Ҳаво ҳарорати пасайиши билан аҳолида ёқилғи муаммоси пайдо бўлади. Мавжуд табиий газ ресурслари чеклангани, барча эҳтиёжларга тўла жавоб бера олмаслиги ҳамда газ босимининг пасайиши муаммоси бор гап.
Бундай пайтларда муқобил ресурслардан фойдаланиш тавсия этилади. Аҳолига ўрнатилган тартибда кўмир етказиб бериш ишлари тизимли ва самарали йўлга қўйилишини талаб этади. Аммо жойларда бу масала қай даража ўз ечимини топаётгани кўпчиликни қизиқтирса керак.
Давлат томонидан аҳолига имтиёзли нархда сотилиши керак бўлган кўмир захиралари тегишли манзилларга – энг қуйи қатламга етиб бормаётгани бугунга келиб яна бошқа бир қанча ҳуқуқбузарликларга йўл очаётган кўринади.
Ўтказилган текширувларда кўплаб ҳудудларда аҳолига имтиёзли нархда етказиб берилиши керак бўлган юзлаб тонна кўмир ноқонуний сотиб юборилгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушмоқда. Кўмир омборларининг қанча мансабдор шахсларига жиноят иши очилди. Афсуски, бундай ҳолатлар ҳамон давом этмоқда.
Қиш совуғи аёвсиз, газ босими паст, аҳоли эса ночор. Бунда бирдан-бир чора «ўзинг учун ўл етим» қабилида йўл тутиш бўлиб қолаётгани ташвишланарлидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, боғлар яратиш, чўл ҳудудларидаги мавжуд ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш борасида жиддий ҳаракатлар қилиняпти. Айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилди. Уларда минглаб фидойи инсонлар холис иштирок этишди. Ҳамманинг мақсади қурғоқчилик, чўлланиш ва тупроқ эрозиясига қарши курашиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, экологик тангликнинг олдини олиш бўлди. Шу мақсад доирасида юз минглаб кўчатлар экилди. Аммо уларнинг қаҳратон қишдан эсон-омон чиқиб кетиши ҳам янги бир масалага айланмоқда.
Ҳудудларда олиб борилаётган тезкор назорат тадбирлари кўпчиликнинг заҳматли меҳнатлари эвазига бунёд этилган яшил майдонлар ҳозирда талон-тарож қилинаётганини аниқлади. Ноқонуний тарздаги бундай ёндашув мамлакат учун янада қимматга тушиши табиий.
Мисол учун, Тупроққалъа туманида ўтказилган рейд давомида фуқаро А.Б. 12,6 метр куб ҳажмдаги табиий ҳолда ўсувчи саксовул ўсимлигини кесиб, машинасида олиб кетаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан мазкур фуқарога нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузар БҲМнинг 10 баробаридан 20 баробаригача (3 400 000 — 6 800 000 сўм) жаримага тортилиши мумкин.
Қонуний чора кўриш мақсадида жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судига юбориш учун қўшимча ҳужжатлар тайёрланмоқда. Фуқаронинг машинаси эса қонуний чора кўрилгунига қадар вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Бу ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан аниқланган ва ҳужжатлаштирилган биргина ҳолат холос. Аммо ҳали масъуллар назаридан четда қолган бу каби қанча ҳуқуқбузарликлар борлигини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Эътиборлиси шундаки, ушбу масалага ҳар томонлама манфаатли ва объектив ечим топилмас экан, қаҳратонда дарахтларни сақлаб қолиш янада қийинлашиши мумкин.
Элёр ХЎЖАЕВ,
экофаол
Ҳеч ким кўрмаса... чиқинди ташлаш мумкинми?
🕔16:53, 04.06.2026
✔18
Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенгликларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.
Батафсил
Келажак боғлари
🕔16:40, 04.06.2026
✔21
Бугунги кунда Ўзбекистон боғдорчилигида «функционал озиқ-овқат» яратиш даври бошланди. Энди боғбонларимиз меванинг йириклиги билан бир қаторда унинг таркибидаги инсон саломатлиги учун фойдали моддалар миқдорини ошириш устида ҳам изланиш олиб бормоқдалар.
Батафсил
Зарафшонда депутатлар назорати: Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...
🕔15:52, 21.05.2026
✔80
Бугун ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда санитария ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Батафсил