Мутахасcисларнинг таъкидлашича, гужум дарахти жой танламас экан. Худди янтоққа ўхшаб чуқур илдиз отиб, қурғоқчил, шўрланган ерларда ҳам ўсаверади. Барглари тукчалар билан қоплангани боис қуёш тафтини ўтказмайди. Ҳаводаги намликни сўриб олиб, буғлантириш хусусияти кам. Шу боис иҳотазорлар барпо этишда, асосан, гужумдан фойдаланилади.
Дарҳақиқат, гужум қум кўчкиларининг олдини олиш, шамол йўлини тўсиш, тупроқни эрозиядан асрашдан ташқари, иқлимни мўътадил сақлашда ҳам қўл келади. Айниқса, ёзнинг жазирамасида қуюқ соя бериб, офтобнинг тангадек нурини ҳам ўтказмайди. Шунинг учун бўлса керак, Хоразм вилоятида бундан 30-40 йиллар муқаддам гужум ўстирилмаган ҳовлини учратиш қийин эди. Шарга ўхшаш кўркам қиёфа касб этиб ўсувчи ушбу соябоп дарахт био «кондиционер»нинг ўзгинаси. Негаки, у карбонат ангидрид газини ютиб, кўп миқдорда кислород ишлаб чиқаради, ноорганик чангларни тутиб, ҳавони тозалайди. Бу – ҳар қандай иссиқ, хусусан, воҳанинг кескин континентал иқлим шароитида ҳам инсоннинг ҳордиқ чиқариши учун қулайлик яратади, деганидир.
Хоразмлик нуронийлар ёшларга қарата «гужумдек униб-ўсинглар», дея дуо қилишади. Бу бежиз эмас, албатта. Гужум ўта чидамли бўлиб, юз йилдан ортиқ умр кўради.
Шуни ҳам айтиш жоизки, гужум баргида ошловчи моддалар кўп. Ўтмишда кийим-кечак ва гиламлардаги доғларни кетказишда унинг барги асқатган. Шу маънода, гужумни ҳали чуқур ўрганилмаган табиат мўъжизаси, дейиш мумкин. Дарахт ёғочи дурадгор ҳамда ўймакор усталар томонидан алоҳида қадрланади. Сабаби, ўта пишиқ, иссиқ ва совуқда ёрилмайди. Ҳозирги кунда ҳам ҳунармандлар уй-рўзғор буюмлари, мебель жиҳозлари, эшик ва дарвозалар ясашда гужум ёғочидан фойдаланишни маъқул кўришади. Хива шаҳридаги тарихий обидаларнинг дарвоза ҳамда эшиклари айнан гужумдан ясалгани бунинг тасдиғидир. Зеро, гужум дарахти кўҳна ва ҳамиша навқирон обидалар сингари ўта қадимий ҳамда мафтункор. Унинг кўпайтирилиши биологик хилма-хилликни сақлаш, экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири саналади.
Шу ўринда Орол фожиасини эслаш лозим. Денгизнинг қуриши нафақат Хоразм, Қорақалпоғистон, балки, Марказий Осиё республикалари флора ва фаунасига кучли таъсир ўтказди. Унинг қуриган тубидан миллионлаб тонна заҳарли моддаларга тўйинган тузли қум атрофга тарқалди. Қуруқ иқлимда мунтазам эсадиган шамол уни минглаб километр узоқларга элтади. Коинотдан олинган тасвирларга кўра, тузли чанг булутлари Сибир тайгаси, Шимолий муз океани устида ҳам қайд этилган. Ҳозирда амалга оширилаётган хайрли тадбирлар натижасида хатарга қарши кучли кураш олиб борилмоқда. Тузли тупроқ жонлантирилмоқда, унинг ўрнида яшил ўрмонлар барпо этилмоқда.
Мустақиллик йилларида биологик хилма-хилликни сақлаш, атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар туфайли гужумни кўпайтириш ишлари бошланди. Бугунги кунда шаҳар ҳамда қишлоқларни кўкаламзорлаштиришда ундан кенг фойдаланиляпти. Шаҳарларда янги лойиҳа асосида яшил майдонларнинг биринчи қаторларига игна баргли дарахтлар, кейинги қаторларига гужум ниҳоллари қадаляпти.
Шундай бўлмоғи лозимки, шаҳар, қишлоқлар, маҳалла, элатлар кўчаларини гужумлар қоплаб олса, отахонлар, онахонлар, уларнинг фарзанд ва набиралари дам оладиган серсоя гужумли хиёбонлар, истироҳат боғлари ташкил этилса, деб орзу қиламиз. Токи, юртимизнинг фахри ҳисобланган гужумлар «Қизил китоб»га кирмасидан, уни асраш, кўпайтириш тадбирларини кўрайлик.
Мадрим МАДРАҲИМОВ,
Халқ депутатлари
Янгиариқ туман
Кенгаши депутати
Бекобод: транспорт ва саноат тараққиётида янги босқич
🕔13:29, 20.07.2026
✔42
Президентимизнинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига амалга оширган ташрифи стратегик аҳамиятга эга воқелик сифатида муҳрланди. Ушбу ташриф чоғида нафақат ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши кўздан кечирилди, балки транспорт инфратузилмаси, саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган икки муҳим лойиҳага старт берилди.
Батафсил
«Қанча дарахт яшаб қолди?» деган савол муҳимроқ...»
🕔13:28, 20.07.2026
✔40
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев яқинда дарахтлар, яшил майдонларнинг аҳамияти хусусида муносабат билдирар экан, бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди. Иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўп қисмида аномал жазирама авж олаётган паллада бу жуда долзарб ҳисобланади:
Батафсил
Ўзбекистон футболчилари – экологик маданияти юксак эканини намоён этмоқда
🕔11:22, 30.06.2026
✔97
Шу кунларда футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган миллий терма жамоамиз футболчиларининг биргина ҳаракати бизни чин дилдан тўлқинлантириб юборди.
Батафсил