Навоий вилоятининг чекка Учқудуқ туманида жойлашган «Тошўрмон» қўриқхонаси ҳақида кўпчилик элдошларимиз яхши билмаслиги мумкин.
Бироқ бу ерга бир борсангиз, атрофни кўздан кечириб чинакам мўъжизага гувоҳ бўласиз. Ҳудуднинг бетакрор табиий гўзаллиги ва экологик хилма-хиллигини кўриб, ҳайратингиз ошиши аниқ.
«Тошўрмон» ҳудуди азалдан табиатнинг ажабтовур ва такрорланмас обидаси саналган. Дунёда бунга ўхшаш жойлар жуда кам. Шу боисдан ҳам бу ерни асраб-авайлаш давлат аҳамиятига молик вазифалар сирасига киради. Минтақанинг бой флора ва фаунасини муҳофаза қилиш мақсадида қўриқхона ташкил этилиши ана шу вазифаларни изчил давом эттиришга омил бўлади.
Мазкур қўриқхона 2000 йилларнинг бошида ташкил этилган. Уни ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори ҳудуднинг ўзига хос экологик қийматини эътироф этиш ҳамда унинг хилма-хил экотизимларини, ўрмонларни кесиш, браконьерлик ва яшаш муҳитини йўқ қилиш каби таҳдидлардан ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқ. Шунингдек, унинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга интилишида муҳим босқич бўлди.
«Тошўрмон»нинг бой тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Бу ерда қадимий аҳоли яшаш манзилгоҳлари ва бир пайтлар минтақани кесиб ўтган савдо йўллари ҳақида далиллар мавжуд.
«Тошўрмон» қўриқхонаси Навоий вилоятининг шимолий қисмида, Учқудуқ шаҳри яқинида жойлашган. Тахминан 1200 квадрат километр майдонни эгаллаган қўриқхона турли хил ландшафтларни, жумладан, чўллар, даштлар ва ярим қурғоқчил ҳудудларни ўз ичига олади.
Тадқиқотчи олимларнинг фикрига кўра ўттиз миллион гектар майдонни эгаллаб ётган Қизилқум кенгликлари ўрнида бундан бир неча миллион йиллар илгари Тетис денгизи мавжланиб турган деган тахминлар мавжуд. Ҳақиқатан, ҳозир ҳам Мингбулоқ овули атрофида тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, ҳатто ўрдакбурун, динозаврнинг тошга айланган суякларини учратиш мумкин.
Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ» (ўзбек тилида «жира – жилға» маъносини билдиради) дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган, ҳозирда «Тошўрмон» деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилиб келмоқда. Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд раҳбарлигидаги Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган (ЎРБАК) Халқаро экспедиция саъй-ҳаракатлари билан Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлди.
Бу мўъжиза Тетис денгизи қирғоқлари ва унга келиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар бор. Айтишларича, коинотдан ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада – чанг ва тўзон гирдобида қолади. Натижада, барча физик жисмлар кимёвий тарзда қоришиб денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, сувда ва қуруқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади…
Ҳақиқатан ҳам «Тошўрмон» ҳудудида бўлган киши тарихий-табиий манзарани: тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт таналари, ҳаттоки, ўрдакбурун диназаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриши мумкин. Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди қачонлардир океаннинг бир бўлаги бўлганидан далолат беради.
Дарҳақиқат, бу ўлканинг тарихи узоқ-узоқларга бориб тақалади. Қоятошларга битилган расмлар, тошга айланган дарахтлар, тош қотган ўрдакбурун диназаврлар мозийдан садо бериб турибди.
Тошга айланган ўрмонлар сайёрамизда камдан кам учрайдиган ҳолат. Бугунгача худди шундай ўрмон АҚШда аниқланган. Аниқроғи, Аризона штатида дарахтлари қуёшда камалак рангларида товланувчи ўрмон қолдиқлари жойлашган. «Тошга айланган ўрмон» деб аталувчи миллий боғ турли минералларга айланган дарахтлар тўнкаларидан ва таналаридан ташкил топган. 200 миллион йил аввал қалин ўрмон бўлган ҳудуд иқлим ва географик ўзгаришлар натижасида чўлга айланган.
Ўзбекистоннинг Учқудуқ туманидаги «Тошўрмон» қўриқхонаси мамлакатимиз табиати ранг-баранг ва мўъжизакор эканидан дарак беради. У ўзининг ноёб географияси, бой биологик хилма-хиллиги ва маданий аҳамияти билан Марказий Осиёнинг қурғоқчил ландшафтларида жозиба касб этади.
Лайло КАРИМОВА,
Учқудуқ тумани
Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади
🕔09:00, 08.09.2025
✔16
Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.
Батафсил
Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг
🕔08:57, 08.09.2025
✔16
Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.
Батафсил
CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк
🕔17:37, 29.08.2025
✔54
Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.
Батафсил