Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Таҳлил «Ярим мактаб»лар муаммоси Икки сменада ўқитиш билан бутун бўладими?

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан ке­йинги даврларда мактаб таълимига катта эътибор берила бошлади.

Таҳлил  «Ярим мактаб»лар  муаммоси  Икки сменада ўқитиш билан  бутун бўладими?

1950-60-йилларда лой ва хом ғиштдан қурилган, авария ҳолатидаги мактаблар ўрнига янги замонавий билим масканлари қурилди. Кенг, ёруғ, шинам синф хоналар, спорт заллар, компьютер синфлари ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Аммо...

Ҳа, масаланинг ана шу «аммо»си чатоқда. Нимага дейсизми?

Республикамиз аҳолисининг демографик ўсиши сезиларли суръатда ортиб боряпти. Бу эса, қилинаётган ҳар бир ислоҳотларда келажак авлоднинг қонуний манфаатлари инобатга олиниши зарурлигини тақозо этади. Зеро, Учинчи Реннессанс остонасига қадам қўйилаётган бир даврда бу жуда муҳим ҳодисадир. Таҳлил ва мулоҳазаларимиз келажак авлоднинг етарлича таълим-тарбия олиши, баркамол авлод сифатида шаклланиши учун хизмат қиладиган айрим мактаб­лардаги баъзи жиҳатлар хусусида.

Келажакнинг талаби қандай?

Ҳозирда республикамиз бўйича бир қанча умумтаълим муассасалари янгидан барпо этилди. Уларда бугунги ва эртанги кун эҳтиёжлари қай даражада инобатга олинган, деган савол ҳаммани ўйлантириши табиий.

Айрим мактабларни қуришда аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бориши ҳисобга олинмаган, чамамда. Баъзи бир мактабларнинг жуда тор килиб қурилгани шундай хулоса қилишга асос беради. Мана, орадан бироз вақт ўтиб, бу масаланинг чигал тарафи бўй кўрсатиб турибди.

Айниқса, туман ва қиш­лоқларимизда ҳар бир оиланинг икки-уч фарзанди мактабга чиқади. Улар ўзларига қулай ва етарли шароитда илм олиши зарур. Аҳоли эса, йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Лекин тор қилиб қурилган мактаблар бугун талаб­га жавоб бераётгани йўқ. Ўқувчилар икки сменада зўр-базўр сиғишиб таълим олишмоқда.

Мактабларнинг ўқувчи контингентига нисбатан торлиги таълим сифатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади албатта. Биринчидан, синфхоналари етишмаслигидан айрим фанларни кичик гуруҳларда олиб бориш (масалан, тил ўрганиш билан боғлиқ дарслар) учун имкон бўлмайди. Сабаби дарслар учун синф топиш муаммо бўлиб қолади.

Иккинчидан, кимё-биология, физика лаборатория ишларини ўтказишда яна бир муаммо келиб чиқади. Мазкур давлат стандартлари асосида жиҳозланган синфхоналарида бошқа дарс­лар ўтилаётган бўлади. Синфхоналар етишмаслиги ўқитувчилар учун икки-уч гуруҳга бир хонада дарс ўтиш муаммосини келтириб чиқаради. Ўқитувчи эса, ҳар бир ўқувчи билан яккама-якка ишлаш имконидан мосуво қолади. Бу ўқувчининг ўзлаштиришига сезиларли таъсир кўрсатмай қолмайди.

Учинчидан, сменалар оралиғида хоналарни шамоллатиш, тозалик каби гигиеник талаблар бузилади. Дарслар оралиғидаги катта танаффуслар қисқаради.

Тўртинчидан...

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин биз назарда тутаётган муаммони илғаш учун шу ёғи ҳам етарли. Яхшиси, энди, аниқ мисолларга мурожаат қилайлик.

Кабинети йўқ раҳбар

Шовот тумани, Бўйрачи қишлоғидаги «Остона» маҳалласи ҳудудида фаолият олиб бораётган 50-умумтаълим мактабидамиз. Мактаб 2009 йили қурилиб фойдаланишга топширилган. Таълим маскани икки қаватли, ихчамгина қилиб қурилган. Жойлашув ўрни аҳоли хонадонларига туташ бўлгани боис мактаб экани деярли сезилмайди.

Ўша даврларда маҳалла аҳолиси кам сонли деган мулоҳазага борилганми —ҳайтовур, мактаб 80 ўринга мўлжаллаб қурилган. Атиги 8 та ўқув хонасидан иборат. Даҳлизлари, синфхоналари жуда тор қилиб қурилганидан ўқувчиларнинг кириб чиқиши, синф хоналарида ўтириб, дарс машғулотларида иштирок қилишлари анча қийинчилик туғдиради. Жорий ўқув йилида мактабда 11 та синфда 160 ўқувчи таълим олмоқда. Яна иккита навбатда, эрталабки навбатда 6 та, иккинчи навбатда эса 5 та  синф ўқишяпти.

Мактабда директор ва унинг ўринбосарлари, ҳатто ўқитувчилар учун ҳам   хоналар йўқ. Ундан ташқари ошхона, спорт зали, тадбирлар зали, ўқув лаборатория хоналари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Республикамизнинг тоғли ҳудудларида аҳолиси нисбатан оз бўлган жойларга режа қилинган мактабни «Остона» маҳалласига қуриб қўяқолишган кўринади. Тўғри, «Остона» маҳалласида бошқа ҳудудларга қараганда аҳоли сони кам (860 нафар). Аммо шу аҳолининг ҳам фарзандлари шаҳардаги тенгдошлари қатори яйраб-яшнаб ўқишни хоҳлашади. Бунга уларнинг тўла ҳақи борлигини  ҳеч ким инкор этолмайди. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, мактаб ўқувчилари яйраб ўқиша олишмаётгани уларнинг юз-кўзидан шундоққина билиниб турибди.

Мактабда 27 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради.

— Мактабга спорт зал ва қўшимча бинолар қуриш ҳақида жуда кўп жойларга мурожаат қилганмиз, ҳолинг не, деб келувчиларга айтдик. Лекин ҳозирча натижа йўқ, — дейди шу мактаб ўқитувчиси Баҳодир Шарипов.

Аҳоли сони йил сайин ўсиб бораётир. Мактабга эса яна қўшимча хоналар, (қўшимча блок) спорт зал керак. Аммо бу қачон қурилади, мактабнинг қаерига қурилади — бунисиям қоронғу. Чунки мактабнинг теварак-атрофида қўшимча бино қургудек бўш жойнинг ўзиям йўқ. Хуллас, муаммо устига муаммо.

«Қўшимча блок» муаммоси

Хизмат тақозоси билан Гурлан, Шовот, Қўшкўпир, Урганч туманларидаги умумтаълим мактабларини айландик. Гурлан туманидаги 30-умумтаълим мактаби «Нурли йўл» ва «Пахтакор» маҳаллаларидаги ягона таълим масканидир. Унда 34 та синфда 1020 нафар ўқувчи таълим-тарбия олишмоқда. Ўзи асли 720 ўринга мўлжалланган мактаб. Синф хоналари етишмаслигидан мактабнинг йиқилишга тушган эски биносидан ҳам фойдаланишга тўғри келяпти. Мактаб раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан гаплашганимизда, улар мутасадди ташкилотларга мактабга қўшимча блок қуриш ҳақида мурожаат қилишганини таъкидлашди. Аммо ҳанузгача ижобий натижа йўқ.

Шовот туманидаги 28-сон умумтаълим мактабида ҳам аҳвол юқоридагидек. Мактабнинг эски биносидан фойдаланиб дарс ўтилаётир. Бошқа илож йўқ. Сабаб кундай равшан: хона етишмаслиги. Урганч туманидаги 26-сон умумтаълим мактабида 447 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Аммо мактаб атиги 210 ўринга мўжалланган.

Урганч туманидаги 14-сон мактаб 2016 йили эски мактаб ўрнида янгидан бунёд этилган. Мактаб замонавий, чиройли. Илм маскани атрофлари  чиннидай тоза. Кўрганнинг баҳри-дили яйраб кетади. Аммо мактабнинг қурилишида аҳоли сони ва демографик ўсиш, яқин келажакда таълим муассасасига бўлган эҳтиёж инобатга олинмаган кўринади. Мактаб 540 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозир унда 900 нафардан зиёд ўқувчи ўқимоқда. Мактабга ҳатто спорт зал ҳам қурилмаган. Ана муаммо...

