Мен яқинда етмиш бир ёшни қаршиладим. Ана шу умрим давомида бошимга не-не савдолар тушмаган дейсиз. Очликни ҳам, тўқликни ҳам кўрдик. Қанчадан-қанча таҳликали кунларда умр кечирдик.
Эсимни таниганимдан бери халқимизнинг турли тақдир бурилишларидаги ҳолатларига гувоҳ бўлдим ва унинг чин маънода донишмандлиги, сабр-тоқатлилигига ишонч ҳосил қилдим. Бу бошларга не-не маломатлар, дўқ-пўписалар ёғилмади. Халқимиз ҳаммасига чидади, ўз заковати, салоҳияти, меҳнаткашлиги ва букилмас иродаси билан доимо янги довонлар сари олға қадам босиб келаверди.
Ўтган йилларнинг мен учун энг ёрқин кунлари мустақил Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримов билан боғлиқ бўлди, десам, ишонаверинг. Мен деҳқонман. Биласиз, деҳқоннинг кетмондан бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ. Шунинг учун, у агар чиндан ҳам том маънодаги деҳқондан чиққан бўлса, ёлғон гапирмайди. Тилёғламалик қилмайди. Бошингга қилич келса ҳам рост гапир, деган гапни деҳқон айтган бўлса керак.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида республика Олий советининг депутати эдим. Кечагидек эсимда, 1990 йил 27 март куни Олий совет ўн иккинчи чақириқ биринчи мажлисида менга сўз беришганди. Менга ваколат берган Олтинкўл деҳқонлари номидан, туман, вилоят ва республика деҳқонларининг дардини баён қила бошлаганимда Ислом ака менга ўтирган жойидан далда бера бошлади. Мен ўша йилнинг январидан ёқилғи мойлаш материалларининг юз фоизга қимматлашгани, ҳатто оқар сув учун ҳам деҳқондан пул ундирмоқчи бўлаётганлари, техника, минерал ўғит, саноат маҳсулотлари ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, икки-уч бараварга қимматлаштириб юборилаётгани ҳақида гапирдим. Пилламиз, пахтамиз, мева-сабзавотимиз эса арзимас пулга сотиб олинаётганини шарт-шарт айтдим. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эса нутқимнинг ана шундай нозик жойларида ўрнидан туриб менга далда берар ва фикримни янада тўлдирувчи фикрларни айтган эди.
Шу кўйи мен Президентнинг назарига тушган эдим. Чунки шунгача у киши кўп маротаба: «Келинглар, кўнгилни тўғри қилиб, тўғри гапларни гапиришдан чўчимайлик!» дер эдилар. Вазиятни тўғри англаш учун рост гап айтилиши жуда ҳам муҳим.
Мен нима демоқчиман? Биринчи Президентимиз ошкора, очиқ-ойдин фикр юритиш усули билан ўша пайтдаги йигирма бир миллионлик қудратли халқни ортидан эргаштира олди. Биз ҳеч иккиланмасдан яқин ўн йилликдаги оламшумул ютуқларга эришдик. Буни ҳамма билади.
Бугун бошимизга тақдирнинг яна бир синови тушди. Мен бир кекса деҳқон сифатида ўзимнинг ўғил-қизларим, укаларим ва сингилларимга нима демоқчиман? Келинглар, азизларим, Президентимиз ўргатганлари каби жипс бўлайлик. Бир-биримизга кўнглимиз тўғри бўлсин. Бир-биримизнинг устимиздан ғалаба қилмайлик, бирга мушт бўлиб ғалаба қозонайлик. Биринчи Президентимиз кўрсатган йўлдан олға боришимиз керак. Нега? Чунки дунё тинч эмас. Ободлигимиз, фаровонлигимиз кимларгадир ёқмаслиги мумкин. Аммо бир-биримизни алқаб, пуч мақтовларга берилиб кетиш ҳам замонавий одамларнинг иши эмас.
Мана, куни кеча Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлисимиз Сенати Раиси Конституциямиз ва бошқа ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини Бош вазирнинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. Ишонч билан айтаманки, бу таклиф тўла-тўкис қонуний асосга ва халқимизнинг хоҳиш-иродасига таянган. Ахир Сенатда ҳам, Қонунчилик палатасида ҳам муқобиллик асосида элимиз томонидан очиқ-ошкора сайловларда сайланган вакиллар ўтирибди. Телевизорда кўрдик, ҳар бир соҳа, ҳар бир электорат вакиллари Сенат Раисининг таклифини қўллаб-қувватлади. Демак, бу қарор айни халқимизнинг хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинди, десак хато бўлмайди.
Оддий бир деҳқон сифатида ишонч билан айтаманки, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини Бош вазирнинг зиммасига вақтинча юклаш қарори ҳозир юртимиздаги тинчлик, ободлик ва фаровонликни барқарор ушлаб туриш, нафақат ушлаб туриш, балки бу одилона сиёсатни давом эттириш учун айни пайтдаги энг тўғри йўлдир.
...Деҳқонга том маънода иқтисодий эркинликни бермай туриб у билан бирга ишлашни ихтиёр қилган кишиларнинг ҳаётини яхшилаб бўлмайди. Ўрганиб кўринг, фермер билан бирга ишлаб, димоғи чоқ бўлиб кетган одам кўпмикин? Қишлоқда нафақат фермер, балки барчанинг қозони тенг қайнай бошласагина биз қишлоқда чин фаровонликка эришишимиз мумкин.
Тоҳиржон РЕЖАПОВ,
Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги «Истиқлол» фермер хўжалиги раҳбари
2026 йил учун Давлат бюджети: Экологияни асраш учун қанча маблағ ажратилади?
🕔16:41, 11.12.2025
✔68
Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида муҳим масала – «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Батафсил
Фуқаролик жамияти ривожи
🕔16:10, 04.12.2025
✔152
Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътироф топмоқда
2025 йилнинг 1 декабрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилган эди.
Батафсил
Депутат ёрдамчилари ўз масъулиятини етарлича ҳис этяптими?
🕔11:01, 04.12.2025
✔137
Депутат ёрдамчиси лавозими депутатнинг самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг вазифалари фақатгина техник ишларни бажариш билан чекланмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев таъкидлаганидек, ёрдамчининг асосий миссияси халқ ва депутат ўртасидаги ишончли кўприк бўлишдан иборат.
Батафсил