Ўзбекистон Экологик партияси шаҳарларда бино ва кўп квартирали уйлар қурилишини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунда аниқ белгилашни таклиф этмоқда.
Ушбу ташаббус партиямизнинг жорий йилги Сайловолди дастуридан ўрин олган. Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган сайловчилар билан учрашувда шу ва дастуримиздаги энг муҳим ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
– Очиғини айтиш керак, бугун кўпчилик тартибсиз қурилишлардан чарчади, – деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Шу туфайли шаҳарларимизда яшил майдонлар ва дарахтлар тобора камайиб кетаётгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Мисол учун, айни вақтда республика бўйича мингдан зиёд қурилиш объектлари атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 50 мингга яқин дарахтлар тақдири хавф остида қолмоқда.
«Тошкент – табиатнинг бебаҳо ресурсларига бой замин. Бу ерга чўп суқсангиз кўп ўтмай катта дарахтга айланади. Шифобахш ер ости сувларига, мусаффо булоқларга бой. Шунинг учун ҳам бу заминнинг ҳар қаричини эъзозлашимиз, табиат берган неъматларни асраб-авайлашимиз шарт», деди партия лидери.
Учрашувда дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларини қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш, 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга бутунлай чеклов қўйиш, керак бўлса, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий этиш каби ташаббуслар пойтахтлик сайловчиларга манзур бўлди.
Шаҳар ҳудудидаги ҳар бир дарахт тақдири учун қайғуриш ҳамда яшил майдонларни кўпайтириш бугун жиддий муаммо бўлиб турган атмосфера ифлосланишига қарши курашдаги энг мақбул чора ҳисобланади. Ноқонуний ва пала-партиш қурилишларни тартибга солиш, асосийси, бунда жамоатчилик фикрини инобатга олиш дастурдаги зарурий таклиф эканини учрашувда сўзга чиққанлар алоҳида эътироф этишди.
Бугунги кунда экологик хавфсизликка эришиш кечиктириб бўлмас заруратга айланди. Бу ҳақида Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда партия раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурининг энг муҳим ташаббуслари ҳақида сўз юритилди.
– Халқимизнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлашда яшил масканларни, ҳар битта дарахтни ҳимоялаш механизмлари ишлаши талаб этилади, – деди партия етакчиси. – Айни шу мақсадда Сайловолди дастуримиздан бу борада муҳим ташаббус – барча вилоят ва туманларда яшил майдон ҳамда дарахтзорларнинг «яшил» кадастрини ишлаб чиқиш таклифи ўрин олган. Яъни, яшил майдон ҳамда дарахтзорларга эгалик ҳуқуқини қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгилаш, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказиш зарур.
Шунингдек, дастурдан йирик шаҳарлар атрофидаги чиқинди полигонлар базасида халқаро стандартларга мос электр станциялар қуриш, биокўмир ишлаб чиқариш ва чиқиндиларнинг энергия потенциалидан унумли фойдаланиш масалаларига оид муҳим ташаббуслар ўрин олгани ҳам алоҳида қайд этилди.
Тошкент вилояти сайловчилари Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурини фаол қўллаб-қувватлашди.
ЎЭП МК Матбуот хизмати
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔3
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔67
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔193
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил