Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилЎтган ҳафта – 2024 йил 24 сентябр куни Ўзбекистон Президентининг атроф-муҳит муҳофазаси, жумладан, атмосфера ҳавоси тозалигини таъминлашга қаратилган муҳим қарори қабул қилинди.
«Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги мазкур ҳужжатга кўра, 2030 йилдан Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.
Ушбу хабарни ўқиган кишида мазутни чеклаш нега керак эди, унда мазут ўрнига нима ёқилади, қаҳратонда аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи мазут ёқмасдан ҳам қондира олинадими, қабилидаги саволлар пайдо бўлиши турган гап. Қуйида ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Ўтган қишда қанча мазут ёқилди?
Ҳаво совий бошлаши билан аҳолининг иссиқлик ва энергияга бўлган талаби орта бошлайди. Натижада куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш бошланади. Қарабсизки, мазут ёқилиши ортидан атмосферага зарарли ташламалар кескин ортади ва ҳаво ифлосланади.
Ўтган қиш воқеаларини эслайдиган бўлсак, декабрь ойи ўрталарида Тошкент вилояти Қибрай тумани «Салар» шаҳарчасида жойлашган «Тошкент иссиқлик электр станцияси» трубаларидан чиққан тутун кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган эди. Шундан сўнг январь ойида экологлар Тошкент иссиқлик электр станцияси
(ТошГРЭС)нинг ҳаво ва тупроққа таъсирини ўрганди. Текширув натижасида иссиқлик электр станциясига 1 миллиард 23 миллион сўм (83,3 минг доллар), жумладан, мазут ёқиш оқибатида атмосферага чиқарилаётган зарарли чиқиндилар учун 759 миллион сўм, ерларга нефть маҳсулотлари тўкилгани бўйича 264 млн сўм жарима белгиланган эди.
Бу бир корхонанинг бир ойда табиатга еткизган зарари эди холос. Энди буни республика бўйича тасаввур қилиб кўришнинг ўзи қўрқинчли.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил ноябрь ойида депутатларнинг электр ва газнинг юзага келиши мумкин бўлган тақчиллигини қандай қопланиши ҳақидаги саволларига жавоб бераркан, мазутнинг катта захираси шаклланганини айтганди. Унга кўра, бунинг учун захира ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланилади. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида электр энергияси ишлаб чиқариш учун 1800 — 2600 тонна мазут ёқилган бўлса, 2023 йил ноябрида бу кўрсаткич кунига 100 — 200 тоннани ташкил этиб, 340 минг тонна мазут захирасини (аввал 46 минг тонна бўлган) шакллантириш имконини берган.
«Аномал совуқ ҳавода (мазутдан фойдаланишни) кунига 10 минг тоннагача ошириш мумкин. 10 минг тонна мазут ёқиш орқали кунига 10 миллион кВт/соат электр энергияси тақчиллигини қоплаймиз», − деган эди вазир жаноблари.
Шунингдек, Экология вазирлиги томонидан ҳам аҳолини иссиқлик билан таъминлаш учун қўшимча ёқилғи сифатида иссиқлик станциялари томонидан мазутдан фойдаланиш ҳаво ифлосланишининг сабабларидан бири сифатида келтирилганди. Агар 2018 йилда мазут 6,8 миллион тонна истеъмол қилинган бўлса, 2022 йилда 8,3 миллион тоннадан ортган.
Ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингидан тушмаётган Тошкент
Ёқилган мазутнинг таъсирини нафақат экология соҳаси вакиллари, балки аҳоли ҳам яхшигина сезди. Қиш бўйи пойтахт ҳавосидан нафас олган киши борки, димоғида чанг ва смог ҳолатни дарров пайқади. Қиш бўйи қуёш чиқиши ва ботишини кўрмадик, десак, муболаға бўлмайди. Бу ҳолатни иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов шундай изоҳлади:
«Дарҳақиқат, ўтган йил ла-ниньо ҳодисаси фаоллигидаги куз-қиш мавсумида антициклонлар ортиши кузатилиб, у «тепадаги ҳавони пастга олиб тушиш» тамойилида мўрилардан чиқаётган мазут ёнишидан ажралган ифлос ташламаларни ер сиртига олиб тушадиган вақтларни кўпайтираверди. Пойтахтда мазут ёқилиши ва шаҳар перифериясида завод ҳамда фабрикалардан чиқаётган смог (зарарли тутунлар)нинг муаллақ туриб қолиши ҳисобига биз қуёш чиқиши ва қуёш ботиши билан боғлиқ ҳодисани кузатмадик ҳам. Яъни, зарарли тутунлар горизонтнинг кўринишини тўсиб қўйгани учун шундай вазият юзага келган».
Бугунги кунда ҳавонинг ифлосланиши инсон ҳаёти учун энг катта экологик таҳдидлардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили ҳавонинг ифлосланиши 7 миллион бевақт ўлим ва миллионлаб соғлом йилларнинг бой берилишига олиб келади.
Болаларда бу ўсиш ва ўпка фаолиятининг сустлашиши, нафас йўллари инфекциялари ва астма касаллигининг асоратларида намоён бўлади. Катта ёшлиларда ташқи ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ бўлган юрак ва қон томир касаллиги эрта ўлимнинг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир. Диабет ва нейродегенератив касалликлар ҳам кўпаяди.
Мазут ёқмасак, эҳтиёжни қандай қоплаймиз?
Тўғри, ташқарида қора совуқ бўлиб турганда одамлар ҳаво тозалигини эмас, энг биринчи галда уйининг иссиқ бўлишини ўйлайди. Шу ўринда эса яна бир савол туғилади, мазут ёқилмаса, электр энергияга бўлган талаб ниманинг ҳисобидан қопланади? Ушбу савол билан Энергетика вазирлиги матбуот хизматига юзландик.
«Бугунги электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши фонида кўпроқ иссиқлик ва энергия ишлаб чиқариш учун мазут ва кўмир ёқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Табиий ресурсларни, экологияни ва аҳоли саломатлигини асраш учун бу вазиятда энг мақбул ечим − «яшил» энергетика, албатта. Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар 10 та «яшил» электр станция – 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси (жами қуввати 2 минг 500 мегаваттдан ортиқ) ишга туширилди. Бундан ташқари, умумий қуввати 2 минг 200 мегаваттдан зиёд бўлган гидроэлектр станциялар ҳам мавжуд.
Бундан уч йил олдин Ўзбекистон электр энергетика тармоғида қазиб олинадиган ёқилғида ишловчи электр станциялар (ИЭС) улуши 90 фоиз атрофида бўлган бўлса (10 фоизи ГЭСлар), охирги йилларда ишга туширилган «яшил» электр станциялар ҳисобига бу кўрсаткич 70 фоизгача тушди. Яъни, бугунги кунда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 25-30 фоизгача қисми «яшил» станциялар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Таҳлилларга кўра, биргина 2024 йилнинг биринчи ярмида қуёш ҳамда шамол электр станциялари 1 млрд 600 млн кВт соат (ўсиш 1 млрд 157 млн кВт соат ёки 507 фоиз), гидроэлектр станциялар 4,1 млрд кВт соат (жами 5,7 млрд кВт соат) электр энергияси ишлаб чиқарди. Бунинг натижасида: 1 млрд 727 минг куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 2 млн 400 минг тоннага яқин зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Яна бир таҳлил: 2023 йилнинг апрель – июль ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ИЭСларда 5 млрд 60 млн куб метр табиий газ, 86,5 минг тонна мазут, 1 млн 608 минг тонна кўмир ёқилғиси ишлатилган бўлса, 2024 йилнинг апрель – июль ойларида 4 млрд 760 млн куб метр табиий газ (300 млн метр куб ёки 5,9 фоиз кам), 2,5 тонна мазут (84 минг тонна ёки 97,1 фоиз кам), 1 млн 162 минг тонна кўмир (446 минг тонна ёки 27,7 фоиз кам) ёқилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда янги, замонавий энергия самарадор иссиқлик электр станциялари ишга туширилиши ҳисобига уларда ёқилғи сарфи камайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ортишига эришилмоқда. Умуман олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергиясининг 25-30 фоиз қисми қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келмоқда. 2030 йилга қадар «яшил» электр станциялар ишга тушириб борилиши ҳисобига умумий ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 40 фоиздан ортиғи қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келиши режалаштирилган».
Экопартия Сайловолди дастурида
Шу ўринда айни масалалар юзасидан асосли ечимлар Ўзбекистон Экологик партиясининг Сайловолди дастуридан ҳам жой олган. Партия мамлакатнинг иқтисодий ривожи барқарор энергия таъминоти билан чамбарчас боғлиқлиги, шу билан биргаликда, табиий ресурсларга келажак авлодларнинг ҳам биз билан бирдек ҳақи борлигини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги ташаббусларни илгари сурмоқда:
атроф-муҳитга зарар етказиш ҳисобига олинган энергия улушини камида 25 фоизга қисқартириш;
саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини камида икки карра ошириш;
давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1000 м2дан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологиялар ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш;
мамлакатга водород ва биогаз каби қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш технологиялари олиб киришда божхона имтиёзларини жорий этиш;
қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигига инвестицияларни рағбатлантириш орқали қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни кескин қисқартириш;
энергия тежовчи арзон уй-жойларни қуриш бўйича лойиҳаларни рағбатлантириш;
аҳоли хонадонларида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш ҳамда қўшимча рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилган ва улардан фойдаланишни йўлга қўйган барча турдаги истеъмолчилар учун мазкур қурилмалар харид қийматининг 50 фоизини давлат томонидан субсидиялаш тизимини жорий этиш.
Шаҳруза САТТОРОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил