Шунинг учун ҳам инсон кўнгли борлиқ коинотдан кўра улканроқ. Барча яралмиш унга жо бўлади. Навоий айтмоқчи:
Солик ани арши муалло деди,
Сўфи ани олами кубро деди.
Айни назоҳатда бу олам жаҳон,
Борча жаҳон аҳли кўзидин ниҳон.
Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,
Қадри йўқ андоқки кўнгул каъбаси –
Ким, бу халойиққа эрур саждагоҳ,
Ул бири Холиққа эрур жилвагоҳ...
Яъни Аллоҳни таниш, ўзни топиш йўлига энди кирган (солик)лар кўнгилни юксак аршга қиёсладилар. Ҳақ йўлида мақом топган (сўфий)лар эса уни «олами кубро» – катта олам, деб атадилар. Бу олам шу қадар улкан ва покиза (шаффоф)ки, уни аҳли дунё кўришга ожиз. Бутун оламлар қибласи бўлган Каъбатуллоҳ ҳам унинг олдида қадрсиз. Чунки у бор-йўғи яратилмиш учун саждагоҳ. Кўнгил эса Холиқнинг жилвагоҳидир. Аслида бу ҳам Яратганнинг илму ҳикмати, санъатидан бир нишона, холос. Хўш, шундай экан, кўнгилнинг бу қадар буюк мақом тутиши нимадан?
Бу саволга «Ҳайрат ул-аброр»нинг XVII – XX бобларидан жавоб топамиз. XVII боб «Кўнгул таърифидаким...» деб бошланади ва унда кўнгилнинг (бу ўринда Навоий жон, руҳни назарда тутади) таърифу тавсифи келади. Бу бобдан сўнг кўнгилнинг йўқлик зимистонидан қутулиб, ёруғ оламга чиққани, ундаги ажойиботлар олдида ҳушини йўқотгудек бўлгани, бу олам сирини билиш иштиёқида ўртангани ҳақида гап кет ади. Фақат кўнгил ўзининг ожизлигига иқрор бўлиб, кўп сажда ва таваллолар қилгандан кейингина парда ортидан Яратганнинг нидо си эшитилади. Кўнгилнинг биринчи ҳайрати шу ҳукм-нидо билан бошланади. Яратгандан кўнгилга «...қўпу сайр айла бу гулшан сори», деган нидо келади. Бу гулшан, яъни жаннатни сайр этиб юрган кўнгил «Сидратул мунт аҳо» (махлуқот оламининг чегараси)га боши етган, ҳар бири кўк гумбазига устун, соясида қуёш парвариш топаётган дарахтларни, турфа гулу майсалар, сайроқи булбуллар, хиромон юрган товуслару қирғовуллар, «оина ранг» ҳовузларни кўриб лол бўлиб қолади. Калаванинг учини топа олмай, ҳайратига ҳайрат қўшилади. Кўнгилнинг кейинги саёҳати малакут – фаришталар оламига эди. У (кўнгил) Руҳ қаноти била тойир бўлуб... яъни руҳ қаноти билан қушдек парвоз этиб, чексиз фалак узра бир юлдуз мисол сайрга чиқади. Тўққиз фалакни кезади.
Шундан сўнг навбати билан тўққиз осмоннинг таърифу тавсифи келади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан меърож туни хусусида ривоят қилинган ҳадисларда ҳар бир осмон ўзининг муаккил фаришталарига эгалиги, шунингдек, тўққиз осмонда тўққиз улуғ пайғамбар мақом тутиши айтилади. Кўнгил бу оламларни бирма-бир сайр қилади. Жаннату малакут, самовот ва буржлардаги мукаммаллик, гўзаллик ва қатъий низомни кўриб ҳайратга тушади. Ҳар сафар кўнгил, ҳайрати ҳадди аълосига етган нуқтада, бир нидо эшитади, боқий бир ҳикматни англайди. «Сирри ҳақиқатдин» сабоқ олади. Яъни:
Ким: «Не дурур ҳайрати бефойда,
Санга бу ҳайрат ила не фойда.
Сирри ҳақиқатдин ўлуб баҳравар,
Айла басират кўзи бирла назар».
Дур киби етгач қулоғига бу сўз,
Нури ҳидоят била очти чу кўз.
Фохтадин қумрию булбулгача,
Балки шажар яфроғидин гулгача.
Барчаси Қайюмиға зокир эди,
Ҳар бир Анинг шукриға шокир эди...
Навоий талқинича, ботин (иймон) нигоҳи билан қараганда бу мавжудотларнинг бирорт аси ҳайратланишга арзимайди. «Сирри ҳақиқат» шундаки, буларнинг барчаси абадий Қайюм зотни зикр этиши, У берган неъматларга шукр келтириши сабаб шу мақомда турибди. Асл ҳайрат шунда.
Тўққиз осмон аро сайрга чиққан кўнгил самовотда мавжуд ҳар бир яралмишнинг Яратганга тасбеҳ айтаётганини кўради.
Ҳалқа бўлуб жавҳари улвий хиром,
Хотам анга нуқтаи сифлий мақом.
Ҳайъати гаҳ доира монанд ўлуб,
Савт анга тасбеҳи Худованд бўлуб...
Юкс ак ҳа лқада мақом тутган жавҳардан тортиб, энг тубан нуқтагача доира бўйлаб ҳаракатланар экан, фақат бир мазмунда товуш беради – Худога тасбеҳ айтади. Мана вужуд қолипининг «хожа»си кўнгил (руҳ, жон) нинг ғайб дунёсида англаган ҳикмати. Вужудга қиёслаганда ниҳоятда улкан кўринадиган, моҳиятан, инсон учун яратилган, инсон мавжудлиги боис мазмун касб этган самовот, ундаги барча сир-синоатлару темир низом остидаги ҳаракатлар алал оқибат бир нарса – Аллоҳни зикр қилиш билан шараф топади.
Жаннат бўйини ҳидлаган, малакут оламини сайр қилган, тўққиз осмонни кезиб, бадан мулки шаҳристонига тушишга шайланаётган кўнгил англаган энг муҳим ва сўнгги ҳикмат эса маърифатуллоҳ эди:
Борчасида зикру сужуд англади,
Маърифатуллоҳға шуҳуд англади...
Яъни барча яратилмишда Яратганни зикр этиш ва Унга итоатни кўрди. Аллоҳга яқинлик саодати шу эканига гувоҳ бўлди. Кўнгил (руҳ, жон) мана шу ҳақиқатни англагандан кейингина танага киради. Сўнгра унинг «вужуд шаҳристони» – танада туйган ҳайратлари таърифи келади. Кўнгилнинг ақл, хотира ва беш сезги билан муносабатлари, вужудни ташкил этувчи тўрт унсур (сув, олов, ҳаво, тупроқ), танадаги барча аъзолар, буларнинг вазифалари хусусида сўз юритилади. Аммо бу бобдаги қатъий хулоса ҳам «Қод арафа Роббаҳу», яъни «ўзини англаганнинг Аллоҳни таниши»дир.
Мақоланинг бошида келтирилган тўрт сатр ҳақиқатини англаш учун ҳазрат Навоийнинг инсон ҳақидаги ушбу хулосасидан келиб чиқиш лозим. Яъни Ернинг чексиз самовот марказида туриши унда бутун махлуқотнинг «шарифи» инсон яшаётганидан, одам улуғлиги эса унинг Аллоҳга нақадар яқинлигидандир. Алқисса, Навоий бадиий тафаккури асосларини тўғри англасаккина, унинг жаҳон мут афаккирлари аро тутган мақомини ҳис эта олишимиз, асарлари қатида пинҳон самовий ҳақиқатлардан баҳраманд бўлишимиз мумкин.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ, филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ профессори
Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.
БатафсилЙўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.
Батафсил19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Батафсил