Дунё бўйича ҳар йили турли йўналишлар бўйича давлатлар рейтинги эълон қилинади. Табиийки бу мамлакатнинг ташқи имиджини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Рўйхатлар кетма-кетлиги тузилишда бир қатор омилларга эътибор қаратилади. Масалан, табиий бойликларнинг қанчалиги, аҳолининг яшаш тарзидан мамнунлиги, коррупцион ҳолатлар, сўз эркинлиги, фуқароларнинг тўкис ҳаёти ва бошқалар.
Хўш, Янги Ўзбекистон ортда қолган 2022 йилда нуфузли ташкилотлар томонидан эълон қилинаётган рейтингларда қайси ўринларни банд қилди?
Экологик самарадорлик индекси
Экологик самарадорлик индекси – Ел университети қошидаги Экологик сиёсат ва ҳуқуқ марказининг аралаш кўрсаткичи бўлиб, у мамлакат ютуқларини экология ва табиий ресурсларни бошқариш нуқтаи назаридан ўлчайди. Ушбу индекс ҳар икки йилда бир марта эълон қилинади.
2022 йилги рейтинг якунларига кўра, Ўзбекистон 38,2 кўрсаткич билан 107-ўринни эгаллади. Таққослаш учун, 2020 йилда ушбу рейтингда 134-ўринни, 2018 йилда эса 136-ўринни эгаллаганмиз.
Бахтли мамлакатлар орасида
«Галлуп» томонидан анъанавий равишда эълон қилинадиган «World Happiness Report – 2022» рейтингида Ўзбекистон 146 та мамлакат орасида 53-ўринни эгаллади. Бу 2021 йилги кўрсаткичлардан 11 поғона паст. Шунингдек, Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлар орасида етакчиликни бой берган. Рейтингда бешинчи йил қаторасига Финляндия етакчилик қилмоқда. У энг бахтли давлат деб топилган.
Сўз эркинлиги
«Чегарасиз репортёрлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.
Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги
Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексининг (The Global Food Security Index) ўнинчи нашри эълон қилинди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 113 та давлат ичида 53,8 балл тўплаб, 78-ўринни эгаллади. Тўпланган балл Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлиги ўртача даражада бўлган давлатлар гуруҳида ўз ўрнини сақлаб қолиш имконини берган.
Глобал индекс озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолатини тўртта мезон бўйича текширади: озиқ-овқат мавжудлиги; уларнинг миқдори; сифати ва хавфсизлиги; табиий ресурсларнинг хилма-хиллиги ва уларнинг барқарорлиги.
Ўзбекистон озиқ-овқат мавжудлиги бўйича 49,3 балл билан 81-ўринни, миқдори бўйича 51,3 балл билан 76-ўринни, сифати ва хавфсизлиги бўйича 65,1 балл билан 60-ўринни, табиий ресурсларнинг хилма-хиллиги ва барқарорлиги бўйича 55,4 балл билан 30-ўринни эгаллаган.
Дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рейтингида
«Numbeo» тадқиқот хизмати таҳлилчилари дунёнинг энг йирик шаҳарларида яшаш нархини ҳисоблаб, бу бўйича рейтингни эълон қилди. Тадқиқотчилар рейтингни тузишда уй-жой ижараси, озиқ-овқат ва ресторанлардаги нархларни ҳисоблаб чиққан. Рўйхатдан жами 510 та шаҳар ўрин олган, Бермуд ороллари пойтахти Ҳамилтон эса биринчи ўринни қайд этган.
Ўзбекистондан фақат Тошкент шаҳри рейтингга киритилган бўлиб, у 465-ўринни эгаллаган. Яшаш нархи бўйича Топ 10 шаҳарларидаги аксарият ўринларни Швейцария шаҳарлари эгаллаган. Москва 287-ўрин, Олмаота ва Остона мос равишда 466 ва 475-ўрин, Бишкек 477-ўриндан жой олган.
Худди шу «Numbeo»нинг жиноятчилик даражаси бўйича мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 142 мамлакат ичида 104-ўринни эгаллаган. Мамлакат индекси 33,68 ни ташкил қилди. Рейтингга кўра, Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга қараганда яхшироқ.
«Тинчликсеварлик глобал индекси»да юқориладик
«Global Peace Index 2022» рейтингида Ўзбекистон 7 поғонага юқорилаб, 163 давлат орасида 86-ўринни эгаллади. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон «Россия ва Евроосиё» гуруҳида энг катта яхшиланишни кўрсатди – 1,5 фоиз.
Қўшни мамлакатлар орасида Қозоғистон 97-ўринда, Қирғизистон 91-ўринда, Тожикистон 92-ўринда, Туркманистон 104-ўринда жойлашган. Энг тинчликсевар давлатлар деб Исландия, Янги Зеландия ва Ирландия топилган.
Бизнес юритиш осонлиги рейтинги
«Doing Business» рейтинги кичик ва ўрта бизнес юритиш осонлиги даражасини ифодалайди. Ҳозирги пайтда бунда жами 11 индикатор баҳоланади: янги ишни ташкил қилиш, қурилишга оид рухсатномалар олиш, электроэнергияга уланиш, мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш ва бошқалар.
Doing Business – мамлакатлар инвестициявий иқлим ҳолатини тавсифловчи энг оммавий рейтинглардан бири. 2020 йилда Ўзбекистон 76-ўриндан 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллаган эди.
Шундан сўнг, 2020 йил август ойида Жаҳон банки ушбу йиллик рейтингни нашр этишни вақтинча тўхтатгани ҳақида баёнот берган.
Иқтисодий эркинлик индекси
Бу рейтинг «Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан 1995 йилдан бери The Wall Street Journal билан ҳамкорликда тузиб келинади. Индекс 0 дан 100 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади. Унда 100 балл максимал эркинликни ифодалайди.
Иқтисодий эркинликнинг умумий индекси тўртта кенг тоифага бирлаштирилган ўнта компонентдан иборат:
• қонун устуворлиги;
• давлат аралашуви даражаси;
• тартибга солиш самарадорлиги;
• очиқ бозорлар.
2022 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлиги индекси 55,5 баллга тенг бўлиб, 2021 йилга нисбатан 2,8 балга пастлаган ва дунё бўйлаб 117-ўринни эгаллаган. 2021 йилда мамлакат 58,3 балл билан 108-ўринга чиққан эди. 2020 йилда Ўзбекистон 114-ўринда, 2019 йилда – 140-ўринда, 2018 йилда – 152-ўринда эди.
2022 йилда Ўзбекистон Осиё-Тинч океани минтақасидаги 41 мамлакат орасида эса 27-ўринни эгаллаб турибди. Унинг умумий рейтинги минтақавий ва жаҳон ўртача кўрсаткичлари (60 балл)дан паст.
Билим иқтисодиёти индекси
Билим иқтисодиёти индекси билимга асосланган иқтисодиётнинг ривожланиш даражасини тавсифловчи комплекс кўрсаткичдир.
2022 йилда Ўзбекистон ушбу индексда 42,4 кўрсаткич билан 83-ўринни эгаллаб, 2021 йилга нисбатан 8 поғонага юқорилаган.
Соф иш ҳақи рейтинги
Numbeo онлайн платформаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда солиқлардан ташқари ўртача ойлик иш ҳақи 279 доллар бўлмоқда. Мамлакат бу кўрсаткич билан 106 давлат орасида 96-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон аввалги рейтингга қараганда уч поғона юқорилади. Май ойидаги маълумотларда мамлакат 107 давлат орасида 99-ўринда эди.
Рейтинг етакчилари Швейцария (5 989 доллар), Сингапур (4 248 доллар) ва Австралия (4 143 доллар) бўлди. Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар МДҲ давлатлари орасида энг кам ойлик иш ҳақи олади. Бу борада энг яхши кўрсаткич Россияга тегишли – 846 доллар.
Қўшни давлатлар орасида Қозоғистон 423 доллар соф ойлик маош билан 77-ўринни эгаллаган. Туркманистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон бу рўйхатга киритилмаган.
«GovTech Enablers» индекси
GovTech Enablers Жаҳон банкининг рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича индекси. 2022 йилда Ўзбекистон ушбу индекс бўйича 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилади.
GovTech Maturity Index натижаларига кўра, ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича эса 37 поғона юқорилаб, 198 мамлакат ичида рақамли трансформация соҳасида етакчи мамлакатларнинг «А» гуруҳига кирди.
Электрон ҳукумат рейтинги
БМТ томонидан ҳар 2 йилда бир марта ўтказиладиган Электрон ҳукумат рейтингининг 2022 йилги натижасида Ўзбекистон 18 поғона юқорилаб, «юқори/жуда юқори ривожланувчи» мамлакатлар қаторига кирди.
Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлиги
Буюк Британиянинг «Oxford Insights» ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган «Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси»да кўрсатилган статистика бўйича Ўзбекистон 160 та давлат ичида 2019 йилда 158-ўринни, 2020 йилда 95-ўринни, 2021 йилда 93-ўрин ва 2022 йилда 79-ўринни (ўсиш +14) эгаллаган.
Халқаро рейтинглардаги яхши натижалар мамлакатнинг инвестисиявий жозибадорлигини оширади. Соҳаларга фаол инвестицияларнинг кириб келиши эса шубҳасиз мамлакат тараққиётига хизмат қилади. Аммо рейтингларда қанчалик юқори ўринларда бўлмайлик, муҳими, халқаро ҳамжамият эътироф этаётган ислоҳотлар амалда тўлақонли ўзини намоён этмаса, бари бефойда. Ахир қилинаётган ишлар қандайдир рейтингларда юқори натижаларни эгаллаш учун эмас, аввало, халқнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бўлиши керак.
Шаҳруза САТТОРОВА
тайёрлади.