Экоолам      Бош саҳифа

Қуёшдан қанча даромад олиш мумкин?

Уддабурон фермерлар бунга аллақачон киришган

Қуёшдан  қанча даромад  олиш  мумкин?

Барча минтақа­лар­да бўлгани каби мамлакатимизда ҳам энергия ва сув ресурслари танқислиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, охирги ўн йилда Ўзбекистонда сув ҳажми 12 фоизга, 2024 йилнинг ўзида олдинги йилларга нисбатан 15 фоизга камайган.

Аграр соҳада суғориладиган ерларнинг ортиб бораётгани ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқаряпти. Пахта ва ғалла етиштириш учун сарфланаётган электр энергияси ҳамда сувни етказиб бериш харажатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 8 млрд киловатт соат энергия ва 2,4 трлн сўм бюджет маблағлари сарфланмоқда. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилинади. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 млрд куб метр ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда. Бундай шароитда сувни тежаш ва ҳисобини юритиш ҳар доимгидан ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда.

Ўтган икки йилда соҳага доир ўндан зиёд меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур шароитлар яратиб берилди. Бироқ бажарилган ишлар ҳали имконият даражасида эмас. Масалан, шу пайтгача 285 минг гектар, яъни бор-йўғи 7 фоиз ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Бу борада, айниқса, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятларида қолоқлик мавжуд. Қатор туманларда сув тежовчи бирорта ҳам лойиҳа татбиқ қилинмагани ачинарли, албатта. Шу боис қишлоқ ва сув хўжалигидаги ишлар жуда катта ислоҳотни талаб қилади.

Қишлоқ хўжалигида сув сарфининг ошишига ерларнинг нотекслиги, сув тақсимоти иншоотларининг автоматлаштирилмагани ҳам бош омил саналади. Сув танқислиги ортиб бораётган бир паллада бу борада жиддий бош қотирилмаётгани сабаб муаммолар урчиб бораверади. Сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш давр талаби эканини айрим фермерларимиз чуқур ҳис қилмаётгани ташвишланарлидир.

Масъулиятни ҳис этган ва келажакни кўра олган фермерлар эса қуёш батареялари асосида ишлайдиган сув насосларини жорий қилиш орқали катта ютуқларга эришмоқда. Қуёш насосларидан фойдаланишнинг афзалликлари шундаки, бунда биринчи галда электр токи ва дизель ёнилғисиз ишлаши натижасида катта сарф-харажатлар кескин равишда камайишига эришилади. Шунингдек, бунинг атроф-муҳитга зарарли таъсири деярли нолга тенг ҳисобланади. Тўлиқ автоматлаштирилган тизим, ортиқча эътибор талаб қилмайди. Техник харажатлар камлиги, узоқ муддат фойдаланиш имконияти мавжудлиги қулай омиллардан саналади.

Қуёш панелли сув насослари энергея эҳтиёжига қараб иш кўламини кенгайтириш, электр энергеядан анча узоқда бўлган ерларни ўзлаштиришда ёки мавжудларидан унумли фойдаланишда жуда қулай. Қуёш панелли насос орқали 100 метр чуқурликдан сувни чиқариш ва уни 10 метр баландликка қўйилган сув сақлагичга кўтариб бериш орқали кунига 60 м3 сув жамғариш учун умумий харажат тахминан 33 000 АҚШ долларини талаб қилади. Бир кунда жамғарилган 60 м3 сув 2000 кишининг бир кунлик сувга бўлган талабини қондиради; 4 гектар майдонга экилган маккажўхори, ловия, карам, салат, пиёз, помидор, картошка каби экинларнинг бир кунлик сувга бўлган талабини қондиришга етади. Одатда ўсимлик ҳар кун суғорилмайди. 1000 бош қорамол, 7000 мингта товуқ, 1500 дан ортиқ қўйни суғоришга етади. Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети илмий изланувчиси Шавкат Холдоровнинг фикрига кўра, бугунги кунда, асосан, Африка қитъаси, Жанубий Осиёда жойлашган ривожланаётган давлатларда қуёш панелли сув насослари кенг татбиқ қилинмоқда. Германия, Италия, АҚШ каби давлатларда эса бу технология аллақачон яхши натижа кўрсатмоқда. Биргина Ҳиндистонда сўнги 5 йилда 3,5 млн қуёш энергияси насослари ишга туширилган.

Хонқалик фермер Камолиддин Юсупов амалиётга татбиқ этаётган тажриба айнан мавжуд муаммоларга тўлиқ ечим топиш йўлидаги чин маънодаги ҳаётий ҳаракатдир. Қирқёп қиш­лоғида фаолият юритаётган «Тўтижон Бекметова» фермер хўжалиги 106 гектар майдонда деҳқончилик қилади. Жорий йилда фермер 74 гектар майдонда пахта ва 32 гектарда буғдой етиштирди. Бу майдонларни мунтазам сув билан таъминлаш учун фермер учта сув чиқариш насослари ўрнатган. Ўтган йили фермер ишлатган электр энергияси учун 179 миллион сўм сарфлаган эди. Бу дегани камида 50 тонна буғдой ишлатилган электр учун ҳавога учганини англатади. Ҳали бошқа харажатлар ҳақида айтмай турайлик. Ана энди бу йилдан бошлаб, шу каттагина харажатлар фермернинг ёнига қоладиган ва ҳатто қўшимча даромад ҳам келтирадиган бўлди. Қандай қилиб дейсизми?

