Сайди Умиров ҳар нарсадан эзгулик қидирадиган, ҳар қандай ўзгаришни самимият билан қарши оладиган дилкаш инсон эди.
Кўрганларини яширмай ёзарди. Ғараз, ҳасад, нафрат ва ёмонликни билмасди. Унинг асарлари барчаси самимий. Устознинг самимияти улар танлаётган сарлавҳадан бошланарди ва буни ўқувчи мақоланинг энг охирги жумласигача ҳис қилиб турарди. Кўнгли жиз этмаган мавзуга қўл урмасди.
Сайди Умировнинг мақолаларида тилга олинган қаҳрамонларнинг барчаси қусур ва ясамаликдан холи одамлар. Устоз «Қаҳрамон жамиятда ўз ўрнига эга бўлмаса, унинг яхшиликларини эл-юрт билмаса, халқ тан олмаса, мақола ҳам кўнгилдагидек чиқмайди», дерди. Устоз умрининг сўнгги йилларида ҳам кексалик гаштини суриб юриши мумкин бўлган шароитларда фаоллиги бирмунча тортилиш ўрнига, аксинча, янада сермаҳсул ижод қилган. Ёши улуғ устознинг тетик ҳаракатлари, самимиятга йўғрилган чеҳраси атрофдагиларнинг завқ-шавқини келтириб, барчага тетиклик, бардамлик улашгани ҳам ҳамон ёдимизда.
Устоз шахматни жуда ҳам яхши кўрар ва яхши ўйнар эди. Кўпгина мусобақаларда қатнашиб, машҳур ижодкорлар билан беллашган. Таҳририятларда бўлганда ҳам шахматни яхши ўйнайдиганларни топиб, ўйин уюштириб юборарди. Баъзан ўйинга жуда қаттиқ берилиб кетганидан уйга эртароқ қайтиш ҳам эсидан чиқиб қоларди.
Сайди Умировнинг ёзганлари ўқувчи томонидан шунчаки ўқилмасди. Топиб айтарди ва топиб ёзарди. Сўзни сўзлатиб ёзадиган устозлардан бири эди.
Қарийб олтмиш йил
Ойлар УМИРОВА
(турмуш ўртоғи):
– Никоҳ тўйимиз 1961 йили 19 августда бўлган эди. Дадаси ҳаёт бўлганларида бу йил тўйимизга роппа-роса олтмиш йил тўларди. «Ойиси, келаси йил тўйимизга олтмиш йил бўларкан», дегандилар бир гаплашиб ўтирганимизда. Айтишга осону, аммо олтмиш йил катта муддат. Вақт жуда тез ўтиб кетгандек, назаримда.
...Саксондан ошсалар ҳам ҳеч бир жойда ўтирмасдилар, жудаям кўп сафарга чиқардилар, гап-гаштакларга борардилар. Шогирдлари қўймай «Устоз, гурунглашамиз», деб олиб кетишарди.
Болалар, неваралар билан ўтирганимизда «Биз ойинг билан чимилдиқда кўришганмиз» деб хандон отиб кулардилар. Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг, кўрмасдан, гаплашмасдан менга Яратганнинг ўзи шундай инсонни рўпара қилган. Ўзига беадад шукроналар айтаман. Шундай болафеъл, содда, самимий, меҳрибон инсон билан яшаганимдан, тақдиримдан мингдан-минг розиман.
Ибратли умр
Гулчеҳра КЕЛДИЁРОВА
(қизи):
– Дадам ҳаётнинг ҳар бир кунини муносиб кутиб олиш керак, ҳар бир куни учун шукр қилиш керак, деб таъкидлардилар. Бошимга синовли кунлар келганда ҳам тушкунликка тушмасликни, ҳар қандай қийинчиликни енгишни, кучли бўлишни, ҳаётни қадрлашни, ҳаётдан қувонишни дадажонимдан ўргандим. Ҳа, дадажоним биз – фарзандлари учун чинакамига ибрат намунаси эдилар.
«Штрилиц бўлиб кетинг-э...»
Воҳид УМИРОВ
(ўғли):
– Дадам ҳаётдан ҳикмат, инсонлардан фазилат қидириб яшардилар. Кўп меҳнат қилардилар, шунга яраша ҳордиқни ҳам жойига қўярдилар. Гурунг, суҳбатларда роса мириқардилар. Дадамнинг руҳиятлари ўта соғлом эди. 10-15 дақиқа мизғиб олай, деб қулай жой топиб, ёнбошлашлари билан ухлаб қолардилар. Бир муддат ўтгач, ростдан ҳам кўзларини очардилар. «Штирлиц бўлиб кетинг-э» деб ҳазиллашардик. Бемор ётган вақтларида шу соғлом уйқудан асар ҳам қолмади.
Шундай отанинг фарзанди эканимиз бизга катта масъулият юклайди. Шунга муносиб бўлишга интиламиз.
Кўнгиллар йиғлайди...
Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган «Сайди Умиров замондошлари хотирасида» китобининг тақдимоти ҳамда «Соғинч...» деб номланган маърифий тадбирда устоз ҳақида барча бирдек самимий фикрларини билдирди. Сайди Умировнинг шогирдлари, оила аъзолари, дўст-биродарлари устознинг инсонийлиги, ибратли фазилатлари, дилкашлиги, олим ва «яхшиликшунос»лиги хақида мисоллар келтириб, тўлқинланиб гапирди.
Ҳа, замон ўзгарди, давр ўзгарди, ижтимоий-сиёсий об-ҳаво, иқлим неча марталаб у ёндан-бу ёнга ағдарилди, эврилди. Журналистика соҳасида олий таълим тизими ислоҳотларни бошдан кечирди. Сайди Умиров эса ўзгармади. Юқорида санаб ўтилган фазилатларнинг бирортаси Сайди устознинг феълини, тийнатини, инсоний аъмолини тарк этмади.
Тадбирда устозни соғинган, яхши-ёмон кунида ёнида бўлган дўст-биродарлари, шогирдлари иштирок этишди. Бу устоз Сайди Умиров яқинлари, дўстлари, шогирдларини соғинтириб, уларнинг қалбида яшаётганидан далолатдир.
Мансурбек ЖАББОРОВ,
«Оила ва табиат» мухбири
Бекобод: транспорт ва саноат тараққиётида янги босқич
🕔13:29, 20.07.2026
✔42
Президентимизнинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига амалга оширган ташрифи стратегик аҳамиятга эга воқелик сифатида муҳрланди. Ушбу ташриф чоғида нафақат ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши кўздан кечирилди, балки транспорт инфратузилмаси, саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган икки муҳим лойиҳага старт берилди.
Батафсил
«Қанча дарахт яшаб қолди?» деган савол муҳимроқ...»
🕔13:28, 20.07.2026
✔40
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев яқинда дарахтлар, яшил майдонларнинг аҳамияти хусусида муносабат билдирар экан, бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди. Иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўп қисмида аномал жазирама авж олаётган паллада бу жуда долзарб ҳисобланади:
Батафсил