Давр нафаси      Бош саҳифа

Сингапурда «Шавкат Мирзиёев орхидеяси»

Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17 январь куни Сингапурга давлат ташрифи мамлакатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа сифатида муҳрланди. Ушбу олий даражадаги ташриф давомида давлатимиз раҳбари Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар ўтказди.

Сингапурда  «Шавкат Мирзиёев орхидеяси»

Сингапур қисқа вақт ичида ғоят оғир бир шароитдан жаҳоннинг иқтисоди бақувват, коррупциядан холи, бугун ҳам шитоб билан ривожланаётган мамлакатига айлангани юксак эътироф этилади. Бугун Сингапур ривожланиш кўрсаткичлари бўйича дунё рейтингларининг аксариятида биринчиликни сақлаб келмоқда.

Ноёб анъана

Ташриф давомида Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда ушбу мамлакатнинг олий мартабали меҳмонлари ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.

Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи – «Шавкат Мирзиёев орхидеяси» деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.

Ушбу кўркам ва ёйилиб ўсувчи гул Encbi Purple ва Kila Blue орхидеяларининг гибриди ҳисобланади. Узунлиги 45 сантиметр бўлган қат-қат япроқли қўшгуллар, уларнинг ҳар бирида 17 тадан 20 тагача гул ҳосил қилади, ҳар бир гулнинг эни 5 сантиметр атрофида. Оч сиёҳранг барглар ва косачабаргларнинг чети ма­йин бинафшаранг.

Энг устувор йўналишлар

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.

Таълим соҳасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда Сингапур менеджментни ривожлантириш институти ҳамда Сингапур технологиялар, менеджмент ва коммуникациялар академияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистон ва Сингапур халқаро майдонларда минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт масалаларида бир-бирини англаши ва бу борадаги ташаб­бусларни илгари суришда ўзаро кўмаклашаётгани қайд этилди.

Сингапур – Осиё-Тинч океани минтақасининг иқтисодий маркази. Кўп йиллардан буён ушбу мамлакат электроника, кимё саноати, биотехнологиялар, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлардаги муваффақиятларига таяниб, жаҳондаги энг йирик ва ривож­ланган иқтисодиётлардан бири бўлиб келмоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.

Биринчиси – инсон капиталини ривож­лантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш. Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилади.

Иккинчи йўналиш Сингапурни Ўзбекис­тондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилишга қаратилган. Шу маънода, музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш доирасидаги лойи­ҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва таркибий ўзгартириш, кейинчалик уларни IPOга чиқариш ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун қўшма Инвестиция жамғармасини тузиш таклиф қилинди.

Учинчи устувор йўналиш сифатида илғор «яшил» технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш белгиланди. Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг «яшил» ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тўртинчиси – шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш. Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди. Ўзбекистонда инфратузилма ва тармоқ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма Лойиҳалаштириш ва инжиринг марказини ташкил этиш бў­йича келишув бу борадаги биринчи қадам бўлди.

Ҳамкорликнинг бешинчи йўналиши доирасида инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекис­тон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Олтинчи йўналиш сифатида давлатимиз раҳбари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш зарурлигини қайд этди.

Бир сўз билан айтганда Янги Ўзбекистонда бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар тадрижида Сингапур билан ҳамкорлик ёрқин истиқболга эга. «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном олган 2023 йилдаги илк олий даражадаги ташриф Сингапурга амалга оширилгани ҳам чуқур маъно-мазмунга эга. Очиқ ва дўстона муҳитда ўтган учрашувлар икки мамлакат учун ҳам манфаатли бўлиши шубҳасиз.




Ўхшаш мақолалар

Муносабат  Бишкекдан янграган  Ташаббуслар

Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар

🕔16:35, 04.09.2026 ✔119

Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.

Батафсил
Давлат  ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

Давлат ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

🕔16:33, 04.09.2026 ✔117

Мустақиллик бизга, энг аввало, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш сингари буюк имкониятни берди.

Батафсил
Бунёдкорлик, янгиланиш ва  инсон қадри юксалаётган буюк давр

Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр

🕔16:32, 04.09.2026 ✔114

Ватанимиз мус­тақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар