Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси
Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.
БатафсилЭкологик маданият ҳақида қайта-қайта сўз юритамиз, баландпарвоз гаплар қиламиз, мураккаб, илмий атамалар билан таъриф берамиз. Аслида-чи? Маданиятнинг бу тури биз ўйлаганимиз, таъриф келтирганимиз каби мураккабми? Йўқ, албатта! Экомаданият оддий, аммо салмоғи ва аҳамияти ниҳоятда катта тушунча. Уни кундалик ҳаётимизда арзимас деб билган нарсаларда кўрамиз, баъзан эътибор қиламиз, баъзан эса йўқ.
Ўрни келганда хорижни мақтаймиз, уларда маданият бундай, табиатга муносабат ундай, деб. Мисол учун аҳолиси энг кўп мамлакат – Хитойни олайлик. Кўчаларида одамлар ғуж-ғуж бўлса-да, аммо чиқиндига ботиб қолгани йўқ. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз? Шу ҳақда билиш учун Хитой Халқ Республикасининг Чжэцзян провинцияси Шаохинг университетида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Нигора МАТНИЯЗОВА билан суҳбатлашдик.
– Тўғри, бугунги кунда Хитой экологияси оғир, ҳавоси унчалик ҳам тоза эмас, бунга ишлаб чиқариш ва саноатнинг ривожланганлиги сабаб, – дейди Нигора Матниязова. – Бироқ бу халқнинг табиатга муносабати ўта эҳтиёткорона. Биласизми, шаҳарда ҳеч ким чиқиндини ерга ташламайди. Белгиланган жойгача қўлида кўтариб боришдан эринмайди. Университет, коллеж, мактаб ва ҳатто боғча болалари ҳам таълим олаётган синфи тозалигига беписанд бўлмайди. Ҳар бир аудитория ичида ва синфхонага кириш эшиги ёнида (залда) алоҳида-алоҳида чиқинди идишлари қўйилган. Ўқувчи ва талабалар қоғоз, пластик идишлар ва бошқа чиқиндиларни чиқинди идишларига солишади ва бу одатга айланган. Ҳеч ким парта устига, токчага ёки ерга чиқинди қўйиб кетмайди. Борди-ю шундай қилган тақдирда бошқа ўқувчилар уни олиб, керакли жойга ташлашади. Шу сабабли фаррошлар хоналарни тозалашда қийинчиликка учрамайди.
Очиғи ўзим ҳам юртимиз Ўзбекистонда бир неча йиллар давомида лицейда математикадан дарс берганман. Ҳар гал дарсдан сўнг ўқувчилар қолдирган чиқиндиларни йиғиб чиқардим.
Қанча айтсам ҳам бефойда, шу ҳолат такрорланаверарди. Баъзан танаффусда болалар «баклажка»ни тепиб ўйнашарди, парта тагини писта пўчоқлари, қоғоз-у пакетлар билан тўлдириб кетишарди. Фаррош ҳар кун жаҳл билан чиқиндиларни йиғиб оларди...
– Хитойликлар фарзандларига экологик тарбияни қандай сингдиришади?
– Буни аввало оиладан бошлашади. Эндигина юришни ўрганган болага «ўзинг кийимингни йиғ, бу ерга қўй, буни ол, буни ана у идишга сол» дея ўргатишади. Биз эса «ҳали кичкинаю, болада, тўзғитиб ташласа ташлабди-да» деб илк тарбияни хатодан бошлаймиз. Рефлексларни нотўғри шакллантирамиз ва улғайганида «айтганимни қилмаяпсан», деб уришамиз.
Хитойда экологик тарбияни шакллантиришда мактабгача таълим муассасаларининг роли ҳам ниҳоятда катта.
– Хитой боғчаларида айнан қандай методлар орқали болаларнинг табиатга, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабати шакллантирилади?
– Хитойда боғча шунчаки кунни ўтказувчи ўйин маскани эмас, аксинча илк таълим манбаидир. Бу ерда махсус дастурлар тузилган бўлиб, болаларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати таҳлил қилинади. Масалан, сув ичдингми ўз идишингни чайиб, жойига қўй. Ширинлик едингми, унинг қоғозини махсус чиқинди идишга сол. Шунингдек, қайси идишга қандай чиқиндини ташлаш ҳақида алоҳида сабоқ берилади. Бундан ташқари танаффусда болалар боғча ҳовлисига олиб чиқилади ва гулларни томоша қилиш, ҳидлаш, хона гулларига сув қуйиш каби ишларни бажаришади. Гулни узиш, пайҳон қилишнинг қанчалар ёмон, хунук ишлиги, бундай иш қилган бола тарбиясиз деб қаралиши ва тенгдошлари уни «ёмон бола» дея сафига қўшмаслиги мумкинлиги ҳақида уқтиришади.
Мавсумга қараб, «уруғ экиш» машғулотига ҳам болаларни жалб қилишади. Ҳар бир бола олдиндан тайёрланган ерга, гул уруғини оҳиста сепади ва устига тупроқ тортади. Буни ҳамма навбати билан бажаради. Ҳар ҳафта гуллар униб чиққанлиги, ўсаётганлигини кўриш учун ўша майдончага борилади. Ўз-ўзидан бу болаларда табиатга меҳр уйғонади. Ўз қўли билан эккан, униб чиққан ниҳолни кўриб завқланади.
– Хитойга борганингизда билмасдан экологик тартиб-қоидаларни бузган пайтларингиз бўлганми?
– Очиғи хорижда таҳсил олаётган кўплаб юртдошларимиз бунга дуч келган бўлса керак. Қўлимиздаги арзимас бир кераксиз чиқитни дуч келган жойга отиб юбориш «одати» афсуски бизда ҳам шаклланиб қолган, бироқ атрофдагилардан кўриб, буни ўзгартириш мумкин экан. Жамият, атрофдагилар қилаётган ишга қараб, ўз қилмишимиздан уялишни ўрганамиз аслида.
Бир куни ўзбекистонлик талабалар бирга кабоб пиширамиз деб йиғилишдик. Олдиндан гўшт ва кўмир сотиб олинди. Мен ҳам «Хитойда кабоб пишириш қандай бўларкан» деб қизиқдим. Ҳаммамиз скутерда тоққа йўл олдик. Тоғ унчалик узоқ эмасди, 20 дақиқада манзилга етдик ва юқорига пиёда кўтарилдик. У ер саёҳат қиладиган, дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган табиий, муҳофаза этилган ҳудуд эди. Тоғнинг этаги боғ, катта ва ноодатий дарахтлар кўп бўлиб, турли ҳайвонлар, қушлар ўзига макон қилганди. Биз ана шу ерда тўхтадик ва шох-шабба йиға бошладик. Йигитлар тошлардан қўра ясашди. Ўт ёқилди, сихга тортилган кабоблар чўғ устига қўйилди. Кўмир тайёр бўлиши учун анча олов ёқилгани боис, тутуни юқорига кўтарилганди ва буни атрофдан кузатиш мумкин эди.
Одатдагидек бу ҳудуд дам олишга чиққан, табиатсеварлар билан гавжум эди. Шу пайт тутунни кўриб, ўт чиқди деб ўйлаган хитойликлар ёнимизга етиб келишди. Ўзларининг тилида нима қилаётганимиз, бу ерда олов ёқиб бўлмаслиги, дарахтлар тутундан заҳарланиб, қуриб қолиши мумкинлиги, ёнғин чиқиш эҳтимоли борлигини айтишди. Юз-кўзимиздан хорижлик эканимиз кўриниб турарди, шу боис гап орасида «тинг де донг ма?» яъни «тушундингми?» дея қўшиб қўйишарди. Мен хитойчани нисбатан яхшироқ билганим учун нима қилаётганимизни тушунтиришга уриндим. Хуллас кабоб тайёр бўлай дегани ва беш дақиқада оловни ўчириб, тупроқ билан кўмишимиз, бошқа бундай қилмаслигимизни айтиб узр сўрадим. Хорижлик бўлганимиз ва кўп нарсани билмаслигимиз сабабли полицияга қўнғироқ қилмасликка рози бўлишди, бироқ оловни ўчиргунимизча шу ерда кузатиб туришди, сўнг йўлда давом этишди.
Ўша кун кабоб хомроқ пишди. Бундан хафа эмасдик, асосийси қоидани бузиб, табиатга зарар етказганимиз учун жазоланмагандик.
– Сиз таҳсил олаётган шаҳарда кўчалар тозалиги қандай? Умуман тозалаш ишларини қандай йўлга қўйишган?
– Хитой ҳақиқатдан ҳам ривожланган мамлакат.
У ерда кўчаларни ободонлаштириш бошқармаси ходимлари супуриб юрмайди. Супуриш, сув сепиш ишларини фақат махсус машиналар бажаради.
Уч хил усулда кўчалар тозаланади. Биринчиси, пиёдалар, велосипед ва скутер йўлакларини супуриб, сув сепиш ва бу ишни кичик машиналар бажаради. Иккинчиси, асосий транспорт йўлларига сув сепувчи махсус машиналар бўлиб, об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар барча кўчалар «ювилади». Ёмғир ё қор ёғса ҳам, шамол бўлса ёки кун жуда исиб кетса ҳам бу машиналар кунлик ишини қилади. Учинчиси, ҳаводаги чанг ва бактерияларни тозалашга хизмат қилувчи махсус сув пуркаш ҳисобланади. Буни махсус машина юқорига қаратилган йирик труба ёрдамида хлорли сувни шудринг мисол ҳавога сепиш орқали бажаради. Асосийси ҳаво ҳам, ер ҳам тозаланади.
– Хитойда аҳоли ердан қандай фойдаланади?
– Ер ва экин майдонларининг етишмаслиги Хитой аҳолисининг кўплиги билан боғлиқ. Бироқ бу инсонларнинг яшовчанлигини, курашувчанлигини оширган. Масалан, одамлар қулупнайни тувакда етиштиришга ўрганган ва 4 фаслда ҳам бу маҳсулотни етиштириш имкони бор. Қолаверса, тошли, тик нишаблик ерларга ҳам экин экишади, бир қарич жойни бўш қолдиришмайди.
Биласизми, бир кун ўтган жойимиз тошлоқ бўлса, бир ҳафтадан сўнг у ерда ўсимликлар, биз номини билмаган экинлар униб чиққанини кўрганмиз. Яна маълум муддатдан сўнг экинни йиғиб, ўрнига бошқа махсулот экишарди. Экинга сув қўйиш эҳтиёжи бўлмасди, боиси ёғингарчилик кўп эди. Фақат атрофини бегона ўтлардан тозалаб туриш кифоя қиларди. Очиғи, ердан бу қадар унумли фойдаланадиган халқни кўриб, қишлоқда бўш ётган томорқамиз кўз олдимга келади. Ана шундай жиҳатлар борки, биз ўрнак олсак, юртимизда татбиқ қилсак арзийди.
Дарҳақиқат, атроф муҳит муҳофазасида ривожланган мамлакатлар тажрибасини кузатсак, керакли жиҳатларини ўргана олсак, келажакда яшил масканларимиз, обод манзилларимиз кўпаяди. Халқнинг экологик маданияти янада ўсади. Айниқса буни оила ва мактабгача таълим муассасасиданоқ бошлаш, ўрнак бўлиш келгусида вужудга келиши кутилаётган кўплаб экологик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.
БатафсилЙўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.
Батафсил19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Батафсил