Ўлкамизга баҳор келиши билан далалар, томорқаларда, боғ-ҳовлиларда турли шифобахш кўкатлар, гиёҳлар униб чиқишни бошлайди.
Ариқ бўйларида ялпизнинг хуш бўйи таралади. Қиру адирлар узра майсалар гилами ёйилади, чучмомалар унга безак бўлади. Кексаю ёш табиатнинг эрка фаслини бараварига олқишлайди. Кўм-кўк далалар бағрида чинакам Наврўз шодиёналари бошланиб кетади.
Эсимда, болалигимда Наврўзни шунақанги интиқ бўлиб кутардим. Бир мен эмас бутун қишлоқ ўзгача истак билан Наврўзга ошиқарди. Чунки ушбу байрамда қишлоғимиз ўртасида катта дошқозонларда сумалак пишириларди. Ош қилинарди. Айниқса, мактабимизнинг оқланган деворига нур тушириб қўйиб бериладиган фильмлар, мультфильмларни эсласам ҳалигача дилимда ширин бир энтикиш туяман.
Бутун қишлоқ аҳолиси тайёргарлик кўрган Наврўз жудаям кўтаринки ўтарди. Беллашувлар, айтишувлар, куй-қўшиқлар ҳамма-ҳаммаси жудаям ажойиб эди. Ҳис-туйғуларни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ушбу байрамда ёшу қари бирдек маза қиларди, яйрарди, яшнарди.
Байрам уч кун давом этарди. Бир кун олдин биз болалар орасида «Оқсуяк», «Эшак минди» каби халқ ўйинлари, турли мусобақалар, арқон тортишлар ўтказиларди.
Ғолибларга мукофот тайинланарди. Мен учун эса бу байрам, орзулар, интилишлар, яратишлар, ижод, меҳр-оқибат, соф туйғуларни англатади.
Баҳор келиши билан қилинадиган дармонга бой таомлар, айниқса жону дилим эди. Аслида ким ҳам баҳорий таомларни хуш кўрмайди дейсиз? Наврўз дастурхонига пишириладиган кўк сомса, кўк чучвара, хоним, сумалак ва бошқа таомлар дармондори бўлиши билан бирга, уни пишириш жараёнида ҳам бир олам завқ олардик.
Мен учун бу байрам ҳалигача қадрли. Уни ҳар бир тасвиригача хотирамга муҳрлаганман. У менинг болалик хотираларимга жойланган. Сумалак қилинаётган дошқозон бошида болаларча ният қилганларим, юрагимга орзуларни жойлаганларим...
Ҳалигача Наврўзни ўзгача бир иштиёқ билан кутаман. Гарчи унинг шукуҳи илгаригидек бўлмаса ҳам, гарчи қишлоғимизда ҳам уни олдингидек нишонлай олмаётган бўлсак ҳам.
Инсон улғайгани сари мўъжизаларга ишончи камайиб боради. Болаликдаги катта ва сирли бўлиб кўринган нарсалар ўз хислатини йўқотгандек оддийлашади. Аслида кузда баргини тўккан дарахтларнинг баҳорда гулларга бурканиши, тоғу адирларга жило берган камалак ранг гулларнинг чаман бўлиб очилиши, қушлар чуғури – буларнинг бари бир мўъжиза. Табиатнинг бизга берган туҳфаси. Биз буларни ҳис қилиш учун табиатга яқин, унинг она бағридек хотиржамлик берувчи қўйнида кўпроқ бўлишимиз, уни қадрлашимиз керак.
Ушбу сатрларни ёзганим сари барибир ҳув ўша болалигимда мактабимизнинг ям-яшил табиий чим билан қопланган майдонида ўйнаб юрган толпопук таққан қизалоқни, онамнинг ялпиз иси келиб турган шафтолигул кўйлагини, ўчоқда жиз-жиз қилиб қовурилаётган кўк чучварани, кўк сомсага исмалоқ ва ялпизни майда қилиб чопаётган меҳрибон, ҳокисор момомни соғиниб бораётганимни ҳис қилдим. Юрагимнинг пучмоқларида беркиниб ётган Наврўз соғинчи бош кўтаргандек бўлди.
Хуш келдинг, Наврўзим! Юртимга қут-барака, тинчлик билан келган бўлгин Янги кун, Йилбошим! Менинг дилимга орзулар солганинг каби, бутун юртимнинг, элимнинг, халқимнинг қалбига эзгулик, яратиш, ижод ишқини солгин!
Саида ИБОДИНОВА
Бекобод: транспорт ва саноат тараққиётида янги босқич
🕔13:29, 20.07.2026
✔42
Президентимизнинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига амалга оширган ташрифи стратегик аҳамиятга эга воқелик сифатида муҳрланди. Ушбу ташриф чоғида нафақат ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши кўздан кечирилди, балки транспорт инфратузилмаси, саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган икки муҳим лойиҳага старт берилди.
Батафсил
«Қанча дарахт яшаб қолди?» деган савол муҳимроқ...»
🕔13:28, 20.07.2026
✔40
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев яқинда дарахтлар, яшил майдонларнинг аҳамияти хусусида муносабат билдирар экан, бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди. Иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўп қисмида аномал жазирама авж олаётган паллада бу жуда долзарб ҳисобланади:
Батафсил
Ўзбекистон футболчилари – экологик маданияти юксак эканини намоён этмоқда
🕔11:22, 30.06.2026
✔97
Шу кунларда футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган миллий терма жамоамиз футболчиларининг биргина ҳаракати бизни чин дилдан тўлқинлантириб юборди.
Батафсил