Гап эгасини топса…

Билим даргоҳлари раҳбарлари, ўқитувчи ва ўқувчилар мактабларда зарурий ўқув хоналари мавжуд эмаслигидан шикоят қилиб, қийналишаётган бир вақтда бошқа бир мактабда вазият тамомила бош­қача. Гурлан туманидаги 25-сонли умумтаълим мактабини капитал таъмирлаш пайтида «энди бундай катта мактаб керакмас», деб бинонинг бир қанотидаги синф хоналарини олиб ташлашган. Бугунга келиб эса, мактаб жамоаси хона етишмаслигидан азият чекишмоқда. Узоқни ўйламай қилинган тадбир эндиликда жуда қимматга тушмоқда. 

Бундай мактаблар кўпгина туманларда бор. Уларнинг баъзиларида, спорт зал қурилмаган бўлса, баъзиларида тадбирлар зали, махсус фан хоналари, лобаратория хонаси, айрим мактабларда эса ошхона йўқ.

Биз юқорида таъкидлаган умумтаълим мактаб­ларига қўшимча равишда бинолар қуриб берилмас экан, яна уч-тўрт йиллардан кейин аҳоли кўпайиб ўқувчилар бу мактабларга умуман сиғмай қолиш эҳтимоли мавжуд. Туман ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудларидаги мактаблар ҳолидан хабар олиб, бу каби муаммоларга ечим топишади, деган умиддамиз.

Журналистнинг вазифаси халқнинг дардини катта минбарларга олиб чиқиш. Жойлардаги муаммоларни раҳбар ва мутасаддиларга етказиш. Зеро, мутасаддиларнинг мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан аниқ ва мақсадли амалий ишга киришиши уларнинг виж­донига ҳавола.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

журналист

P.S.:

Мақолада кўтарилган муаммо бир қарашда ҳаммага таниш. Сабаби, мактаб ва контингент номутаносиблиги, ўқишнинг икки сменада ташкил қилиниши деярли барча ҳудудларда учрайди. Мактабнинг тор ёки кенглиги ҳам балки у қадар катта аҳамиятга эга саналмас. Лекин мактабларда тегишли фан хоналарининг йўқлиги, айниқса, камсонли ўқувчилар гуруҳига мўлжалланган дарсларнинг умумий тарзда гуруҳларга ажратилмасдан ўқитилиши, ўқувчилар  лаборатория хонаси нималигини билмасдан мактабни битириб кетиши албатта кичик муаммо эмас.

Қолаверса, бугун Учинчи Ренессанс арафасида фарзандларимизнинг жисмонан бақувват, маънан бой тарзда камол топиши энг муҳим омил саналмоқда. Туман ва қишлоқларда болалар ҳеч-йўқ мактабда спорт-соғломлаштириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирларга жалб қилинмаса, ўқув фанлари бўйича етарли сабоқ ололмаса, масала янада ўткирроқ тус олади.

Шу маънода жонкуяр журналист эътиборимизни қаратаётган мазкур масала жуда жиддий ва ўринлидир. Зеро, бу каби муаммоларга биргаликда ечим топиш, фарзандлар келажаги — юрт истиқболи учун қайғуриш ишига ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак.

 




Ўхшаш мақолалар

Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

🕔16:45, 04.06.2026 ✔30

Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

Батафсил
Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

🕔16:01, 21.05.2026 ✔218

Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

Батафсил
Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

🕔15:56, 21.05.2026 ✔215

Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

    Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

    Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

    ✔ 30    🕔 16:45, 04.06.2026
  • Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

    ✔ 218    🕔 16:01, 21.05.2026
  • Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

    Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

    Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

    ✔ 215    🕔 15:56, 21.05.2026
  • «Матонат  мадҳияси»

    «Матонат мадҳияси»

    Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ­шукуҳи кўнгилларга чўғ солган­ ҳолда оламга илиқлик ­уруғларини сочиб кезиб юрибди.­ ­Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбин­гизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги­ ­жасоратларни юракдан ҳис ­қилиш учун бир маскан ­излаётган ­бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – ­ муҳташам Ғалаба боғи!

    ✔ 343    🕔 09:15, 08.05.2026
  • Амалиёт илмга асосланса  самара  беради

    Амалиёт илмга асосланса самара беради

    Замон шиддат билан илгариламоқда. Кечагина ахборотни газета саҳифалари ёки эфир орқали қабул қилган жамият бугун уни бир вақтнинг ўзида видео, аудио, инфографика ва турли рақамли платформалар орқали истеъмол қилмоқда. Ахборот майдони кенгайди, имкониятлар ортди. Аммо бу кенгайиш ўз-ўзидан янги бир масъулиятни, тезлик ортидан қувиш жараёнида ишончлиликни йўқотмасликни ҳам талаб қилади.

    ✔ 514    🕔 08:53, 23.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар