Экология      Бош саҳифа

БИРОВНИНГ ПЛАСТИГИДАН ТЎЛАШ МУМКИН ЭМАС...МИ?

Ҳозир бирор нима харид қилмоқчи бўлсангиз, пластик карта қулай бўлиб қолди: тезкор, вақтингизни тежайди.

БИРОВНИНГ ПЛАСТИГИДАН ТЎЛАШ МУМКИН ЭМАС...МИ?

Боз устига, картадаги пулингиз ҳимояланган, йўқотиб қўйиш, ўғирлатиш каби ҳолатлардан чўчимайсиз. Қолаверса, шу йилдан эътиборан банклар аҳолига бу борада яна қўшимча хизматларни тақдим этди. Яъни, картадан картага пул ўтказиш ишга туширилди.

Лекин банклар яратган ушбу имконият бўйича фуқароларимизда кўплаб саволлар юзага келмоқда. Пластик картадан фойдаланиш жараёнида ҳали-ҳамон турли муаммоларга дуч келамиз.

Таҳририятимизга бу борада бўлган мурожаат ва саволларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг пул муомаласи департаменти бошқарма бошлиғи ­Рустамбек ­АБДУРАҲМОНОВ жавоб берди.

— Жорий йилнинг 1 мартидан бир пластик картадан бошқасига пул ўтказувчи «P2P» хизмати ишга туширилган. Бунда ҳар бир ўтказилган сумма учун банк 2 фоиз ушлаб қолади. Бепул фойдаланиш учун банкнинг ўзига бориб мурожаат этиш керак. Хизматдан ҳар қандай ҳолатда ҳам бепул фойдаланиш имкони яратиладими? Ёки хизмат ҳақининг фоизини бирмунча тушириш режада борми?          

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2010 йил 19 апрелдаги қарори талабларидан келиб чиқиб, Марказий банк ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси «Банклараро тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда «Сўм» пластик карточкалар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган тарифлар режаси»ни тасдиқлаган ва у 2016 йил 1 мартда кучга кирган.

Мазкур тарифга асосан, банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахснинг пластик картасидаги маблағ бошқа картага ўтказилганда ёки кирим қилинганда банк хизмат ҳақи ундирилмаслиги белгиланган. Бугун тўловларни амалга ошириш имконини берувчи «my.uzkard», «uzkard-click», ­«m-bank», «u-pay», «mobilsavdo» (мазкур провайдерлар мустақил хўжалик юритувчи субъектлардир) хизматлари йўлга қўйилган. Мижоз пластик картасидан тўғридан-тўғри уяли телефони ёрдамида кўрсатилган хизматлар учун (мижоз ўз ихтиёрига кўра, фақат мазкур провайдерлар хизмат ҳақини тижорат банклари орқали) тўлайди.      

— Пул ўтказганда унинг суммаси чекланган. Бир ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача. Бу миқдорни янада ошириш ҳам кўзда тутилганми?

— Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга йўналтирилган операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш Адлия вазирлигида 2013 йил 21 ноябрда 2528-сон билан давлат рўйхатига олинган «Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари» билан тартибга солинади. Унинг талаблари асосида тижорат банклари мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўриши қайд этилган.

Ҳар бир тижорат банки мазкур қоидалар талабидан келиб чиқиб, ўзининг ички қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Ушбу қоидаларнинг 48-бандида қайд этилган мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда операциялар гумонли операция деб тан олинади.

Юқоридагига асосан, бир пластик картадан иккинчисига пул ўтказиш операциялари бўйича кўриладиган чораларни ҳар бир тижорат банки ўзи мустақил белгилайди.       

— Банкда пластик картадаги пулни нақдлаштириш мумкинми? Қанча миқдорга рухсат берилган ва неча мартагача? 

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 августдаги «Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, банклар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулни уларнинг депозит ҳисобварақларидаги, шу жумладан, пластик карталаридаги мавжуд маблағи доирасида беради.

— Кўпчилик сартарошхона, пойабзал устахоналари ҳамда «фақат беш фоизга ишлаймиз» деган дўконларда тўлов терминали йўқ. Уларга терминал ўрнатиш талаб этилмайдими? Умуман, тўлов терминали билан жиҳозланиши мажбурий бўлган объектлар сирасига қандай турғун савдо шохобчалари киради?   

— Аҳолига савдо ва пулли хизмат кўрсатаётган хўжалик субъектларига тўлов терминалларини ўрнатиш «Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари асосида амалга оширилади. Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим:

 авиация ва темир йўллари патталарини сотиш кассалари;

 автовокзал ва автостанциялар кассалари;

 автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари;

 меҳмонхоналар;

 кредит, суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;

 турғун савдо шохобчалари, шу жумладан, дорихоналар (эгаллаб турган майдони ўлчамидан қатъи назар);

 умумий овқатланиш ­объектлари;

 уй-жой-коммунал, телефон алоқа хизматлари, уяли алоқа телефонлари хизматлари учун аҳолидан тўловларни қабул қилиш шохобчалари;

 автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

 алоқа бўлимлари;

 маиший хизмат кўрсатиш ҳамда маданий-оммавий ва томоша тадбирлари ўтказиладиган объектлар;

 аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи хўжалик юритувчи бошқа субъектлар (назорат-касса машиналарини қўлламаган тарзда қонунчиликка мувофиқ аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган объектлар бундан мустасно).   

— Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолиятни бошлагандан кейин неча кунда терминал билан жиҳозланиши керак?

— Савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари асосий депозит ҳисобварағини очган кундан бошлаб беш кун ичида тўлов терминали ажратилиши юзасидан хизмат кўрсатувчи банкка ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши керак. Тижорат банклари тўлов терминалини ажратиш бўйича мурожаат келиб тушган кундан бошлаб, бир ой муддатда тўлов терминали ажратади.

Таъкидлаш керакки, давлат рўйхатидан ўтмасдан патент асосида пулли хизмат кўрсатаётган субъектлар банкларда ҳисобварақ очмагани сабабли, уларга тўлов терминали ўрнатишнинг имкони йўқ.

— Айрим дўконлардаги маҳсулотларнинг нархи ҳам нақд ёки пластик картага қараб турлича: нақдга арзон, картага эса қимматроқ. Уларнинг шундай қилишга ҳақи борми?   

— Чакана савдо ва пулли хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўловларни пластик карталар орқали қабул қилишдан бош тортиш, нархларни ошириш, тўлов терминалини атайлаб ишлатмаслик ёки яшириб қўйиш ҳолатларини назорат қилишга тижорат банклари ҳақли эмас.

«Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 14-бандига кўра, чакана савдо ва пулли хизмат кўрсатиш объектларида банк пластик карталари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминалларининг мавжудлиги ва улардан мажбурий равишда фойдаланиш устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган.

— Баъзи ташкилот-муассасаларда (шифохона, талабанинг тўлов-контрактини қабул қиладиган касса ва бошқа) сизга кўрсатилган ёки кўрсатиладиган хизмат учун  бошқа бировнинг пластик картасидан тўламоқчи бўлсангиз, айрим ҳолларда пластик карта эгасининг тегишли ҳужжати ва ёзма розилигини талаб қилади. Шу қонунийми? У ўша одамдан қарз олаётган бўлиши ҳам мумкин-ку!

— Адлия вазирлигида 2004 йил 30 апрелда 1344-сон билан давлат рўйхатига олинган «Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандига асосан, банк пластик карта эгаси бўлмаган шахс, карта эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланиши мумкин эмас.

Аммо мазкур низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, (рўйхат рақами 1344-2,  2011 йил 13 июль) товарлар (иш ва хизмат) учун пластик карталар орқали тўловларни қабул қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар пластик карта эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилмайди.

Шунингдек, низомнинг 31 ва 46-бандларига мувофиқ, банклар жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилаётган ҳисоб-китоблар жараёнида «Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари» талаблари асосида карта эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини талаб қилиши (коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно) лозим.   

«Оила даврасида» мухбири

Шаҳобиддин РАСУЛОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Экологик маданият –  табиатга  муносабатимизни

Экологик маданият – табиатга муносабатимизни

🕔08:59, 08.09.2025 ✔14

Президентимизнинг 2025 йил 15 майдаги қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган давр­да аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқароларда экологик онгни шакллантириш бўйича муҳим стратегик ҳужжат сифатида миллий сиёсатимизнинг янги босқичини бошлаб берди.

Батафсил
Магнит  бўронлари:  чиндан ҳам инсон саломатлигига кўринмас таҳдидми?

Магнит бўронлари: чиндан ҳам инсон саломатлигига кўринмас таҳдидми?

🕔08:56, 08.09.2025 ✔16

Сўнгги йилларда инсон саломатлигига таъсир этувчи ташқи омиллар қаторида магнит бўронлари тобора кўпроқ тилга олина бошлади. Илгари фақат астрономик тадқиқотларда учрайдиган бу тушунча, энди деярли ҳар бир инсоннинг кундалик сўзлашувида мавжуд. Аслида магнит бўронлари қандай пайдо бўлади ва инсонлар саломатлигига қандай таъсир кўрсатади? Магнит бўронлари таъсиридан кимлар кўпроқ зарар кўради?

Батафсил
Конимехдаги амалий ҳаракатлар  эзгу мақсадларга  хизмат қилмоқда

Конимехдаги амалий ҳаракатлар эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда

🕔17:35, 29.08.2025 ✔37

Аҳолининг экологик дунёқараши, ресурслардан оқилона фойдаланиш маданияти юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган устувор йўналишлардан биридир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар