Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Текин пишлоқ – қопқонда

Фоизсиз кредит илинжида фирибгарлар тузоғига тушганлар додини ким эшитади?

Текин пишлоқ –  қопқонда

Бугун банк хизматларидан фойдаланиш, пластик картангиздаги маблағни ишлатиш анчайин қулай ва осон. Илгаригидек соатлаб банклар эшигида сарғаймайсиз. Барча тўловлар, пул ўтказмалари, ҳатто кредит олишни ҳам пластик картангиз уланган мобиль телефонингиз орқали амалга оширишингиз мумкин. Бу қулайликларнинг ҳаммаси жуда яхши, аммо бугун пластик картангиздаги маблағлар сақланиши қанчалик хавфсиз ва ишончли?

Пластик картасидан ўз-ўзидан маблағ ечиб олиниб, додини қаерга айтишни билмай юрганларга тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Ҳозир шубҳали, аммо оҳангжама чақириқлар билан ҳамманинг ҳам телефонига, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга хабарлар келиб турибди. Нима эмиш, «Фоизсиз кредит олинг», «Бир зумда фоизсиз кредитга эга бўлинг»... Эътиборли жиҳати, бундай рекламаларда юртимиздаги банкларнинг номлари ҳам қайд этилгани ва «фоизсиз кредит» олиш имконияти одамларни ўзига жалб этяпти. Бунинг ортидан баъзилар фирибгарлар тузоғига тушиб, пулларидан айрилиб қолишмоқда. Уларни топиш эса амри маҳол.

Хўш, бугун шу каби фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун нима қилиш керак? Нега уларнинг фаолиятига бутунлай чек қўйиб бўлмаяпти? Умуман, бугунгача қанча фирибгарликлар аниқланиб фош этилган?

– Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ёлғон ва фейк маълумотлардан аҳолини огоҳлантириш бўйича доимий тарғибот ишлари олиб борилмоқда, – дейди ИИВ Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек АТОЕВ. – Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг мураккаблиги айнан бир йўналишда эмас, балки барчаси аҳоли банк карталаридаги пулларни талон-тарож қилишга қаратилган. Шу сабабли содир этиш усулидан келиб чиқиб, жиноятлар ўғрилик ёки фирибгарлик, яъни Жиноят кодексининг 168-169 моддаларига асосан жиноятлар малакалаштирилади. Фирибгарликларни аниқлаш ишлари марказ томонидан доимий амалга оширилиб, фуқароларни фирибгарлик йўли билан карталаридаги пулларини ечиб олган фирибгарлар аниқланиб, жиноий жавобгарликларга тортилмоқда. Шу ўринда аҳолидан ижтимоий тармоқларда банклар номидан фойдаланиб тарқатилаётган ҳар хил ёлғон хабарларга ишониб, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликларини сўраган бўлар эдик.

«Бор пулимдан айрилдим...»

– Ижтимоий тармоқларга ҳар кирганимда Ipoteka va Anor банклари номидан «Бир зумда фоизсиз кредит олинг» деган рекламалар лентамда чиқиб келаверарди. Пул керак бўлиб, ўзимизнинг банклар экан, фирибгарлар бўлмаса керак, дея кўрсатилган иловани юклаб олдим ва онлайн кредит олиш учун ариза қолдирдим. Ўзимизнинг банклар бўлгани учун ҳеч ҳам иккиланмай аризага барча шахсий маълумотларимни, паспорт, пластик рақамларимни ҳам киритдим. Ўзини банк ходимлари деб таништирганлар «Тез орада сиз билан боғланамиз ва кредитингизни картангизга тушириб берамиз» дея хабар жўнатишди. Мен эса ойлигим тушганлигидан ва фоизсиз кредит оладиган бўлдим дея бир қанча режалар туза бош­ладим. Орадан бир неча кун ўтсада, ҳеч қандай хабар келмади. Картамга қарасам, тўплаб қўйган пуллариму яқинда тушган маошимнинг ҳаммаси ечиб олинибди. У ёққа бордим, бу ёққа бордим фойдаси бўлмади. Бор пулимни фирибгарлар ечиб олишган экан, – дейди Муҳаммадсодиқ исимли йигит.

«банклар нега жим?»

– Фоизсиз кредит олиш ҳақидаги рекламаларни кўриб, айни муддао бўлди деб, кредит расмийлаштиришга ўтдим, – деб ёзади Нодир исмли йигит ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Бир нечта амалларни бажариб ўзимнинг шахсий маълумотларимни ва карта рақамларимни ҳам киритдим. Шунчалик ҳам содда бўламанми? Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан картамдаги бор пулимни ечиб олишди. Кейин ўйлаб қолдим, ҳеч замонда банклар фоизсиз кредит берадими? Бирон бир банк ходимлари билан боғланиб кўрмайманми?..

Ҳа, бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган фоизсиз кредит олиш ҳақидаги рекламаларда номлари келтирилган банк ходимлари билан боғланганимизда ушбу рекламалар ёлғон экани ва одамларнинг бундай ёлғон хабарларга ишониб қолмасликларини таъкидлашди. Аммо фирибгарлар томонидан тарқатилаётган ёлғон хабарларнинг олдини олиш учун банк томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот ололмадик.

Қизиғи шундаки, бугун юртимизда очиқдан-очиқ турли молия ташкилотлари ва банк номларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлар ижтимоий тармоқларда ҳар хил эълонлар жойлаб, одамларни чув тушириш ҳолатлари ошиб боряпти. Одамлар фирибгарлар тузоғига тушиб миллионлаб пулларидан айрилиб қоляпти.

Шу ўринда савол туғилади: банклар номидан фойдаланиб аҳолига кредит беришни реклама қилаётган фирибгарлар эълонларини «Anorbank», «Ipak yo‘li banki» ходимлари наҳотки кўрмаётган бўлса?!..

Ёлғон ахборот тарқатаётган фирибгарларни блоклаб қў­йиш, ижтимоий тармоқларда тарқалган ёлғон рекламаларни ўчириш учун нега вақтида ҳаракат қилишмаяпти?

Танганинг иккинчи томони бўлгани каби, ижтимоий тармоқларнинг ҳам бир қанча салбий оқибатлари мавжуд. Айнан ижтимоий тармоқларда бугун фирибгарлик­лар урчигандан урчияпти. Кимдир номингизга катта мерос қолдирилгани ва уни олишингиз учун карта рақамингизни беришингиз кераклигини сўрайди. Яна кимдир катта пул маблағини ютиб олганингизни айтиб, шахсий маълумотларингизни беришингизни талаб қилади. Энди эса фирибгарлар нуфузли банк номларидан фойдаланиб фоизсиз кредит ваъда қилиб, содда одамларни чув тушириши авж оляпти. Ижтимоий тармоқларда ҳам бундай рекламалар тез-тез эълон қилиниб, одамларда қизиқиш уйғотмоқда.

Киберхавфсизлик маркази аҳолини турли банк номларидан фойдаланиб ёлғон реклама тарқатаётганларга ишонмаслик бўйича бир қанча ишларни амалга оширмоқда. Аммо негадир ушбу ҳолатларга Марказий банк муносабатини кўрмаяпмиз? Ёки чиндан ҳам кредит фоизлари доим баланд бўлган банкларимиз фоизсиз кредит беришни йўлга қўйдими? Агар шундай бўлса нега одамлар фирибгарлар тузоғига чув тушмоқда? Бу бўйича эса Марказий банк мутасаддиларидан жавоб кутиб қоламиз.

 

Мансурбек ЖАББОРОВ,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар