Кейинги йилларда мамлакатимизда металлургия саноатини ривожлантириш бўйича тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Натижада соҳада қазиб олинган ресурсларни қайта ишлаш, улардан янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ассортимент ва номенклатуранинг кўпайиши ҳисобига диверсификациялашув жараёнлари такомиллашди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташриф буюриб, аҳоли ҳаёти ва саноат лойиҳалари билан танишди. Таъкидлаш жоиз, Бекободнинг иқтисодий-ижтимоий ривожида Ўзбекистон металлургия комбинатининг ўрни беқиёс. Комбинатда бугунги кунда 11 минг киши ишлайди. Сўнгги йилларда қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, янги цехлар ишга туширилди, борлари модернизация қилинди.
Улардан бири – навли прокат мажмуаси. Қарийб 5 миллион долларлик лойиҳа эвазига бу ерга хориждан термо-мустаҳкамлаш линияси келтирилиб, жорий йил февралда ишга туширилди. Бу орқали йилига 500 минг тонна A500-A800 маркали арматура ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Президентимиз комбинатга ташрифи чоғида ушбу мажмуани кириб кўрди, лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари комбинатдаги яна бир муҳим лойиҳа – Қуюв прокат мажмуасининг қурилиш майдонида бўлди. 672 миллион евролик ушбу лойиҳа натижасида йилига 1 миллион тонна пўлат листлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа ишга тушгач, комбинат қувватлари 2 бараварга ошади. Ўзбекистон металлургия комбинатида металлургия соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ҳам ўтказилди.
Ушбу комбинат илгари мамлакатимизда қора металлургия соҳасидаги ягона корхона бўлиб, ислоҳотлар натижасида сўнгги беш йилда эса 200 та янги корхона ташкил этилган. Уларда 25 мингдан зиёд иш ўринлари яратилган. Ўтган йилнинг ўзида соҳада 16 триллион сўмлик маҳсулотлар тайёрланган. Темир ва темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 баробар ўсиб, 2 миллион тоннага етган.
Таъкидланганидек, 2026 йилга бориб, мамлакатимиз иқтисодиёти эҳтиёжлари учун 6 миллион тоннага яқин металл керак бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Қолаверса, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият, логистика занжиридаги узилишлар йирик металлургия корхоналари фаолиятига ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Давлатимиз раҳбари бу шароитда фақат ўз металлургия саноатимизни жадал ривожлантириш орқали мақсадга эришиш мумкинлигини таъкидлади. Бу борадаги тўртта асосий вазифа кўрсатиб ўтилди.
Биринчиси – металл ишлаб чиқарувчи корхоналарни хомашё билан кафолатли таъминлаш. Иккинчиси – барча ҳудудларда металл ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил бўлишини қўллаб-қувватлаш. Учинчиси – юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқлари учун замонавий металл конструкциялар ишлаб чиқариш. Тўртинчиси – малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари соҳада таълим ва илм-фанни ривожлантириш учун «Ўзметкомбинат»да Металлургия илмий марказини ташкил этиш, Геология университетида қора металлар илмий лабораторияси, Навоий кончилик ҳамда Тошкент техника университетлари қошида технопарклар очиш таклифини билдирди. Шунингдек, нуфузли хорижий компаниялар ва инжиниринг марказларида ёш мутахассислар малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, саноат соҳасида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар мамлакатимизнинг металлургия ресурсларига бўлган талабини қаноатлантиришга, саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватини янада оширишга хизмат қилади.
Носиржон АМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси
фракцияси аъзоси
Бекобод: транспорт ва саноат тараққиётида янги босқич
🕔13:29, 20.07.2026
✔42
Президентимизнинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига амалга оширган ташрифи стратегик аҳамиятга эга воқелик сифатида муҳрланди. Ушбу ташриф чоғида нафақат ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши кўздан кечирилди, балки транспорт инфратузилмаси, саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган икки муҳим лойиҳага старт берилди.
Батафсил
«Қанча дарахт яшаб қолди?» деган савол муҳимроқ...»
🕔13:28, 20.07.2026
✔40
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев яқинда дарахтлар, яшил майдонларнинг аҳамияти хусусида муносабат билдирар экан, бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди. Иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўп қисмида аномал жазирама авж олаётган паллада бу жуда долзарб ҳисобланади:
Батафсил
Ўзбекистон футболчилари – экологик маданияти юксак эканини намоён этмоқда
🕔11:22, 30.06.2026
✔97
Шу кунларда футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган миллий терма жамоамиз футболчиларининг биргина ҳаракати бизни чин дилдан тўлқинлантириб юборди.
Батафсил