Табиат      Бош саҳифа

Экологик тоза транспорт жамиятни соғлом ҳаёт сари етаклайди

Йўллар – бу фақат автотранспорт воситалари учун эмас. Йўллар ҳар қандай ҳолатдан ҳам – у хоҳ пиёда ёки автомобилда бўладими, хоҳ велосипед ёки скутерда бўладими – аввало инсонлар учун қулай, хавфсиз ва ишончли бўлиши керак.

Экологик тоза транспорт жамиятни соғлом ҳаёт сари етаклайди

Чунки йўлларнинг барча ҳаракат иштирокчилари учун бирдек қулай бўлиши имкониятлар, ижтимоий адолатга эришиш ва ҳаёт сифатини яхшилашнинг энг яхши воситасидир.
Афсуски йўлларимиздаги бугунги манзара бутунлай бошқача. Асосан автотранспорт воситалари йўлларимизни бутунлай «ўзиники» қилиб олганига анча бўлди. Оддийгина йўлни светофор бўлмаган пиёдалар йўлагидан кесиб ўтишга ҳаракат қилиб кўринг-чи, елдек учаётган автомашиналар қани энди тўхтаса. Ҳаттоки тўхтагани ҳам, жуда малол билан, «тезроқ ўтсанг-чи» қабилида тўхтовсиз сигнал чалишлар...
Автомобиль йўлларидаги бу оғриқли муаммонинг аччиқ оқибатлари кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаяётгани йўқ. ЙТҲларнинг кўплиги, туну кун тирбандлик, асаббузарлик, энг ёмони атмосфера ҳавосига чиқаётган тонналаб заҳарлар бугунги йўл инфраструктурасидаги хатоликларнинг оқибати, десак тўғри бўлади. Нотўғри лойиҳалаштирилаётган бу йўллар аввало автомашинадан фойдаланмайдиган аҳоли қатлами учун ноқулайликлар келтириб чиқараётган бўлса, иккинчидан тирбандликлар сабаб ҳаво сифати тобора ёмонлашиб бормоқда. Йўллардаги бу оғир инфратузилма йўл ҳаракати иштирокчиларини фақатгина шахсий автотранспорт воситаларига боғлаб қўймоқда. Жамоат транспорти вақтида манзилига боролмайди, скутер ёки велосипед учун йўлак йўқ, борлари ҳам тўсатдан «тугаб» қолади. Пиёдалар эса айрим йўл четларида бутунлай аросатда, қайси томондан юрса ҳаётига хавф туғилмаслигини ҳам билмайди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда аҳолининг пиёда ва йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиш улушини 20 фоизга етказиш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди? Бугунги кунда мазкур лойиҳа ижроси талаб даражасидами? Бугун тиғиз йўлларга эга қайси шаҳар ёки аҳоли пунктини пиё­далар ва экологик тоза транспорт воситалари тўлиқ ҳаракатлана оладиган имконият яратилди?
Афсуски бу саволларга ижобий жавоб топишимиз мушкул.
Фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантиришни ўзининг асосий фаолият йўналишлари сифатида белгилаб олган Ўзбекистон Экологик партияси ушбу долзарб муаммога жамоатчилик эътиборини қаратмоқда. Партия ўзининг Сайловолди дастури лойи­ҳасида бу йўналишда ҳам муҳим бир амалий таклиф билан чиқмоқда.

Ўзбекистон Экологик партиясининг таклифи:

Автомобиль йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар ва велосипедларда ҳаракатланиши учун алоҳида йўлакларни ташкил этиш

 

Ўзбекистон Экологик партияси томонидан илгари сурилаётган ушбу «саломатлик йўлаклари»ни оммалаштириш, велойўлаклар бўйлаб велосипедларни ижарага берувчи пунктлар ташкил этилиши ўз самарасини берадими? Албатта, бу жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, шаҳар ҳавосини, аҳоли саломатлигини яхшилаш томон муҳим амалий қадам бўлиши шубҳасиз.
Шаҳарларни режалаштиришда саё­ҳат тезлигига эмас, оммабопликка эътибор қаратиш аҳолининг муайян манзилга бориб келишдаги қулайликларни оширишни назарда тутади. Жумладан, аҳоли учун зарур хизматларнинг яқин атрофда жойлашиши аҳолини пиёда ёки велосипедда ҳаракатланишга рағбатлантиради, пиёдалар ва велосипедчилар учун инфратузилмани таъминлаш эса анча арзонга тушади.
Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, автомобилъ ҳайдовчилари тирбандлик туфайли кунига ўрта ҳисобда 25 дақиқа ортиқча вақт сарфлашади. Шунингдек, иштирокчиларнинг 74,2 фоизи тирбандликни шаҳарнинг асосий муаммоларидан деб таъкидлашган. Агар скутер ва велосипедда ҳаракатланиш учун қулай тизим яратилса, ҳозирги вақтда бир ўзи битта машинани овора қилиб ишга қатнайдиган қарийб 70 фоиз ҳайдовчиларнинг жуда кўпчилиги велосипед ёки скутерга ўтиб кетиши аниқ. Чунки ҳам вақтдан ютади, ҳам саломатлигидаги ижобий натижаларни ҳис эта бошлайди, энг муҳими, автомашинасидан анча арзонга тушади.
«Саккиз йилдан бери кундалик ишлар учун мунтазам велосипед ҳайдайман. Ора-сирада узоқроқ масофаларга велосафарга чиқаман. Шу йиллар давомида велосипед ҳайдашнинг тиббий ва иқтисодий фойдаларини танамда яхшигина ҳис қилдим. 2-3 дўстларимни ҳам велофаолиятга даъват қилиб, улов олишга ундадим.
Сўнгги йилларда шаҳарларимизда автомобиллар ҳаддан зиёд кўпайгани, тиғиз вақтларда йўллардаги тирбандликлар, метрода ишга кетар ва қайтар пайтдаги катта тирбандликни кўриб, буёғига велосипеддан яхшироқ транспорт бўлмаса керак, деган фикрим яна қатъийлашди.
Бизда ҳам шаҳар ичида ва ташқарисида алоҳида сифатли велотреклар очилиб, вело­йўналишлар ташкил этилса, ҳам ички сайёҳликка, ҳам ташқи туризмга фойдали бўларди.
Ёшлигингизни эслаш учун ҳам баъзида велосипед ҳайдаб туринг. Саҳар пайти йўлга чиқинг. Юринг. Ҳузурланинг. 2-3 марта мазасини билсангиз, сиз ҳам ўрганиб қоласиз», деб ёзади журналист, ҳаваскор велоспортчи Давронбек Тожиалиев.
Дарҳақиқат, жамоат транспорти ёки велосипедни бу – шунчаки ҳаракат воситаси деб тушуниш катта хато. Бундай экологик тоза транспорт турларини кўпайтириш мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига бевосита дахлдор бўлган кўплаб муаммоларга ечим бўла олади. Юртимиз аҳолисининг машинасиз юрадиган асосий қисми учун ҳаракатланиш воситаларини қанчалик кўпайтирсак, аввало одамларнинг соғлом турмуш тарзига муносиб ҳисса қўшилади, қолаверса шаҳар ҳавоси мўътадиллигини таъминлашга, автомашиналар ҳаракатини камайтиришга катта ёрдам бўлади.
Шаҳарларда юзага келган муаммолар, айтайлик, тирбандлик муаммоси ақлли светофор ўрнатиш ёки йўлларни кенгайтириш каби хусусий ечимлар билан бартараф бўлиб қолмайди. Муаммога комплекс ёндашув қўллаш, ислоҳотларни узоқ муддатни кўзлаб, режа асосида тизимли амалга ошириш талаб этилади. Натижада нафақат айни вақтдаги вазият яхшиланади, балки келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олди олинади. Ҳудудларда аҳоли учун тенг имкониятлар яратиш, иш жойлари ва хизматларни аҳолига яқинлаштириш ҳозирда Тошкент шаҳрида кузатилаётган қатор муаммоларга ечим бўлиши мумкин.
Велойўлакларни оммалаштириш ортидан бир қатор ривож­ланган мамлакатлар юқори натижаларга эришмоқда. Мисол учун, АҚШ, Германия, Голландия, Чехия, Швейцария, Канада ҳамда Ирландия каби мамлакатларни келтириб ўтишимиз мумкин.
Чикаго Трибуне газетасининг хабар беришича, ҳар куни велосипедда ишга қатнаётган америкалик­ларнинг асосий қисми йиллик 10 000 доллардан кам маош оладиган оилалар ҳисобланади. Велосипед йўлларининг афзалликларига қаратилган сўнгги ислоҳотлар туфайли, велосипед йўлаклари хавфсизлиги таъминланса, кўплаб америкаликлар иш жойларига велосипедда келишни афзал кўришлари аниқ. Айни пайтда Европа Иттифоқининг ҳисоб-китобларига кўра, велосипедда юриш 16 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид чиқиндилари атмосферага чиқишининг олдини олади.
2019 йилги тадқиқотга кўра, велосипед йўлаклари алоҳида ажратилган шаҳарлар йўлларида велосипедчиларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари 44 фоизга, автоҳалокатлар оқибатидаги жиддий жароҳатлар эса 50 фоизга кам бўлган. Натижалар айниқса, велосипед йўллари тўсиқлар билан автомобиль йўлакларидан ажратилган шаҳарларда яна ҳам яққолроқ кўринган.
Велосипедлар учун алоҳида йўлак­лар ҳосил қилинганидан сўнг, кейинги масала унинг йўл инфратузилмаларини тубдан ислоҳ қилиш бўлади. Қулай инфратузилмаларга эга бўлган велойўлакчалар аҳолини велосипедда ҳаракатланишга ундай бошлайди. Бундан ташқари барча метро бекатлари, таълим ташкилотлари, хуллас барча ишхоналар ҳамда янги қурилаётган турар жой комплекслари лойиҳасида вело тураргоҳлар кўзда тутилиши талаби қўйилади. Мамлакат ичида велосипед ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари шунингдек велосипедлар ижараси билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти давлат томонидан рағбатлантирилиши орқали ушбу транспорт воситаси нархи халқчил бўлишига эришилади. Йўл транспорт ҳаракатида велосипедлар ва электро скутерларга алоҳида привилигиялар берилади.
Мисол учун, Нидерландия велосипедчилар учун энг қулай давлат сифатида танилган. Бу давлат велосипедда ҳаракатланиш хавфсизлиги бўйича юқори ўринни эгаллаган. Мамлакат пойтахти аҳолисининг деярли ярми иш жойига велосипедлар учун махсус ажратилган йўлаклар орқали ҳаракатланиб, етиб олишади. Аҳоли томонидан велосипедда босиб ўтилган кундалик масофа ўртача 500 км ни ташкил қилади.
Хўш қандай қилиб Амстердам автомобиллар эмас айнан велосипедлар шаҳрига айланди?
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг автоуловларнинг мобиллиги ва арзонлашиб бораётгани аҳоли ҳаёт тарзини ўзгартира бошлади. Бутун дунё бўйлаб шаҳарларда бинолар бузилиб, автомагистраллар учун йўллар очила бошлаганда Амстердам ҳам бу борада ортда қолмади: 1960-1970 йилларга келиб автоуловлар сони 4 карра ошди ва маҳаллий тор кўчаларни тўлдира бошлади. Бироқ 1972 йилда Амстердамда йўл транспорт ҳодисаларидаги ўлим кўрсаткичи ўзининг чўққисига чиқди. Бунга жавобан бир гуруҳ аҳоли «болаларимизни нобуд қилишни тўхтатинг» шиори остида энг кўп тўқнашувлар юз берган қайноқ нуқталарда норозилик намойишларини ташкил эта бошлади. 1973 йилдаги энергетика инқирози ёнилғи нархларини ҳаддан ташқари ошиб кетишига олиб келди. Натижада ҳокимият ҳафтанинг бир кунида моторли авто уловларнинг ҳаракатланишига чеклов қўйишга мажбур бўлди.
Якшанба кунги автоуловлар ҳаракатига қўйилган чекловларга аҳоли орасида турли хил фикрлар билдирилди. Бироқ шу ўринда велосипедлар сотувида кескин ўсиш кузатилди. Ғоя ихлосмандлари эса шаҳар аҳолисига Амстердам шаҳри автоуловларсиз қандай қиёфа олишини қисман кўрсатиш имкониятидан фойдаланиш пайига тушишди.
Ҳокимият бу масалага ўз эътиборини қаратди ва 1978 йилда автомобиллар учун унчалик қулай бўлмаган йўл ҳаракати лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра, бир қанча кўчалар авмобиллар ҳаракати учун ёпилди, автотураргоҳлар сони қисқарди ҳамда пиёдалар ва велосипедчиларга устунликлар берилди.
Бугунга келиб Нидерландия аҳолисининг деярли тўртдан бир қисми ҳар куни велосипедлардан транспорт сифатида фойдаланади. Ўрта мактаб ўқувчиларнинг 75 фоизи мактабга велосипедда қатнайди. Илмий изланишларга қараганда, йўл қатновида велосипедчиларнинг кўпроқ бўлиши ўлимга олиб келувчи транспорт ҳодисаларининг ҳам сонини камайтиради.
Мана шу Нидерландия тажрибасининг ўзи Ўзбекистон Экологик партиясининг ташаббуси нақадар долзарб ва аҳамиятли эканини яққол кўрсатади. Партиянинг бу ташаббуси замирида аввало аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, узоқ умр кўришига эришиш  каби эзгу ғоялар туради.
Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда аҳолининг пиёда ва йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиш улушини 20 фоизга етказиш, саломатликни мустаҳкамлаш орқали фуқароларнинг ўртача яшаш умрини узайтиришдан иборат экани билан аҳамиятлидир.

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,
ЎЭП Самарқанд вилоят
партия ташкилоти раиси




Ўхшаш мақолалар

Тиббиёт чиқиндилари хавфли,  аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод  иш бошлади

Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади

🕔09:00, 08.09.2025 ✔16

Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.

Батафсил
Плоггинга  қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза  атроф-муҳит сари қадам қўйинг

Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг

🕔08:57, 08.09.2025 ✔16

Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.

Батафсил
CITES  50 йиллиги  Самарқандда:  табиат ва инсонлар  ўртасидаги кўприк

CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк

🕔17:37, 29.08.2025 ✔54

Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар