Қорақалпоғистон Республикаси – қўриқхона ва Миллий табиат боғлар диёри десак, ҳеч янглишмаймиз.
Кейинги йилларда бу ерда бир неча табиат боғлари ва қўриқхоналарнинг ташкил этилишида жуда катта маъно ва моҳият мужассам. Оролбўйидаги экологик инқирозни юмшатиш, табиат ва атроф-муҳит муҳофазасини такомиллаштириш мақсадида ташкил қилинаётган миллий табиат боғларининг аҳамияти бениҳоя катта. Уларда ноёб ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилар ва ўсимликлар дунёсининг тобора камайиб бораётган турларини сақлаш имконияти, шарт-шароитлари яратилмоқда.
Инсон иродаси, ақл-заковати қаршисида экологик инқирозлар буткул чекиниши шубҳасиз. Қуриган денгиз ўрнида тўқайзор ва ўрмонлар барпо қилинмоқда. Халқимиз ҳамжиҳатликда барпо қилаётган бу яшил маконларни асраб, ривожлантириш эса бизнинг фарзандлик бурчимиз саналади.
Бизнинг «Оролбўйи» Миллий табиат боғимиз Бўзатов туманининг «Эркиндарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Мазкур боғ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 августдаги «Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Қадимий «Довудкўл» сув ҳавзасининг шимоли-ғарбида, денгиз сатҳидан 55-65 метр баландликда жойлашган мазкур табиат боғининг эни 1-1,5 километрни, узунлиги эса 15 километрни ташкил этади. Умумий ер майдони: 3165,95 гектарни ташкил қилади. Бу ерда қиринқора, вишилдоқ оққуш, пушти сақоққуш, жингалак сақоққуш, илонқор бургут, қоракалхат, кичик қоравой каби ўнлаб «Қизил китоб»га киритилган ноёб қушларни учратиш мумкин. Эътибор берган бўлсангиз, пушти сақоққуш дунё бўйича жуда кам қолгани айтилиб келинади. Аммо уларнинг Оролбўйларида учраётганининг ўзи бу ерларда уларнинг кўпайиб, жўжа очиши учун шароит етарли эканидан дарак беради.
Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Табиий фанлар илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида «Оролбўйи» Миллий табиат боғи ҳудудида 85 турдаги умуртқали ҳайвонлар аниқланган. Шундан 17 турдагиси судралиб юрувчилардир. Яна сут эмизувчиларнинг 16 тури, 52 турдаги қушлар рўйхатга олинган. Ўтмишда қолган баҳайбат динозаврларнинг авлоди бўлмиш ажойиб эчкиэмарларни ҳам шу ерда учратишингиз мумкин.
Баъзан муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудда қонунбузарлик ҳолатлари ҳам учраб туради. Броконьерлар томонидан ҳайвонлар ва қушларга қирон келтириш ҳолатларига ҳар доим сергаклик билан курашиб келмоқдамиз.
Бароконькерларни ҳар доим кузатиб, назорат қилиб юриб бўлмайди. Табиатга зиён келтириш ҳолатларини камайтиришнинг энг қулай ва самарали йўли бу тарғибот ва тушунтириш ишларидир. Шу боисдан ҳам биз жамоамиз билан биргаликда оддий аҳолидан тортиб, ўқув юрти талабаларигача – барчага миллий табиат боғини ташкил этишдан кўзланган мақсад нима эканини тушунтиришдан эринмаймиз. Бу борада кўплаб тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказяпмиз.
Миллий табиат боғи ҳудудида алоҳида экологик, маданий ва эстетик қимматга эга бўлган табиий тўқай ландшафтларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, йўқолиб кетаётган, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси турлари, экологик мувозанатни сақлаш, табиий ресурслардан оқилана фойдаланиш каби муҳим масалалар борасида батафсил тушунтиришдан асло эринмаймиз. Ўзимизнинг қўриқлаш ва илмий тадқиқот ишларимиздан ташқари экологик таълимни ривожлантиришда, ёш авлодни табиатга меҳр билан тарбиялашда кўмаклашишни ҳам бурч-вазифа қилиб белгилаганмиз. Бу ишларимиз тез самара бераётганини умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг дарсдан бўш ва таътил пайтларида табиат боғига келиб, қушлар ва ҳайвонларга озуқа тарқатишга кўмаклашиши, ин ва уялар қуриб беришларида кўриш мумкин. Зеро, ёш авлод қалбида табиатга чексиз меҳр шаклланар экан, ҳатто улкан инқирозларнинг олдини олиш муаммо бўлмай қолади, деган фикрдаман.
Муратбай ШАМШЕТДИНОВ,
«Оролбўйи» миллий табиат
боғи илмий котиби
Юксак экологик маданият – давлат ва нодавлат сектор ҳамкорлиги меваси
🕔17:53, 16.04.2026
✔12
Ҳозирги глобаллашув шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борган сари долзаб аҳамият касб этмоқда. Сўнгги ўн йилликларда табиий техноген ва антропоген омиллар таъсирида иқлим ўзгариши, ўртача ҳароратнинг кўтарилиши, ёғингарчилик меъёрларининг ўзгариши юзага келмоқда.
Батафсил
«Қизил тоғ» чиқиндилардан тозаланди
🕔15:51, 13.04.2026
✔32
Табиат – инсониятга берилган бебаҳо неъмат. Уни асраб-авайлаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчидир. Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ташкил этилаётган экологик акциялар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Батафсил
Ўзбекистоннинг сиртлонларни асраш ташаббуси қўллаб- қувватланди
🕔15:43, 13.04.2026
✔29
Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини сақлаш тўғрисидаги Конвенция Томонларининг 15-конференсияси (CMS COP15) якунларига кўра, биохилма-хилликни сақлаш бўйича глобал чораларни кучайтиришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди.
Батафсил