Табиат      Бош саҳифа

Ифлосланган ҳаво ортидан келаётган катта хавф муаммонинг сабаби аниқ, зарари аён, аммо ечими-чи?

Бугун ифлосланган ҳаво таъсирини сезмаган одам қолмади ҳисоб. Айниқса, жаҳон стандартларидан 19 мартагача кўпроқ ёмон кўрсаткичларни қайд этаётган Тошкент шаҳрининг ҳавоси бутун мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун жиддий ташвиш солмай қолмайди.

Ифлосланган ҳаво ортидан келаётган катта хавф муаммонинг сабаби аниқ, зарари аён, аммо ечими-чи?

Пойтахтимиз ҳавосидаги зарарли зарралар кундан-кунга ошаётгани, қум ва чанг-ғуборлар миқдори юқорилигича қолаётганидан кўпчилик хавотирга тушмоқда. Афсуски, олаётган ҳар бир нафасимиз бизни турли касалликларга яқинлаштирмоқда, эътиборсизлигимиз бадалини саломатлигимиз билан тўлаяпмиз.

Аслида бундай оғир экологик вазият келиб чиқишининг туб сабаблари нимада? Муаммога ечим топишнинг қандай йўллари бор? Тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан бу йўлда нима чоралар кўрилмоқда?

Саратон сабабчиси

Ифлосланган ҳаво таркибида олтингугурт диоксиди, озон, қўрғошин кабилар бўлиши мумкин. Кўплаб тадқиқотларга кўра, бундай зарарли ҳаво нафас йўллари, юрак-қон томир касалликлари, неврологик муаммолар, саратон ва эрта ўлимнинг сабабчиси бўлиши мумкин.

Ифлосланган муҳитда яшаш инсонларни инфекцион касалликларга, жумладан, коронавирусга нисбатан таъсирчан қилиб қўяди. 2020 йилдан бери олиб борилган тадқиқотларга кўра, қаерда ҳаво ифлосланиши кўрсаткичи юқори бўлса (ҳатто вақтинча бўлса ҳам), ўша ерда COVIDʼдан зарарланиш, ўлим ва асорат қолиши кўрсаткичи юқорироқ бўлган.

2020 йилнинг мартидан то декабригача олиб борилган тадқиқотда ўрмон ёнғинлари тутуни кузатиладиган Калифорния, Орегон ва Вашингтон штатларида коронавирусдан зарарланиш 20 мингтага кўпроқ, ўлим ҳолати эса 750 тага ортиқлиги аниқланган.

 

Йилига 7 миллион бевақт ўлим

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобига кўра эса ҳар йили ҳавонинг ифлосланиши 7 миллион бевақт ўлимга сабаб бўлади. Болаларда бу ўсиш ва ўпка фаолиятининг сустлашиши, нафас йўллари инфекциялари ва астма касаллигининг асоратларида намоён бўлади. Кексалаларда ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ бўлган юрак ва қон томир касаллиги эрта ўлимнинг энг кўп учрайдиган сабаб­ларидан биридир. Диабет ва нейродегенератив касалликлар ҳам кўпаяди.

 

Тошкент ҳавоси ифлосланишига сабаб нима?

Куни кеча Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳри ҳавосини ифлослантирувчи асосий омилларни санаб ўтар экан, қурилишдаги хаос, автотранспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газлар, жамоат транспортининг ривожланмагани, инфратузилма йўқлиги, саноат чиқиндилари, кўмир ва мазутдан фойдаланишнинг ортганини асосий сабаблар сифатида қайд этиб ўтди.

 

Углерод оксиди миқдори нормадан 4,4 баравар ортган

Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар томонидан углерод оксиди (CO) миқдори ЖССТ томонидан белгиланган нормадан 4,4 баравар ортгани қайд этилган.

Жумладан, 10 майда дисперс заррачалари максимал миқдори 341 мкг/м3ни ташкил этган бўлса, РМ 2,5 миқдори эса белгиланган нормадан 57 баробар ортиб кетиб, 311 мкг/м3ни ташкил этган.

 

Кислород улуши камаймоқда

Тошкентнинг атмосферасида кислород улуши ҳам нисбатан камайиб бораётгани аниқланмоқда. Бу ўз навбатида уйқусизлик, ҳолсизлик, бош оғриғини келтириб чиқаради ва мия фаолиятига салбий таъсир қилади.

 

Иқлим ўзгариши оқибатлари

Атмосфера ифлосланишига республикада иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган об-ҳавонинг экстремал кучайиши, ерларнинг шўрланиши, камсувлик, қурғоқчилик, чангли бўронлар сабаб бўлмоқда.

Қуйидагилар эса Тошкент атмосфера ҳавосининг ифлосланишидаги асосий омиллардир:

 

Яшилликнинг йўқолиши

Жойларда дарахт ва буталарни палапартиш кесиш экологик мувозанат бузилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин, шундан 10,5 мингга яқин қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши туфайли табиатга 45 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, магистрал йўллар ва шаҳар ҳудудида, турар жой массивларида кўкаламзорлаштириш фоизи камлигича қолмоқда.

 

Қурилишдаги хаос

Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Энг ёмони, бу қурилишларда СанПиН қоидаларига риоя этилмайди ва экологик экспертиза ўтказилмайди. Масалан, оралиқ масофага риоя қилинмасдан баланд бинолар қурилиши шамол айланишини тўсиб қўйган, ҳавога керагидан ортиқ маиший чиқинди чиқарилмоқда.

 

Машиналардан чиқаётган заҳарлар

Автотранспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган заҳарли газлар ҳажми ошиб боришига транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёнилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

2021 йилда 3,14 млн. дона автотранспорт бўлган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн. донани ташкил этиб, 32 фоизга ортган.

Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 минг автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситалари кириб келмоқда.

 

Ҳамон оқсаётган жамоат транспорти

Шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, алоҳида велосипед йўлакчалари етарли эмас.

Оқибатда машиналардан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори янада ошиб бормоқда.

 

Саноат ва маиший чиқиндилар муаммоси

Заводлар, цехлар ва шу каби ишлаб чиқариш корхоналарида экологик назорат қониқарсиз даражада, эски ва самарасиз технологиялардан фойдаланиш натижасида атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдори ҳалокатли даражага келиб қолган.

 

Кўмирдан фойдаланиш ортмоқда

Мамлакатда углеводородлардан, жумладан, кўмирдан фойдаланиш ҳажмларининг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 млн. тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда 5,3 млн. тонна, жорий йил якунига кўра 6,7 млн тоннани ташкил этиши кутилмоқда.

Бу эса ўз навбатида, кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда.

Маълумот учун: 10 тонна кўмир ёқилганида атмосферага 220 кг. қурум, 360 кг. олтингугурт II оксиди, 64 кг. углерод оксиди, 16 кг. азот ­
II оксиди ва 2 тонна кул тарқалади.

 

Мазут ёқилғисидан фойдаланиш ортган

Куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари (ТС) томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш ҳам атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига олиб келмоқда.

Биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхоналарида декабрь ойининг ўзида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилган.

Тошкент шаҳри жойлашуви рельефининг хусусиятлари ҳам атмосфера ҳавоси ифлосланишининг муҳим омилларидан бири эканини қайд этиш зарур. Яъни, пойтахт тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди. Шунинг учун ҳам шаҳар ва аҳоли яшаш пунктларида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллардан бири бўлган кўмир ва мазут ёқилғисидан фойдаланишни кескин камайтириш таклиф этилмоқда.

 

Муаммога ечим борми?

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасида муҳим таклифлар илгари сурилмоқда ва бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Жумладан, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича 1- ва 2-тоифали саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, мавжудлари реконструкция ҳамда модернизация қилинади. Шунингдек, мазкур ҳудудларда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларни кузатиш постлари жорий этилади, атроф-муҳит мониторингини амалга ошириш учун эса автоматик станциялар ўрнатилади.

 

AI-80 дан воз кечиш, эски машиналарга тақиқ...

Шунингдек, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига салбий таъсирларни камайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинмоқда:

– «Евро-4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёнилғидан (AI-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш;

– автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш;

– 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишини тақиқлаш, автотранспорт воситалари эгаларига замонавий автотранспорт воситаларига ўтиш учун (электромобиль) имтиёзлар, переференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;

– сўнгги йилларда автомобиль йўлларида юзага келаётган тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни «тоқ ва жуфт» кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;

– шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил қилиш;

– жамоат транспортини тўлиқ электр, газ-баллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;

– барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объект­лар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;

– Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;

– микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;

– Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;

– илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш.

 

Бош прокуратура ва Экология вазирлиги муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг сабаблари, шаҳарда сунъий кўллар, сув ҳавзалари, яшил қопламаларнинг камайиб кетганлиги, минтақада сув танқислиги сабаб чўллашишнинг кенгайиб бораётгани, автотранспорт воситалари, ёқилғи энергетикаси ҳамда сувдан тежамкорлик билан фойдаланишда муайян қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмаётгани, атмосферага меъёридан ортиқ ташламалар ташланаётгани ҳақидаги хабарлар ва уларга сабаб бўлаётган ҳолатлар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якуни бўйича «Автомобилсиз кун», ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш, жамоат транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, стандарт минимумини «Евро-4»га кўтариш, саноатда кўмир ёқилғисидан воз кечиш ва шу каби кўп­лаб таклифларни ишлаб чиқиш ва реализация қилишга келишилди.

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔28

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔31

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔38

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 28    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 31    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 38    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 58    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 37    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар