Саломатлик      Бош саҳифа

Доривор ўсимликлар соғлиқни сақлашда қачон кенг ўрин эгаллайди?

Салгина шамолласак ҳам, бошимиз оғриса ҳам дорихонага югуришга ўрганиб қолганмиз. Чет элнинг бир неча турдаги қимматбаҳо тиббий дори воситалари ҳақида икки оғиз мақтов эшитиб қолсак, дарров сотиб оламиз. Аммо россиялик машҳур шифокор Александр Месняковнинг айтишича, аксарият ҳолларда бундай дори-дармонлар қанчалик натижа бериши умуман исботланмаган.

Доривор  ўсимликлар  соғлиқни сақлашда қачон кенг ўрин эгаллайди?

Аслида ҳар қандай хасталикнинг давоси – табиатнинг ўзида. Фақатгина табиат неъматларидан тўғри ва оқилона, ўз ўрнида фойдаланиш керак. Қадим-қадимдан халқ табобатида кўплаб касалликлар доривор гиёҳлар ёрдамида даволанган. Тиббий дорилар эса жуда зарурат бўлганда қўлланилиши мақсадга мувофиқ. Чунки ушбу препаратлар бир касалликни даволаса, бошқа томондан организмга зарарли бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, доривор ўсимликларга бойлиги бўйича Тибет дунёда биринчи ўринни эгалласа, кейинги ўринда Марказий Осиё туради. Яна айнан Ўзбекистон доривор гиёҳларга бой ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, Сурхондарёнинг Узун, Сариосиё туманларида 1200 дан ошиқ доривор ўсимликлар учрайди. Лекин нега касалликларни даволашда кўпроқ хориждан келтирилган дориларга мурожаат қиламиз? Аниқроғи хўрозқанд чет элники деса, ётиб ялашга тайёрмиз.

Шу ўринда юртимизда доривор ўсимликларни кўпайтириш, даволовчи воситаларга айлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда, деган савол туғилади.

Қисқа вақтда катта ютуқлар

Таъкидлаш жоизки, доривор ўсимлик­лар фақат тоғдан, даладан терилмайди, балки маданий экин сифатида етиштирилиб, фармацевтика саноати корхоналарига етказиб берилади. Соҳа мутасаддиларининг айтишича, ҳозирги кунда экин майдонлари ва маҳсулотларни икки бараварга ошириш бўйича иш олиб бориляпти. Аммо муаммолар ҳам етарли. Мисол учун, ширинмия деган ўсимлик бор. Хоразм ва Қорақалпоғистонда кўп етиштирилади. Жуда фойдали хусусиятларга эга. Хитой ва Японияда ўпка касалликларини даволашда самарали қўлланилади. Афсуски, бизда уни фақат йиғиштириш билан шуғулланилади. Бу ўсимликни қайта ишлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб турибди.

– Марказимиз ташкил топганига бир йил ҳам тўлмаган бўлса-да, бу ерда илмий асосларда доривор ўсимликларни етиштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти, – дейди Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази директори ўринбосари Зокир Тошматов. – Доривор ўсимликларни етиштириш, уруғчилик, селекцияга қаратилган тўртта лаборатория ишламоқда. Шу билан бирга, доривор ўсимликларнинг фитокимёси ва стандартизацияси лабораториясини ҳам ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда ушбу турдаги ўсимликларни етиштириш ҳажми ўсган. Мисол учун, 2017 йилда доривор ўсимликлар маданий плантациялари 1 885 гектар майдонни ташкил қилган бўлса, 2021 йилга келиб бу 4 минг гектарга етказилди. Беш йил аввал 1980 тонна хомашё етиштирилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 7 минг тоннани ташкил этмоқда. Бу нарса доривор ўсимликлар турларини кўпайтиришда ҳам акс этмоқда. Яъни 2017 йилда 32 турдаги доривор ўсимликлар маданий плантацияларида етиштирилган бўлса, ҳозирга келиб бу 64 турга етган.

Илмий тадқиқотлар натижаси қандай?

Доривор ўсимликлардан фармацевтика саноатида фойдаланишни кенгайтириш бўйича соҳада 2022-2026 йилларга мўлжалланган режалар мавжуд бўлиб, плантацияларни кўпайтириш, илмий тадқиқотларни кучайтириш каби вазифаларни ўз ичига олади. Айни пайтда илмий лабораторияларга хорижда малака ошириб келган ёш мутахассислар ишга қабул қилинмоқда экан. Юқори салоҳиятга эга бўлган умидли олимларимиз Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли нуфузли илмий муассасалар, жумладан, Ўсимлик моддалари кимёси институти, Биоорганика институти билан ҳамкорликда иш олиб боряпти. Демак, яқин йилларда аҳоли саломатлиги учун доривор гиёҳлардан кенг фойдаланилишига умид қилсак бўлади.

Етиштирадиган доривор маҳсулотларимизни сифатли, жаҳон бозори талабларига мос қилиб қадоқлаш, қайта ишлаш бўйича ҳам ҳаракатлар бор. Хуллас, илмий тадқиқотлар амалга ошириляпти. Янги турдаги – годжи, гава, папайя, лаванда каби ўсимликлар бўйича илмий тадқиқотлар йўлга қўйилган.

Ҳали олдинда вазифалар кўп

Асосий масала – аҳолининг табиий дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш, соҳа самарадорлигини ошириш ва экспорт потенциалини кучайтиришдир. Бу эса соҳа мутахассисларининг ҳамкорлигини кенгайтириш, бу борада истиқболли ташаббусларни амалга оширишни талаб этади.

Юртимизда сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ таҳлиллар доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Яна бир жиҳат – доривор ва зиравор ўсимликларни Қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритиш, оналик майдонларини барпо этиш, кўчатчилик ва уруғчилик тизимини яратиш, доривор ўсимликлар етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш соҳа ривожига замин яратади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур йўналишдаги ишлар тизимли йўлга қўйилса, фармацевтика корхоналари ва доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерларнинг маҳсулотларга талаб ва таклиф муносабатлари тартибга солинади. Фармацевтика саноатини хом ашё билан таъминлаш билан бирга, экспорт салоҳияти ҳам кучаяди.

Шу билан бирга, жамоат жойларида махсус фитобарлар ташкил этишга доир ягона тартибни ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Бунда доривор ўсимликлар хусусиятларини инобатга олиб, тавсия этиладиган тоифалари ва истеъмол меъёрларини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Соҳа истиқболлари

қандай? Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази ҳам мавжуд.

– Сурхондарё, Бойсун, Қизириқ, Узун, Боботоғ ҳамда Ҳисор ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликларида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари барпо этиш режалаштирилган, – дейди биз билан суҳбатда Сурхондарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Олим Муҳаммадиев. – Маданий ҳолда етиштириш йўлга қўйилган доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар – аччиқ бодом, анзур пиёзи, зирк, макка попуги, мойчечак, наъматак, тирноқгул, тожик коврак, топинамбур, чаканда, чилонжийда каби табиат неъматларига талаб жуда юқори.

Ҳозирги вақтда доривор ўсимликларнинг тури кўпа­йиб, халқ табобати шифобахш ўсимликлар билан тобора бойимоқда. Доривор ўсимликлардан кўпроқ, анор, аччиқмия, бодом, дўғбуй, доривор гулхайри, ёнғоқ, жағ-жағ, зубтурум, исириқ, итбурун, омонқора, писта дарахти, сачратқи, чойўт, шилдирбош, ширинмия, шувоқ, янтоқ, ялпиз, кийикўт, тоғрайҳон, қизилча, қоқиўт ва бошқалар кенг тарқалган.

Ўзбекистон Республикасида биринчи марта 1973 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги хўжаликларда доривор ўсимликлар экила бошланган. Кейинроқ (1978 йилда) Наманган вилояти Поп туманида Поп номли доривор ўсимликлар ўстириладиган хўжалик ташкил қилинди. Бу хўжалик далаларида қалампир ялпиз, доривор мармарак (маврак), доривор тирноқгул, наъматак, аччиқ шувоқ (эрман), майда гулли тоғрайхон ва бошқа ўсимлик­лар ўстирилган.

Ҳозирги кунда доривор ўсимликларни ўстириб етиштирадиган махсус хўжаликлар Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларидаги ўрмон хўжаликлари томонидан ташкил қилинган бўлиб, уларда фармацевтик корхоналар талабига биноан тегишли ўсимликлар ўстирилмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент вилоятида доривор ўсимликларга ихтисослашган Қуйичирчиқ номли ихтисослашган хўжалик далаларида қалампир ялпиз, доривор тирноқгул, доривор мойчечак, наъматак ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириляпти.




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси:  Веломарафон –  экологик қадрият  ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси: Веломарафон – экологик қадрият ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

🕔09:01, 08.09.2025 ✔20

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Батафсил
Экологик хавфлар  аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

Экологик хавфлар аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

🕔08:49, 08.08.2025 ✔96

Ҳар бир ота-она соғлом, ақлли ва бахтли фарзанд орзусида яшайди. Бу орзуларнинг рўёбга чиқиши нафақат тиббий ёрдам, яхши овқатланиш ёки руҳий барқарорликка, балки бола дунёга келгунгача бўлган муҳит – яъни ҳомиладорлик пайтидаги ташқи таъсирларга ҳам бевосита боғлиқ.

Батафсил
Ошхонадаги  кичик  буюмнинг катта хавфи

Ошхонадаги кичик буюмнинг катта хавфи

🕔07:23, 04.08.2025 ✔118

Кўзга оддий ва аҳамиятсиз кўринадиган идиш ювиш губкаси аслида ҳар бир хонадондаги энг ифлос воситалардан бири эканини биласизми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар