Табиат      Бош саҳифа

Дарё бўйидаги ўйлар

Авжи ёз кунларида баҳаво, соя-салқин жойларда дам олиб, ҳордиқ чиқарганга нима етсин. Табиат бағрида бўлишнинг ўзгача гашти бор. Зеро, инсон табиат фарзанди, у табиий қулай шароитдагина ўзини тетик ва бардам ҳис қилади, атроф-муҳитдан, сув ва тоза ҳаводан баҳра олади.

Дарё бўйидаги ўйлар

Табиат бағрида бўлиш одамнинг кайфиятини кўтариш баробарида унга куч-қувват бағишлайди, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам ёзнинг жазирама кунларида катта-ю кичик ҳамма табиат бағрига интилади.

Шаҳрисабз ва Китоб туманлари Қашқадарё воҳасининг табиати бетакрор, хушманзара кентларидан ҳисобланади. Китоб ва Кеш томонларда ниҳоятда сўлим гўшалар кўп. Шу боисдан ҳам у тарафларда кўплаб ёзги оромгоҳлар, дам олиш мавзелари ташкил этилган. Ҳозирги пайт­да ўзининг хушҳаволиги билан анча машҳур бўлган Мироқи санаторийси ҳам Шаҳрисабздаги Оқсув бўйида жойлашган. Оқдарёнинг куну тун бедор шовуллаши сиҳатгоҳда дам олаётган кишиларга ҳам эшитилиб туради. Айниқса, сокин кечаларда тезоқар дарё сувининг шилдираши ҳориган асабларни тинчлантириб, кишига ўзгача кайфият улашади.
Яқинда мазкур сиҳатгоҳда дам олиб қайтдим. Айни саратон чоғида оиламиз билан табиат қўйнида бўлиб роса маза қилдик. Санаторийга бориб жойлашгач, эртасига тонг чоғи дарё бўйига тушиб бордик. Соҳил одамлар билан тўла эди. Ҳали барвақт бўлгани учун юрак бетлаб дарёнинг совуқ сувида чўмилиб бўлмасди. Шу боисдан бўлса керак, дарё суви зилолдай тиниқ, мусаффо эди. Тошларга урилиб шиддат билан оқаётган муздек сув ўркач-ўркач тўлқинлар ҳосил қилиб, кўкка сапчиганида атрофга сачраган биллур томчилар эрталабки қуёшнинг заррин нурларида товланиб кўзни қамаштиради. Дилим яйраб бу манзарага завқ билан тикиларканман яқин атрофимдаги одамлар ҳам дарёдан кўз узолмаётганига диққат қилдим. Тонгги саболар эпкинидан уфураётган салқинлик танга ором бағишлайди. Шу пайт юқоридан яна тўрт нафар аёл ёнимизга тушиб келишди. Бизлар билан саломлашгач, аёллар дарё сувини ҳовучларига олиб кўзларига суртишди ва сўнгра юзларини ювишгач, ҳузур қилиб тўрт-беш маротабадан ҳўплаб ичишди.
– Худоё, берган неъматларингга шукр! – дея ҳамд-сано айтди ёши етмишлардан ошган момо Бухоро лаҳжасида.
– Бухородан келганмисизлар? – деб сўрадим ўз тахминимни тасдиқлатиб олиш ниятида.
– Ҳа, бухороликмиз. Бу ерга ҳар йили келиб турамиз. Менга ҳавоси ёқади, суви ширин. Кеча келгандик, санаторияда жой йўқ экан. Ҳозирча мана шу юқоридаги уйларнинг бирида ижарада турибмиз. Тоза ҳаводан нафас олайлик, деб дарё бўйига чиққандик...
Дарҳақиқат, бу ерга турли мавзелардан, қўшни вилоятлардан, ҳатто Хоразм, Қорақалпоғистон томонлардан дам олишга келган одамлар агар санаториядан жой тегмаса, шу ерлик аҳолининг уйида бир неча кун туришиб, табиат гўзалликларидан, мусаффо ҳаводан баҳраманд бўлиб қайтишар экан.
Таътил чоғида дарё бўйига яна тўрт-беш дафъа тушдик, шу яқин орадаги Қорадарё бўйларига ҳам бордик. Соҳилнинг салқин, мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олганимизда туйган завқ-шавқимизни айтган билан адо бўлмайди. Уни фақат «Она табиатнинг сўлим бағри нақадар ҳузурбахш!» – дея мухтасар ифодалаш мумкин. Аммо, дарё бўйларида табиат қўйнида яйраб топган ҳузур-ҳаловатимизга жиндек раҳна солиб, қалбда уйғонган инжа ҳис-туйғуларимизни хиёлгина рангсизлантирган ҳолатлар ҳам бўлдики, уни айтмасликнинг иложи йўқ. Бу гаплар ҳаммага тааллуқли, умум манфаатига дахлдордир.
Шу яқин атрофда истиқомат қилувчи одамларларнинг тоза сувни булғаб, табиатни ифлослантираётгани кишини афсуслантиради.
Бундай пайтларда беписандлик билан дарёга отиб юборилган чала ейилган мевалар, қовун-тарвуз пўчоқлари, елимхалталар ва баклашкалар, ароқ шишалари, қўйингки, тўкин зиёфат дастурхонидан чиққан жамики чиқитлар сувда оқиб кела бошлайди. Онда-сонда мол тезаклари, ахлатлар ҳам учраб туради. Бундай нохуш манзара хуш кайфиятингизни бузмайдими?! Бузади, албатта. Буни ўз кўзингиз билан кўрмасангиз ишонмаслигингиз ҳам мумкин. Лекин мен кўрганларимни айтяпман.
Қорадарёга яқин қишлоқлардан бирида дарё бўйларида сувга яқин баъзи жойларда уюм-уюм чиқинди тўкиб қўйилганини ҳам кўрдик. Айтишларича, уни кейинчалик дарёга оқизиб юборишар экан. Баъзи қишлоқ аёллари ювилган кирларини олиб чиқиб дарёга чайишар, айрим эринчоқлари эса тўғридан-тўғри дарёнинг ўзида ювишар экан. Хуллас, дарё сувини ифлослантириб булғашнинг турли-туман йўллари-ю «усул»лари борлиги бундай манзарага биринчи бор дуч келган ҳар қандай инсофли кишини таажжубга солмай иложи йўқ.
«Бундай нохуш ҳолатлар қайси қоидага тўғри келади, бирон-бир рисолага сиғадими?!» деб ўйлаб қоласан киши. Ўзимиз ичадиган, барчамизни ювиб-тараб поклайдиган сувни ўзимиз шунчалик ҳам булғашимиз инсофданми?!
Ота-боболаримиз сувни жуда азиз тутишган, уни ифлосланишдан, булғанишдан сақлашган. «Сувга тупурма», «Сувни беҳуда исроф қилма» деб ўргатишган. Нима учун биз бу ўгитларга амал қилмаймиз?! Шундоғам камайиб, ифлосланиб бораётган оби-ҳаётни авайлаб асраш ҳар биримизнинг ва ҳаммамизнинг биринчи галдаги бурчимиз эмасми?! Гавҳарга тенг бебаҳо сувнинг томчисига зор бўлмаслигимиз учун уни ҳозир асрашимиз, увол қилмаслигимиз керак.
...Инсон умри янглиғ шошқин оқаётган дарёлар сувидан баҳра олиб қайтарканмиз, хаёлимни шундай маҳзун ҳис-туйғулар чулғаб олган эди.
Маҳмуд ПИРМАТОВ, 
фахрий журналист




Ўхшаш мақолалар

Тиббиёт чиқиндилари хавфли,  аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод  иш бошлади

Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади

🕔09:00, 08.09.2025 ✔16

Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.

Батафсил
Плоггинга  қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза  атроф-муҳит сари қадам қўйинг

Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг

🕔08:57, 08.09.2025 ✔16

Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.

Батафсил
CITES  50 йиллиги  Самарқандда:  табиат ва инсонлар  ўртасидаги кўприк

CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк

🕔17:37, 29.08.2025 ✔54

Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар