Тараққиёт тарихи унинг уч омилга боғлиқлигини кўрсатади. Ҳар қандай мамлакатда ишчи кучи ва табиий ресурслар унинг 40 фоизга яқинини таъминласа, қолган олтмиш фоизи бевосита ўша давлатнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ.
Шу боис мамлакатимизнинг янги тараққиёт тарихида инсон интеллектига алоҳида эътибор қаратилиб, навқирон авлодни замонга мос, қатъий ҳаётий позиция ва ўзгармас эътиқодга эга, рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Дунёдаги кескин мафкуравий ўзгаришлар, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар инсон онги, шуурини эгаллашга қаратилаётган қалтис ҳаракатларнинг кун сайин урчиб бораётганини кўрсатмоқда. Тўғри, тарбияда йўл қўйилган хатолар бирданига кўзга ташланмайди. Унинг асоратлари йиллар ўтиб, жамиятда инсон омили туфайли юзага келадиган ижтимоий муаммоларда – жамиятдаги ноодатий жиноят шакллари, аёллар ва ёшлар орасидаги жиноятчилик, оилавий ажримлар, коррупция, эгоцентризм, меҳр-оқибатнинг камайиши, «оммавий маданият»га кўр-кўрона тақлид, лоқайдлик, боқимандалик, бегоналашув, фирибгарлик, масъулиятсизлик, қадриятлар инқирози, зўравонлик, хўжакўрсинчилик, ёлғончилик, ахлоқий бузуқлик, эл-юрт тақдирига бефарқлик каби иллатларнинг нохуш статистикасида намоён бўлади.
Бу каби ижтимоий муаммолар ёшларда фазилатлар шаклланишига эътибор қаратмаслик, тарбияга юзаки ёндашувнинг оқибатлари бўлиб, ачинарлиси, улар таълим сифатига ҳам ўзининг нохуш таъсирини кўрсатади. Айтайлик, ўзини илм олиш, бирор касб бошини тутишга сафарбар этиш фазилатига эга бўлмаган ўсмир келажакда жамиятнинг ўта ўткир ижтимоий муаммосига айланади. Ишсизлик, носоғлом оила муҳити, ажрим ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар айнан шундай муносабатнинг оқибатидир. Шу боис Япониядек энг ривожланган мамлакатда азал-азалдан «аввал хулқ-атвор, сўнг билим» тамойили устивор қўйилади. Жамоавий бирдамликни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб, боладан умумий ишда ўз ролини аниқ билиш ва шунга яраша масъулиятни ҳис қилиш сингдирилади.
Тарбияда юзага келган муаммолар уч табаррук макон – оила, маҳалла, таълим-тарбия масканида ўзаро ҳамкорликнинг инқирози туфайли содир бўлди, десак адашмаймиз. Афсуски, узлуксиз таълимга мутаносиб узлуксиз тарбия йўлга қўйилмади. Тарбия қўшимча юклама – иккинчи даражали ишга айланди. Оқибатда, жамиятнинг педагогик маданияти пасайиб, мактабгача таълим, мактаб педагоглари, ота-оналарнинг тарбияга оид педагогик-психологик билимлари замон талабларига етарлича жавоб бермай қолди. Таълимнинг барча бўғинларида давомат – ижтимоий муаммога айланиб, ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари, давлат хизматлари сафарбар этилди.
Мамлакатимиз Президенти фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ мазкур ҳақиқатни очиқлар экан, «таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз», дея таъкидлади. Зеро, мамлакатимиз эртанги кунининг умиди бўлган, аҳолининг 60 фоизга яқинини ташкил этадиган ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, миллат хазинаси сифатида қаралар экан, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда илм олиши ва касб эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратиш тараққиётимизнинг ишончли гаровидир.
Бугун айнан давлатимиз раҳбари таълим соҳасида бошлаб берган энг муҳим ташаббуслар замирида улуғ ишнинг дебочасини кўриш мумкин. Айниқса, ёшларнинг адабиёт, санъат, китоб, ахборот-коммуникация технологияларига қизиқишларини ошириш, уларни касбларга йўналтириш орқали тадбиркорликка йўллаш, кейинчалик соғлом рақобат орқали мамлакат қон томири бўлган иқтисодиётга катта улуш қўшишларига эришишдек улуғвор мақсадларни илғаш мушкул эмас. Узоққа бормайлик, ўтган йилнинг 31 октябрь ва 1 ноябрь кунларида мамлакатимиз Президенти Навоий вилоятига ташриф буюрар экан, ўша куни «Навоий давлат университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Навоий давлат педагогика институти негизида ушбу дорилфунуннинг ташкил этилиши вилоятда иқтисодиёт тармоқларининг ўсиш суръатлари ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб, аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, туризм, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бўйича юқори малакали кадрларга эҳтиёж ортиб бораётганига ҳозиржавобликнинг ифодасидир.
Шунингдек, у ҳудуднинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишларда олий таълим ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда вилоят аҳолиси, аввало, ёшларининг талаб ва истаклари ҳисобга олиниши, улар учун янада кенг имконият ва шароитлар яратиши билан бирга, минтақада тараққиёт одимларига ўта залварли шиддат беради.
Навоий шаҳри Фаровон маҳалласидаги 22-умумтаълим мактабида бўлганида мамлакатимиз раҳбари республикамизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланиб, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам таълим соҳаси энг биринчи вазифа сифатида белгиланганига эътибор қаратиб, ушбу муассасада таълим олаётган ёшлар билан мулоқотда «Менинг энг катта ташвишим, мақсадим – ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади», – дея таъкидлади. Ушбу сўзлар замирида мамлакат эртаси, ёшлар истиқболига оталарча ғамхўрлик ўз ифодасини топган.
Давлатимиз раҳбари 2025 йилни Навоий вилояти учун «Алишер Навоий йили» деб эълон қилар экан, улуғ мутафаккир бобомиз номи билан аталадиган вилоят маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак ва намуна бўлиши, таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг маънавий брендига айланиши зарурлигини таъкидлаши эса бутун ҳудуд аҳлига ишонч ва масъулият ифодасидир.
Янги тарихимизда таълим миллий юксалишимизнинг бош омили сифатида белгиланиб, мактабгача таълим тизимига узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини сифатида эътибор қаратилмоқда. Қисқа фурсатларда ўғил-қизларимизни таълим ва тарбиянинг мазкур босқичига қамраб олиш бўйича мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Мактабгача таълим муассасаларида бугун болаларимиз тили чиқиши билан ҳарф таниб, хорижий тилларни ўрганишмоқда.
Бугун таълим соҳасига қаратилган эътибор камоли ва масъулият залварини англашнинг ўзи кифоя эмас. Зеро, киши дорихона ёки ошхонага вужуди эҳтиёжидан, таълим муассасасига эса ўз маънавий оламининг маърифий эҳтиёжини қондириш, руҳий тетиклик олиш учун йўл олади. Қолаверса, маърифатга боғланган кўнгил ҳар қандай имога эргашиб кетавермайди.
Дунёда бугун иқтидорли ҳаёт кечириш, деган ибора муомалага кирган. Жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ва ҳатто сиёсий муносабатлар иқтидор орқали тартибга солинмоқда. Мамлакатимиз раҳбари ёшлар олдига қўйган вазифалар мундарижасида айни тамойил ўз ифодасини топганки, бу мамлакатимизда тараққиётнинг юксалиш давридан далолатдир.
Муҳиддин КАЛОНОВ,
Навоий давлат университети
ректори, профессор,
ЎЭПдан Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати