Партия Сайловолди дастури лойиҳасида Қашқадарё вилояти аҳолиси учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш бўйича қатор режалар белгиланган.
Хусусан, вилоятда анчайин долзарб муаммо ҳисобланадиган ичимлик сув билан таъминланиш даражасини ошириш, вилоятдаги 57 та йирик саноат корхоналари, 250 дан зиёд қўшма корхона, 5 500 дан кўпроқ кичик саноат корхоналари томонидан атмосфера ҳавосига зарарли газлар чиқарилишининг олдини олиш ёки камайтириш чоралари кўрилади. Бунинг учун эса атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар реестри (давлат ҳисоби)ни юритиш ва мониторингини олиб бориш таклиф этилмоқда.
Қарши шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Экологик партиясининг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасида шулар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, эндиликда атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, меъёрдан ортиқча ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик учун компенсация тўловларини 10 баробаргача ошириш таклиф этилмоқда. Чунки ҳозиргача айни шу масалада – атрофга турли чиқинди сув, заҳарли ҳаво чиқараётган корхоналар фаолияти устидан Экопартияга кўплаб норозилик мурожаатлари тушмоқда.
Сайловолди дастури лойиҳасидаги:
– Қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий этиш;
– Дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларини қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш;
– Ёмғир сувидан фойдаланишни кенг йўлга қўйишга оид бир қатор мақсадлар бугун ҳаётий заруратга айлангани, иссиқ иқлим шароитидаги вилоятда ҳар бир дарахтни асраб қолиш нақадар муҳимлигидан келиб чиқилгани сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилди.
Қашқадарёда чорвачилик кенг ривожланган. Шунинг учун ҳам лойиҳадаги экин майдонига айлантириш имконияти бўлмаган чўл ҳудудлардаги самарасиз ерларнинг ўзлаштирилишини тақиқлаш, яйловлар деградациясини тўхтатиш, синтетик гўшт ва шу каби озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишга қарши курашиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни экологик талабларга тўлиқ мослаштиришга оид амалий ташаббуслар қашқадарёликлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Қашқадарё ер ости табиий бойликлари билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Нефть, газ ва газ конденсати қазиб олиш, табиий газни қайта ишлаш бўйича республикада биринчи ўринда туради. Шунинг учун ҳам Экопартия таклиф этаётган:
– қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигига инвестицияларни рағбатлантириш орқали қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни кескин қисқартириш;
– қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш эвазига қазиб олинадиган ёқилғи ресурсларини келгуси авлод учун захира сифатида сақлашга эришиш;
– аҳолини кимёвий заҳарланишдан сақлаш, соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган «Кимёвий хавфсизлик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
– трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишда давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали сув ресурсларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш каби қатор муҳим ташаббуслар Қашқадарё аҳолиси томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Экопартия Сайловолди дастури лойиҳасидаги кўплаб ташаббуслар иқтисодиёт соҳаси ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, экологик тоза қайта тикланувчи энергия турларига босқичма-босқич ўтиш ва бу борада илғор инновацион технологияларни жорий этишда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси давомида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш, экологик хавф-ҳатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат ва жамоатчилик иштироки ҳамда назорати самарадорлигини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида ёшлар фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш бўйича муҳим таклифлар билдирилди.
Раъно БОЗОРОВА,
Қашқадарё давлат ўрмон хўжалиги директор ўринбосари:
– Партиямиз Сайловолди дастурида яшил ҳудудларни кўпайтириш, дарахтларни асраш ва янги ўрмонзорлар барпо этиш бўйича аниқ амалий ва ҳаётий ташаббуслар борлиги шу йўналишда меҳнат қилаётган инсон сифатида мени жуда ҳам қувонтирди. Мисол учун, республика ва маҳаллий ижро органлари, йирик корхона ва ташкилотлар бинолари ҳудудида «кичик яшил боғлар» ва «маҳаллий яшил боғлар»ни ташкил қилиш, барча вилоят ва туманларда яшил майдон ҳамда дарахтзорларнинг «яшил кадастри»ни ишлаб чиқишга оид ҳаётий мақсадлар Қашқадарё учун сув ва ҳаводек зарур, деб ўйлайман.
Тоғ ёнбағирларида, дарё ва кўллар соҳилларида ҳар қандай қурилишлар табиатга безарар бўлишига эришиш учун қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарурлиги айтилди. Бу ҳам масъул мутасаддилар масъулиятини ошириш билан бирга, халқимизда, жамоатчиликда она табиат тақдирига, атроф-муҳитга дахлдорлик туйғусини тарбиялайди.
Табиий дори воситаларидан фойдаланишни 40 фоизга етказиш, маҳаллий доривор маҳсулотлар хомашёси ишлаб чиқарувчиларини қўшилган қиймат солиғидан озод этишга оид ташаббус ҳам табиат неъматларига, доривор ўт-ўланларга бой Қашқадарё замини учун катта аҳамиятга эга. Бу ушбу ҳудудда табиат неъматлари асосида кичик саноатни ривожлантириш учун асос бўлади.
Сайловолди дастури айни халқимизнинг дилидаги кўп мақсадларни амалга оширишга, бугунги ноқулай экологик шароитда халқимиз учун қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилгани учун менга маъқул бўлди. Мен партиянинг ушбу Сайловолди дастури билан бўлғуси сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлайман.
Носир ҲАЛИМОВ, ЎЭП Қашқадарё вилояти партия ташкилоти кенгаши ижроия қўмитаси раиси:
– Партиямиз Сайловолди дастурининг Қашқадарёдаги муҳокамаси қизғин савол-жавобларга, электоратимизнинг жуда фаоллигида ўтди. Бугун вилоятимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид мавжуд муаммоларнинг ечимига дахлдор масалалар партиямиз дастурида акс этгани кенг аҳоли қатлами томонидан фаол қўллаб-қувватланди.
Сайловолди дастурида Қашқадарё вилояти аҳолиси учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш бўйича қатор режалар белгиланган. Хусусан, вилоятда анчайин долзарб муаммо ҳисобланадиган ичимлик сув билан таъминланиш даражасини ошириш, вилоятдаги 57 та йирик саноат корхоналари, 5 500 дан кўпроқ кичик саноат корхоналари томонидан атмосфера ҳавосига зарарли газлар чиқарилишининг олдини олиш ёки камайтириш чоралари кўрилади. Шунинг учун ҳам атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, меъёрдан ортиқча ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик учун компенсация тўловларини 10 баробаргача оширишга оид таклифларни аҳоли катта қизиқиш билан қабул қилди.
Мисол учун, партиямиз илгари сураётган таклифлар орасида ёмғир сувидан фойдаланишни кенг йўлга қўйишга оид бир қатор амалий ташаббуслар бугун ҳаётий заруратга айланганини Қашқадарё мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
ЎЭП Қашқадарё вилоят партия ташкилоти
Ахборот хизмати
Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади
🕔09:00, 08.09.2025
✔16
Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.
Батафсил
Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг
🕔08:57, 08.09.2025
✔16
Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.
Батафсил
CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк
🕔17:37, 29.08.2025
✔54
Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.
Батафсил