Экоолам      Бош саҳифа

Навбатдаги сессия кун тартибида – «Яшил макон»

Бу вилоятнинг айрим раҳбарларини «уйғота» оладими?

Навбатдаги сессия кун тартибида –  «Яшил макон»

Куни кеча Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг 76-сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳамда қатор соҳаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Вилоят Кенгашининг сессиясида Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида 2024 йил баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчат ва дарахтлар парвариши ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш юзасидан вилоятда ўтказилган мониторинг натижалари бўйича долзарб масала кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлик гуруҳи раҳбари Носир Ҳалимовнинг ахбороти ҳамда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Бобир Яздановнинг ҳисоботлари тингланди.

 

Қашқадарёда экилган кўчатлар нечта, қуригани-чи?

Ҳисоботда таъкидланишича, жорий йил баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиз бўйлаб 10,2 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 11,1 миллион туп кўчат экилиб, режа 109,3 фоизга бажарилган. Чиқинди полигонлари атрофига 1,5 миллион туп иҳота дарахтлари экилиши режалаштирилган, амалда 2 миллион туп экилиб, режа 132,8 фоизга бажарилганини кўришимиз мумкин.

Ушбу экилган кўчатлар «Яшил макон» электрон платформасига вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходимлари томонидан тўлиқ киритилиб, дарахт кўчатлари масъулларга далолатнома асосида бириктирилган.

Таъкидлаш керакки, вилоят миқёсида экилган манзарали ва мевали дарахт кўчатларини парваришлаш ҳамда суғориш ишларининг ташкил этилиши юзасидан амалга оширилган ишлар устидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши комиссия аъзолари ва Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи томонидан мунтазам равишда мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, июнь ойида ўтказилган мониторинглар натижасида бир қатор муаммолар борлиги, кўчатларни парваришлаш, жумладан, суғориш ва касалликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаётгани аниқланди. Суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, оқибатда минглаб ниҳоллар қуриб қолган.

Хусусан, Қарши тумани «Чороғил» маҳалласидаги туман чиқинди полигони ҳудудида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилган дарахт кўчатларининг парвариши ва уларнинг ҳолати кўздан кечирилганда, атрофи қисман ўралган чиқиндихона ҳудудига жорий йил баҳор ойларида 1300 туп тут, гужум ва бошқа манзарали кўчатлар «Эко ҳаёт» МЧЖ томонидан экилган. Кўчатларни махсус автомашиналарда ташиб суғориш кўзда тутилган. Афсус­ки, суғориш ишлари ўз вақтида олиб борилмагани сабабли дарахтларнинг 80 фоизи қуриб қолган.

Бу ҳолат Касби туманидаги «Мус­тақилобод» маҳалласи ҳудудида жойлашган чиқинди полигони атрофида аянчли тус олган. Лойиҳа доирасида «Касби эко ҳаёт» МЧЖ томонидан экилган 1000 туп тут кўчатлари артезиан қудуғидан бор-йўғи бир марта суғорилган. Касбида артезиан қудуғидаги носозлик сабаб дарахтлар сувсизликдан қуриган бўлса, Косондаги чиқинди полигони атрофига қадалган 1080 дона тут кўчатлари бирор марта суғорилмаганидан қовжираган. Ҳар иккала туманда чиқиндиларни зарарсизлантиришда муаммолар бор. Айниқса, Косон туманида кенг дала бўйлаб ёйилган чиқиндилар соҳа мутасаддиларининг эътиборсизлигидан сўзлаётгандек гўё.

Шунингдек, Чироқчи туманида суғориш тизими мавжуд бўлмаган майдонга экилган 1200 дона терак қаламчаларининг 85 фоизи қуриган, қолганиям қуриш арафасида.

 

Ачинарли аҳволдаги чиқинди полигонлари

Вилоят чиқинди полигонлари дирекциясига қарашли туманларда жойлашган чиқинди полигонларида аҳвол ачинарли. Аксарият полигон атрофлари тўлиқ ўралмаган, кириш дарвозалари йўқ, ташиб келтирилаётган чиқинди рекультивация қилинмайди, чиқиндилар сараланмайди ва қайта ишланмайди. Дезбарьер йўқ, чиқинди ташиб келган автомашиналар ювилмайди, зарарсизлантирилмайди. Полигонларда тарози ўрнатилмаган, сув таъминоти ва канализация тизими мавжуд эмас. Аҳолига хизмат кўрсатувчи ДХШлар ва полигонлар дирекцияси ўртасида икки томонлама шартномалар имзоланмаган. Айниқса, Косон, Миришкор, Деҳқонобод ва Муборак туманларида чиқинди полигони талабга умуман жавоб бермайди, атрофи ўралмаган, маиший чиқиндилар теварак-атрофга сочилиб ётибди.

Ёзнинг айни чилласида чиқиндилардан чиқаётган бадбўй ҳид ва турли ҳашаротларнинг урчиши масалага жиддийроқ ёндашишни талаб қилади.

Сессия муҳокамасига тақдим этилган ушбу ҳисобот депутатлар томонидан маълумот учун қабул қилинди. Вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан экилган кўчатларни парвариш қилиш, суғориш, пайҳон қилинишининг олдини олиш ишлари етарли даражада амалга оширилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани учун вилоят Экология бош­қармаси бошлиғи Б.Язданов огоҳлантирилди. Шу билан бирга, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ва алоқадор ташкилотлар раҳбарлари зиммасига кўчатларни парваришлаш ва чиқиндилар масаласи бўйича аниқ вазифалар юкланди.

Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи томонидан сессияда кўтарилган ушбу долзарб масалалар вилоятнинг тегишли мутасадди раҳбарларини «уйғотиши»га умид қиламиз. Зеро бу муаммолар ечими, аввало инсон саломатлиги, табиат гўзаллиги ва мусаффо ҳаво учун хизмат қилишини унутмайлик.

 

Сожида АЛЛАЯРОВА,

журналист




Ўхшаш мақолалар

Депутат ташаббуси  билан 20 та янги  иш ўрни

Депутат ташаббуси билан 20 та янги иш ўрни

🕔16:29, 04.09.2026 ✔77

Маҳалла обод бўлса, одамларнинг ҳам кўнг­ли тўқ. Уйда дастурхон тўкин, оилада иш ва даромад бўлса, эртанги кунга ишонч ҳам ортади.

Батафсил
«Долзарб 40 кунлик»: юртимиз кунига  30 минг тонна  чиқиндидан тозаланмоқда

«Долзарб 40 кунлик»: юртимиз кунига 30 минг тонна чиқиндидан тозаланмоқда

🕔16:29, 04.09.2026 ✔74

Ўзбекистонда Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан бутун республика бўйича барча ташкилотлар ходимлари дам олишган бўлса-да, тозалик ва ободонлаштириш соҳасининг фидойи ишчилари бир зум ҳам тўхташгани йўқ.

Батафсил
Бугунни ва келажакни  ҳимоя қилиш масъулияти

Бугунни ва келажакни ҳимоя қилиш масъулияти

🕔16:05, 27.08.2026 ✔126

Табиат бизни ўраб турган бутун борлиқ, кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш манбаидир. Инсон ушбу ягона экотизимнинг ажралмас бир қисми бўлгани боис, унинг моҳияти бир томондан биологик, иккинчи томондан ижтимоийдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар