Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Сиртмоққа айланаётган электрон қимор

Тезкорлик билан ривожланаётган ҳаётимизни бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кийим кечаклар-у, бозор-ўчар, такси чақиришдан тортиб, таом буюртиришгача ҳамма-ҳаммаси интернетда ҳозиру нозир.

Сиртмоққа  айланаётган  электрон қимор

Қўлимиздаги гаджетлар энг қулай дастёрга айлангани,  бу қулайликлар вақтимизни тежашга хизмат қилаётгани рост.

Баъзан ишдан, ўқишдан чарчаганимизда мияга дам бериш илинжида қўлимиздаги телефонга термулиб, ҳар хил ўйинлар ўйнаймиз. Бир қарашда уларнинг зиёни йўқдек, барча-барчаси инсоннинг фойдасини кўзлаб ихтиро қилингандек кўринади. Аммо танганинг иккинчи томони бўлгани каби, бу мобиль ўйинларнинг ҳам инсон ҳаётини буткул издан чиқарадиган, ҳаттоки уларнинг ўлимига сабабчи бўладиган турлари бор. Хусусан, бугунги кунда анчайин шов-шувларга ва айримлар ҳаётига нуқта қўйлишига сабаб бўлган электрон қимор ҳақида эшитган чиқарсиз.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Фарғона давлат университети ўқитувчиси онлайн қимор ўйинида 57 млн. сўм миқдорида пул ютқазиб қўйганлиги ва ўз жонига қасд қилганлиги ҳақида хабар тарқалган эди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 17 ноябрь куни соат 16:00 лар чамасида Андижон вилояти Шаҳрихон тумани «Бўстон» маҳалласида истиқомат қилган Б.Раҳимов (Фарғона давлат университети ўқитувчиси) мазкур ҳудудда жойлашган қабристон айвонида осилган ҳолда топилган. Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Б.Раҳимов букмекерлик компанияси орқали таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларини ўйнаб келган, 16 ноябрь куни Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Хуршидбек исмли шахсдан 18 ноябрь куни қайтариб беришни ваъда қилиб 57 млн. сўм миқдорида қарз олгани ва бу пулларни онлайн ўйинларда ютқазиб қўйгани аниқланган.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Фарғона вилояти Данғара туманида истиқомат қилувчи 28 ёшли йигит ҳам онлайн қимор ўйинида 16 млн. сўм ютқазиб қўйиб, ўз жонига қасд қилганлиги тўғрисида Daryo.uz сайтига хабар жойланди.

Айни қирчиллама, тоғни урса талқон қиладиган ёшда қандай юрак ютиб Аллоҳ берган азиз неъмат – жонига қасд қилишгача боряпти бу йигитлар?

Нима учун шунча қурбонлар, фалокатлар бўла туриб, яна онлайн қиморни ташкил қилиш тарафдорлари топилмоқда.

Наҳотки шунча ўлим уларга дарс бўлмаяпти?!

Гирдобига тушсангиз тамомсиз...

«Мен ҳам онлайн қимордан куйган одамман. Ўзим Россияда, Нижневартовскда ишлайман. Ҳаммаси, мени кимдир телеграмда оналйн қимор ўйновчилар каналига қўшиб қўйганидан бошланган. Ойлик маошларимни ечмасдан картамда сақлардим. Ўйнашни бошлаганимда картамда 420 минг рубль пул бор эди, икки кунда 420 мингни 600 минг рубль қилиб кўпайтирдим. Қизиқишим кучайиб ўйинга кўп-кўп пул тикишни бошладим. Орада 10-15 минг рубль ютқаздим. Ютқазган пулларимни қайтариб олишим керак деган фикр мени тинч қўймасди. Кечалари ухламасдим. Охир-оқибат бор-будимни ўша қимор ўйинида ютқазиб қўйдим. Ютқазган пулларимни қайтариш мақсадида укамдан 450 доллар қарз олиб, кўп ўтмай уни ҳам бой бердим. Ўзимга ўзим энди қайтиб бу ўйинни ўйнамайман дея қасам ичдим ва шу йилнинг январь ойи­да Россияга ишга қайтдим. Пул тўплай бошлашим билан шайтон йўлдан уриб яна ўша қиморга пул тика бошладим. Уйимга бир сўм ҳам пул юборолганим йўқ. Кечагина яна 110 минг рубль ютқаздим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмаяпти. Ишимиз оғир, қийналиб ишлаб топган пулларимни бой бердим. Жами ҳалол ишлаб топиб ютқазган пулим 530 минг рубль, долларга ҳисобласак 7300 доллардан ошиқроқ пул дегани. Ўзбекистонда тақиқлаш керак бу лаънати ўйинни. Бошқа таваккалчи ёшлар ҳам менга ўхшаб куйиб қолишмасин», – деб ёзади ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида мусофирликда юрган йигит.

Яқинда Тошкентда биринчи Ўзбекистон iGaming Affilate Conference конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий ҳомийси букмекерлик компанияси экан. Уларнинг иддаосича, онлайн қимор спортнинг ривожланишига ёрдам берармиш. Қизиқ, юзлаб, минглаб одамларни хонавайрон қилиб, ўз жонига қасд қилишгача сабаб бўлаётган нарса спортни ривожлантириши мумкинми? Нега зўр бериб онлайн қимор тарғиб қилиняпти? Ёки мамлакатимизда онлайн қимор ўйинларини ташкил қилишга рухсат берувчи қонун амалга кирдими?..

Ими-жимидаги «рухсат»

Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида 2021 йил 1 январдан бошлаб халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган. Бироқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан маълум қилинишича, букмекерлик фаолиятини тартибга солиш бўйича қонун қабул қилингани йўқ.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг хабарига кўра, жорий йилнинг март ойига қадар Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирон-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаган. Ўзбекистонда букмекерлик компаниялари учун лицензия бериш ҳуқуқига эга Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги эса 2021 йил 1 майда тугатилган. Унинг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилган.Аммо айни пайтда бу қимор ўйинларининг расмий сайти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу сайтга кириш, рўйхатдан ўтиш ҳамда  букмекерлик иловасини юклаб олиш ҳам мумкин. Рўйхатдан ўтиш бонуси эса бир одамга 1 млн. 300 минг сўм экан.

Сайтда ёзилишича, ушбу букмекерлик компаниясининг асосий фаолияти – спорт ўйинларига, турли муҳим воқеаларга гаров тикишга бағишланган. Хуллас, ушбу сайтда таваккалчиликка асос­ланган қимор ўйинлари ҳақида батафсил маълумот берилган.

Хўш, юқорида таъкидланганидек, букмекерлик ва тотализаторлик фаолиятини амалга ошириш учун ҳеч кимга лицензия берилмаган бўлса, уларнинг фаолияти ноқонуний бўлса, унда нега сайтнинг яна .uz доменида фаолият юритишига рухсат берилган?

Электрон қиморга қонуний чора борми?

Афсуски, бугунги кунда букмекерлик фаолияти ноқонуний эканлигига қарамай, Ўзбекистонда ҳам онлайн-букмекерлик бозори, айниқса, ёшлар орасида спортга пул тикиш (беттинг) оммалашиб бормоқда. Бунинг оқибатида оилавий низолар, юқоридаги каби турли хил кўнгилсиз ҳодисалар юзага келмоқда. Бу борада мутасаддилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунларига букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Ўйлаймизки, тез орада қонун қабул қилиниб, букмекерлик ва тотализаторлик фаолияти тартибга солинади.

Назаримда, бундай таваккалчиликка асосланган ўйинлар орқали нафақат катталарни, балки ёш авлодни ҳам ишламасдан бойиб кетишга ўргатиб қўяётгандаймиз.

Айниқса, «Борига Барака», «Омад шоу» каби сон-саноқсиз «омадли» ўйинларнинг ишқибози кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса келажак авлод учун жуда хавотирлидир. Катта пул тикиладиган таваккалчилик асосидаги қимор ўйинлари эса янада жиддий ўйлашга мажбур этади. Негаки, ана шундай ўйинлари оқибатида инсонлар ўз ҳаётига нуқта қўймоқда. Хўш, сиз нима дейсиз?

Ҳозирги замонда тобора урчиб, кўпайиб бораётган, ҳар қандай ижтимоий тармоқдан фойдаланмоқчи бўлсангиз лип этиб, “ўйнанг ва миллионерга айланинг” дея ўзини реклама қилаётган қимор ўйинларидан эҳтиёт бўлишимиз, яқинларимизни, фарзандларимизни бу каби ҳаром ўйинлар гирдобига тушиб қолишдан сақлашимиз лозим. Акс ҳолда…

Мансурбек ЖАББОРОВ,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔81

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар