Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бугунги экологик вазият ва халқимизнинг юксалиб бораётган онгу тафаккурига ҳамоҳанг тарзда партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Партиянинг барча куч ва салоҳиятини, фаоллари ва тарафдорларини Ўзбекистон Экологик партияси ўз олдига қўйган дастурий мақсадлар атрофида бирлаштириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва имкониятларни ишга солиш хусусида атрофлича фикр юритилди.
«Айни пайтда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳудудларнинг санитар ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасидаги сиёсат изчиллик билан амалга оширилмоқда. Экологик муаммоларнинг қулай атроф-муҳит шароитида яшашимизга, фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишига кучли салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўплаб юртдошларимиз яхши англаб турибди. Шу боис жойлардаги табиатга зиён етказиш ҳолатларига муросасизлик билан курашувчи жамоатчилик вакиллари сони тобора ортиб бормоқда. Бу албатта, бизларни қувонтиради. Аммо бу билан хотиржамликка берилишимиз мумкин эмас...»
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев пленумда барчанинг эътиборини шу каби долзарб масалаларга қаратди. Пленумда партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, экспертлар, эколог олимлар, партия ходимлари, фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бутун дунё бўйлаб, хусусан, юртимизда кучайиб бораётган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, уларга қарши курашиш ва салбий таъсирларининг олдини олишда соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган ҳолда янги ечимлар топиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш масалалари партия фаолларининг ушбу анжуманида муҳокама қилинди.
Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган бугунги кенг қамровли ислоҳотлар жараёнидан келиб чиқиб, партия Марказий Кенгаши аъзолари ва партиянинг дастурий вазифаларини рўёбга чиқаришга хайрихоҳ бўлган юртдошларимизнинг бу борадаги фаоллигини янада ошириш тўғрисида сўз юритилди.
– Партиямизнинг фаол ва ташаббускор аъзолари, қолаверса, она табиатга бефарқ бўлмаган фуқароларимиз, кенг жамоатчилик билан биргаликда экология борасида салмоқли фаолиятга бел боғлаганмиз, – деди партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев. – Ўтган қисқа муддат ичида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Аммо олдимизда турган вазифалар янада улканроқдир. Мамлакатимизда тупроқнинг турли хил саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши, атмосфера ҳавосининг бузилиши ва саноат корхоналари фаолиятининг атроф-муҳитга салбий таъсири билан боғлиқ муаммолар ҳамон экологик хавфсизлик соҳасида долзарблигича қолмоқда. Шу боис, бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришимиз, замонавий халқаро тажрибаларга таянган ҳолда муттасил ҳаракат қилишимиз зарур.
Пленум давомида партия Марказий Кенгаши аъзоларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш мақсадида унинг таркибига соҳанинг етук мутахассислари, олимлар, жамоат арбоблари, экология йўналишида узоқ йиллардан буён самарали хизмат кўрсатиб келаётган фидойи экологларни жалб этиш зарурлиги қайд этилди. Марказий Кенгашнинг айрим аъзолари бошқа ишга ўтгани муносабати билан уларнинг ўрнига янги аъзолар сайланди.
Пленум иштирокчилари томонидан партия олдида турган долзарб вазифалардан келиб чиқиб, партия ташкилий тузилмасини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш муҳимлиги, партия ва унинг депутатлик корпуси олдида экологик муаммоларни ўрганиш, экология соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича ишларни янада кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, йиғилишда партия уставини бугунги замон талабларига ҳамоҳанглигини таъминлаш ҳамда уставга партиянинг жамият ҳамда давлат бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Партия Марказий Кенгаши томонидан барча йўналишларда олиб борилаётган ишларни юқори босқичга кўтариш, сайловчилар ва мурожаатчиларнинг ишончини оқлаш, розилигига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔66
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔193
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил
Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида
🕔15:58, 09.07.2026
✔184
Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Батафсил