Табиат      Бош саҳифа

Шов-шувли «Нефрит» кўли

Аномал иссиқ туфайли унинг суви қуриб қолгани ҳақидаги гап-сўзлар қанчалик ҳақиқат?

Шов-шувли «Нефрит» кўли

Мамлакатимиз ҳудудида сўнгги кунларда кузатилган аномал иссиқ ва у келтириб чиқарган муаммолар талайгина. Электр энергияси таъминотидаги узилишлардан тортиб, офтоб уриши, қон босимининг ошиши натижасида аҳоли орасида тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёж сезиларли ошганининг ўзиёқ табиат ҳукми жиддий эканидан дарак беради. Иссиқ ҳаво оқими табиатга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Хусусан, одамлар орасида «Нефрит кўли» номи билан машҳур бўлган Урунғоч кўлининг қуриб қолгани ҳақида шов-шувли лавҳалар тарқалди.
Аслида бутун дунёда кузатилаётган қурғоқчилик, қўшни Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистондаги яйловларнинг қуриши билан боғлиқ ҳолатлар айнан аномал иссиқ сабабли юзага келмоқда. Гидрометеорология хизмати марказининг хабар беришича, шу кунларда кузатилган ҳарорат уч аср аввалги кўрсаткичдан ҳам юқори бўлди. 2021 йил 6 июнь куни 42,6 даража иссиқ қайд этилди. Бунга қадар 1811 йилда 38,5 даража ҳарорат кузатилган. Шунингдек, 1894 йили кузатилган 39,7 даража максимал кўрсаткич бўлиб келган.
Ана шундай иссиқ ҳарорат қайд этилган бир вақтда, кўл суви тўлганида майдони тўрт гектарга бормайдиган Урунғоч кўли билан боғлиқ вазият ҳатто қатор хорижий ОАВлар эътиборидан четда қолмади.

Мўъжизавий кўл ҳақида нималар маълум?
Бу каби сув ҳавзалари дунёда бармоқ билан санарли. Урунғоч кўли Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг тоғли Пистон қишлоғи ҳудудида жойлашган. У 1966 йилда ҳудудда содир бўлган зилзила оқибатида вужудга келган. Кичикроқ қоя йиқилиб, табиий тўғонни ҳосил қилган ва ўта тиниқ ҳамда совуқ сув чиқадиган бир неча булоқлардан ҳосил бўладиган жилғалар йўлини тўсиб қўйган. Шу тариқа сув тўпланиши билан булоқларнинг ўзи ҳам кўл остида қолиб кетади.
Урунғоч кўли юртимизнинг энг гўзал гўшаларидан бири ҳисобланади. Кўл ўзининг гўзал ва бетакрор табиат манзараси билан сайёҳларда унутилмас таассурот қолдиради. Кўл икки қисмдан иборат бўлиб, биринчиси юқорида, иккинчиси пастроқда жойлашган. Бу ноёб табиий сув ҳавзаларининг суви фируза тусда бўлиб, айни важдан бу кўлларни «Урунғоч кўллари» деб аташади. «Урунғоч» сўзи уйғурчадан олинган бўлиб, «ёрқин нефрит» деб таржима қилинади. Нефрит кўли денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган. Кичик Нефрит кўлининг сув ҳарорати 7-8 даражадан ошмайди. Энг ажабланарлиси, унда балиқ ёки бошқа жонзот яшамайди. Кўлнинг эни 78 метр, узунлиги 350 метр ва чуқурлиги 10 метр атрофида. Нефрит рангдаги бу кўл Угам-Чотқол Миллий боғининг жавоҳири ҳисобланади.

Қуриб қолгани ростми?
– Дарҳақиқат, Урунғоч кўли кейинги йилларда аҳоли ўртасида ички туризм­ни ривожлантиришнинг бир йўналиши бўлиб келмоқда, – дейди Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассиси Нодиржон ЙЎЛДОШЕВ. – Бу ерга ҳар йили апрель-июнь ойларида кунига ўртача 300-500 нафаргача меҳмон ташриф буюради. Уларни кўл ва кўл атрофидаги такрорланмас, эртакнамо манзаралар, кўл сувининг ўта совуқлиги ва тозалиги жалб қилади. Кўлни «Нефрит» деб аталишига ҳам айнан сувнинг ўта тиниқлиги сабаб. Сув қанча кўп бўлмасин, туби кўриниб туради.

Кўл суви қайтади
Мутахассиснинг айтишича, жорий йил мазкур сув ҳавзаси ҳақида тарқалган гап-сўзлар ҳудуд табиати билан таниш бўлмаган одамлар томонидан тарқатилган. Зеро, бу кўл қуримаган. Унда мавсумий сув камайиши ҳолати содир бўлган, холос. Бу ҳар йили июль-август ойларида кузатиладиган табиий жараён. Кичик ёки пастки кўлдаги сув миқдори йил фаслларининг ва Урунғоч сойдаги сув миқдорининг камайиши натижасида ўзгариб туради. Август ойида эса пастки кўл қуриб қолади.
Кўлдаги мавсумий ўзгаришларни маҳаллий аҳоли ҳам, экологлар ҳам жуда яхши билишади. Кўлни ҳосил қиладиган булоқлар тоғдаги қорларнинг эришидан «озиқланади». Одат бўйича қор эриб тугаши билан булоқлар ҳам қурийди. Сув эса аста-секин сизиб, пастга, ер остига қайтиб кетади. Аммо келгуси баҳордан кўл яна қайта тикланаверади. Бунинг ҳеч бир ваҳима қиладиган жойи йўқ.
Эколог «Нефрит кўли»га кириш тақиқлангани тўғрисидаги хабарларга ҳам изоҳ берди. Айтишича, ҳеч қачон бу каби тақиқ қўйилмаган. Кўл билан чегарадош ўрмон хўжалиги қўриқхонасида тозалик кунлари эълон қилингани учун ўрмон хўжалигига кириш бир-икки кун тўхтатиб турилган ва ишлар якунлангач, яна йўл очилган. Кўлга эса бошқа томондан ҳам келиш имкони мавжуд.
Бугун аҳоли орасида ана шундай шов-шувли, миш-мишли хабарларга ишониб, ваҳима кўтариш, асл ҳолатни билмай туриб фикр билдириш ортиб бормоқда. Албатта ҳар ким ўз шахсий фикрини билдириш ҳуқуқига эга, бироқ холисликни унутмаслик лозим.

Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Тиббиёт чиқиндилари хавфли,  аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод  иш бошлади

Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади

🕔09:00, 08.09.2025 ✔13

Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.

Батафсил
Плоггинга  қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза  атроф-муҳит сари қадам қўйинг

Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг

🕔08:57, 08.09.2025 ✔14

Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.

Батафсил
CITES  50 йиллиги  Самарқандда:  табиат ва инсонлар  ўртасидаги кўприк

CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк

🕔17:37, 29.08.2025 ✔53

Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар