ёхуд чўғланма чироқлар савдосига чек қўйиш тўғрисидаги қарор нега ишламаяпти?
Эсингизда бўлса, қиш ойларида энергетика вазири Алишер Султонов энергияни тежаб ишлатиш, юртимизда тежамкор технологиялардан фойдаланиш масаласи оқсаётгани тўғрисида гапирган эди. Вазирнинг гаплари ижтимоий тармоқларда анчагина кескин муносабатларга сабаб бўлганди ўшанда. Аммо, бу борада у ҳақ эканини таъкидлаганлар ҳам кўп. Тежамкор технологиялар нафақат корхона ва ташкилотлар, балки аҳоли томонидан ҳам ҳали тўлиқ ўзлаштирилгани йўқ. Бу эса энергия таъминотидаги муаммолар кескин тус олиши билан бирга, экология, атроф муҳит муҳофазаси, атмосферанинг зарарли газлар билан ифлосланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Биласизми? Уйларимиз, кўчаларимиз, иш жойларимизни ёритиб турган оддий чироқлар, электротехниканинг бошқа воситалари ҳам ҳудди машиналар каби ўзидан маълум миқдорда зарарли газ ва бошқа элементларни чиқаради. Бутун дунёда автотранспорт шаҳарлар ҳавосини қандай зарарлаётган бўлса, ёритиш чироқлари келтираётган зиён ҳам ундан кам эмас.
Бу гапларга «чироқлар ҳам тутарканми?», деб ҳайрон бўлманг. Улар учун сарфланаётган электр энергиясини ишлаб чиқаришга минглаб тонна кўмир, ҳисобсиз газ, мазут ва бошқа турдаги углеводородлар ёқилишини тасаввур қилсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Фақат «чироқларнинг тутуни» шаҳарлар четида йирик ИЭСлар мўрисидан буруқсаб кўтарилаётган, паға-паға қоп-қора булутлар кўринишида она табиатга мислсиз зарар етказмоқда. Мазкур станцияларнинг биздан узоқроқда жойлашгани хавотирланмаслик учун асос эмас. Зеро, уларнинг тутуни шамол ва бошқа табиат ҳодисалари оқибатида барибир шаҳар ва қишлоқларимизгача етиб келади. Аммо биз эса бунга мутлақо эътиборсизмиз.
Ишламайди, сабаби...
манфаатдор йўқ
Масалан, мавжуд энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ва энергия ресурсларини тежашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги 299-сонли «Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига биноан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб чўғланма лампа маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланган бўлса-да, светодиот чироқлар ҳамон чўғланувчи вольфрамли лампочкаларни сотувдан сиқиб чиқаролмади. Афсуски, юқоридаги қарор ишлаётгани йўқ. Бозорлар, дўконлар расталарида 50, 100 Вт ва ундан юқори кучланишли бу каби чироқларни бемалол топиш мумкин. Ваҳоланки, битта чўғланувчи чироққа сарфланадиган энергия ҳисобига 10 та светодиот чироқ ёниб туради. Яъни битта хона ўрнига 10 та хонани ёритиш мумкин. Табиатга етказилаётган зарар ҳам ҳозиргидан 10 баробарга камаяди.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда вольфрамли чироқлар ишлаб чиқариш тўхтатилган. Бозор ва дўконлардагилари эса қўшни Қирғизистон Республикасидан импорт қилинади. Ўзимизда бир неча корхоналар турли хилдаги светодиот чироқлар ишлаб чиқаради.
Ким айбдор?
Хўш, ишлаб чиқарилиши ва савдоси тақиқланганига тўрт йилдан ошган чўғланувчи чироқлар нега ҳамон бозорларимизда эркин сотиляпти?
– Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилдаги «Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 40 Втдан юқори қувватга эга чўғланма лампаларнинг мамлакатимизда эркин муомалага чиқарилиши, сотилиши тақиқланган, – дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати ходими Ҳусанжон Тангриев. – Бизнинг ходимлар чўғланма лампаларнинг чегараларимиз орқали ноқонуний олиб кирилиши ва хуфиёна айланишига қарши тизимли ишларни йўлга қўйишган. Шунга қарамасдан, турли ноқонуний йўллар билан бу каби маҳсулотларни олиб киришга уринишлар ҳамон кузатиляпти. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Нукус шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.М. хорижда ишлаб чиқарилган жами 1000 дона (100 W қувват) электр чўғланма лампаларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Юқоридаги мазкур масалада амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми холос.
Ҳеч кимни танқид қилиш ниятида эмасмиз. Аммо мутасаддилар айтаётган гаплар бозорлардаги реал ҳолатга қарама-қарши. Истаган одам хўжалик дўконлари, қурилиш моллари бозорларида чўғланма чироқлар очиқчасига сотилаётганининг гувоҳи бўлиши мумкин. Тадбиркорлар катта-катта қутилардаги бу маҳсулотларни яшириб ҳам ўтиришгани йўқ.
Арзон ва қиммат
Ўн баробар тежамкорликка эришиш орқали оддий фуқаролар, корхона ва ташкилотлар, энергетика тизими, экологияга бирдек фойда келтирадиган светодиот технологиялар кутилганидек ўта оммалашиб кетмагани, бозор ва дўконларимизда ҳамон эски чироқлар харидоргир эканининг сабабларидан бири сифатида светодиот лампаларнинг қимматлигини келтириш мумкин. Масалан,
10 ваттли лампанинг улгуржи баҳоси 17 минг сўм. Худди шу вазифани бажарувчи 100 ваттли чўғланувчи чироқ эса 5 минг сўм.
Вужудга келган вазиятда нархларни арзонлаштириш масаланинг ечими бўла оларди. Аммо мамлакатимизда ЛЕД лампалар ишлаб чиқарадиган корхоналар кўп эмас. Билганимиз, узоқ йиллардан буён монополияда айбланиб келадиган ўша машҳур «Акфа» тизимининг «Акфа ЛЕД» корхонаси. «Акфа ЛЕД» тежамкор чироқлар масаласида давлатнинг деярли барча буюртмаларини бажариб келади. Жумладан, ҳозирда кўчаларимизга ўрнатилаётган янгича лампаларнинг асосий қисми ҳам ана шу корхона маҳсулотларидир.
Ўйлашимизча, соҳага кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни кенг жалб қилиш орқали бу турдаги ишлаб чиқаришни кўпайтирмай, корхоналар ўртасида рақобатни шакллантирмай айланма йўллар билан мамлакатимизга кириб келаётган исрофгар чироқлар йўлини тўсиб бўлмайди. Бажарилмайдиган қарорлардан эса табиатга ҳам, энергетика тизимига ҳам ҳеч бир наф йўқ.
Саида ИБОДИНОВА
Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади
🕔09:00, 08.09.2025
✔13
Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.
Батафсил
Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг
🕔08:57, 08.09.2025
✔13
Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.
Батафсил
CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк
🕔17:37, 29.08.2025
✔53
Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.
Батафсил