– Ўзимизча ҳисоб-китоб қилиб кўргач, сув насосларига электр энергияси етказиб берадиган қуёш панеллари ўрнатишга қарор қилдик, – дейди Камолиддин фермер. – «Amirbek sunny trade» фирмаси дала бошига 75 кВт қувватига эга қуёш панеллари ўрнатиб берди. Улар бу ускунанинг бенуқсон ишлаши учун 25 йил кафолат беришди ва яна бир йил бепул хизмат ҳам кўрсатишади. Қуёш панеллари учун бир қарич ҳам экин ери кетгани йўқ. Бетон солманинг бир томонига 110 та, бошқа томонига 20 та қуёш панеллари ўрнатилди. Олдинлари мавсумда ҳар куни 600 кВт электр энергияси ишлатардик. Баъзан, биласиз, таъминотда узилишлар содир бўлганида қанчалаб вақтимизни кутиш билан ўтказардик. Чанқаган экинлар эса кутиб ўтирмайди. Масалан, ғўза ниҳоли ўз вақтида сув берилмаса, ҳосил нишоналарини тўкиб юбориши мумкин. Энди эса ихтиёр ўзимизда, хоҳлаган вақтида насосни ишлатамиз. Бу билан, биринчи навбатда ҳосил нобуд бўлишининг олди олинади. Вақтида суғорилган буғдой ёки бошқа экинлар кўнгилдагидек ҳосил беради.

Қуёш панеллари ўрнатиш учун жами 300 миллион пул сарфланган. Кўпми? Бир қараганда шундай кўринади. Аммо фермер шу вақтгача йилига 180 миллион сўм (айни пайтда яқиндан бош­лаб электр нархи ошганини ҳам унутманг) маблағни фақат электр энергияси учун сарфлаётганини ҳам инобатга олайлик. Деҳқонча ҳисоб-китоб қилсак, фермернинг қуёш панеллари учун кетган пули кўпи билан икки йилда ўзини қоплаши мумкин. Бу қолган йигирма уч йилда фермер учун электр энергияси текин бўлади дегани эмасми?

Фермер бўлса бизнинг жайдари хомчўтимизни эшитиб, мийиғида кулиб қўяди ва шундай эътироз билдиради:

– Биринчидан, бизлар сув насосларини йил ўн икки ой ишлатмаймиз. Қишда кўпи билан уч ҳафта ерлар шўри ювилади, баҳор ва ёз ойларида эса кўпроқ ишлатамиз. Ҳисоблаб кўрсак, уч кун насос ҳайдасак, яна уч кун дам оларкан. Қуёш панеллари эса «дам олиш»ни билишмайди – узлуксиз электр токи ишлаб чиқараверади. Ана шу ишлаб чиқарилган токни биз электр таъминоти идорасига сотамиз. Бу борада шартнома тузиб, керакли ускуналарни ҳам ўрнатдик.

Дарҳақиқат, бугунги кун табиий ресурслар ва электр энергияси танқислиги Камолиддин Юсупов каби ташаббускор инсонлар сафи кенгайишини талаб қилади. Зеро, ҳар бир эзгу ишда кўпчилик бўлиб ҳаракат қилиш – ёрқин ва аниқ натижаларни келтириб чиқаради.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Ҳар бир  гиёҳ эътиборда

Ҳар бир гиёҳ эътиборда

🕔09:00, 08.09.2025 ✔14

Мен Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими сифатида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келяпман.

Батафсил
Эҳтиёт бўлинг,  хавфли: улар таркибидаги моддалар  қаерга  кетмоқда?

Эҳтиёт бўлинг, хавфли: улар таркибидаги моддалар қаерга кетмоқда?

🕔08:58, 08.09.2025 ✔17

Эл орасида «Эскини ямагунча эсинг кетади», деган ибора бор. Бугун биз шу гапни сал бошқачароқ – эскини йўқотгунча эсинг кетади, дея талқин қилмоқчимиз.

Батафсил
Экологик жараёнлар  ҳар доим ҳушёр ва огоҳ  бўлишни тақозо этади

Экологик жараёнлар ҳар доим ҳушёр ва огоҳ бўлишни тақозо этади

🕔17:44, 29.08.2025 ✔43

Аҳолининг экологик барқарор муҳитда ҳаёт кечиришини таъминлаш барча ислоҳотлар марказида турувчи энг долзарб масалалардан бири. Мусаффо ҳаво, тоза ичимлик сув, атрофимиздаги яшил олам, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳар доим кундалик ҳаётимизнинг асосини ташкил қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар