Кун кеча қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Бундан бор-йўғи уч йил аввал Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан катта амбицияли лойиҳа бошланди – Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда улкан мажмуа қуришга киришилди. Аввало, тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа жалб этилиб, пухта лойиҳа ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу ерга бир неча марта келиб, қурилишни миллий меъморчилик анъаналаримиз ва одамларга қулайлик жиҳатидан такомиллаштирди. Бунёдкорлик ишларида малакали қурувчиларимиз билан бирга Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари иштирок этди.
Шу тариқа қисқа вақтда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази деб ном олган ушбу улкан мажмуа қуриб битказилди.
Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар бор. У йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиши мумкин.
– Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди. Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқанд – миллий давлатчилигимизга асос бўлган, тарихимиздаги иккала Ренессанс даврида ҳам муҳим ўрин тутган шаҳар. Шу боис сайёҳлар бу ерга асосан қадимий обидаларни кўриш ва табаррук жойларни зиёрат қилиш учун келар эди. Туризмнинг бошқа йўналишлари учун замонавий мажмуалар йўқ эди.
– Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади, деб ишонаман, – деди Президент.
Бу маскан «Буюк ипак йўли» деб номланганида чуқур маъно бор. Бу ерда ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. Масалан, «Боқий шаҳар» мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.
Ушбу гўзал масканда 280 минг туп манзарали дарахт ва буталар экилди, 170 гектар яшил ҳудудлар яратилди.
Бу ерда қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандлик устахонаси ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этади.
Бу мамлакатимизда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш борасидаги улкан ишларнинг бир қисми. Янги туризм маркази келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 1,5 миллиондан оширишда муҳим ўрин тутади. Умуман олганда, келгуси беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказиш мақсад қилинган. Энг муҳими, туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошади.
Шунингдек, бу ердаги замонавий меҳмонхоналар ва Конгресс холл йирик анжуманлар ўтказиш учун ҳам шароит яратади. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар шу ерда бўлиб ўтади. Келгуси йилда эса, қадимий шаҳримизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилади.
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔7
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔69
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔194
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил