Чиқиндиларни қайта ишлаш нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий манфаатларга эга. Бу жараён барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади ва келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит яратишга ёрдам беради.
Қарши шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши, партия депутатлик гуруҳи ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамкорлигида ўтказилган жамоатчилик эшитувида вилоятда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон Экологик партияси вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, депутатлар, доимий комиссия аъзолари иштирок этган жамоатчилик эшитуви «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси ҳамда вилоятда маиший чиқиндиларни жойлаштириш, сақлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш хизматининг ташкил этилиши ва ҳудудлардаги чиқинди полигонларининг ҳолатини ўрганиш масалаларига бағишланди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎЭП депутатлик гуруҳи раҳбари Носир Ҳалимов сўзга чиқиб, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили»да амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ҳақида тўхталди. Лойиҳада сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган устувор вазифалар ҳақида батафсил тушунча берилди. Хусусан, дастурда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш борасида вазифалар белгиланган. Маиший чиқинди полигонларини 20 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
Шунингдек, эшитувда Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси Қашқадарё ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жамшид Усмоновнинг мавзу юзасидан ҳисоботи тингланди.
– 2024 йилда жами 295 млн 120 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндилар марказий чиқинди полигонларига жойлаштирилди, – дейди Жамшид Усмонов. – Хусусан, ноябрь-декабрь ойларида 13 та қаттиқ маиший чиқинди полигонлари тартибга келтирилди. Бундан ташқари 5 та қаттиқ маиший чиқинди полигонлари рекультивация қилиниб, фаолияти тўхтатилди. Дирекция балансидаги мавжуд 16 та махсус техника ёрдамида доимий равишда чиқинди полигонлари тартибга келтирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда чиқинди полигонларини тартибга келтириб, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш борасида амалий ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг «Shanghai SUS Environment» компанияси лойиҳасига кўра, 2025-2026 йилларда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида маиший чиқиндиларни термик усулда утилизация қилиб, электр энергияси ва турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган иккита завод қурилади.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабарига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 310 миллион долларни ташкил қилади, унинг амалга оширилиши натижасида 12 гектар ер майдонида барпо этилган заводларда йилига бир миллион тоннадан зиёд чиқинди ёқилиб, унинг атроф-муҳитга таъсири камайтирилади ва 480 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 27 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади, шунингдек, 300 та қўшимча иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳа доирасида Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида ҳам 2025-2026 йилларда Хитой компанияси томонидан маиший чиқиндиларни термик усулда утилизация қилиб, электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилиши кўзда тутилган. 155 миллион АҚШ доллари қийматидаги ушбу лойиҳани амалга ошириш эвазига вилоятдаги мавжуд чиқинди полигонларининг 60 физи қисқартирилишига эришилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, соҳада етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазиятни барқарорлаштириш, санитар ҳолатни яхшилаш, аҳолига хавфли касалликлар юқишини камайтиришга ҳисса қўшади. Қолаверса, чиқиндиларнинг қайта ишланиши табиий ресурсларни тежаш, муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олиниши, мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилишига хизмат қилади.
Жамоатчилик эшитувида сўзга чиққанлар, ҳудудларда чиқинди полигонларининг атрофи тўлиқ ўралмагани, чиқиндиларнинг утилизация қилиш ишлари талаб даражасида эмаслиги, ўлчов тарозиларининг йўқлиги каби камчиликлар айтиб ўтилди.
Шундан сўнг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди: вилоятда чиқиндиларни қайта ишлашда чиқиндиларни ажратиш – уй хўжаликлари ва ташкилотларда чиқиндиларни турига қараб (пластик, органик, металл ва қоғоз) ажратиб йиғиш тизимини жорий этиш; кўчаларда турли хил чиқиндилар учун махсус контейнерлар ўрнатиш; аҳолини хабардор қилиш – чиқиндиларни қайта ишлашнинг аҳамияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини олиб бориш; таълим муассасаларида экологик маърифат дарсларини ташкил этиш; аҳоли орасида чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаш маданиятини шакллантириш масалалари юзасидан кўплаб таклифлар айтилди.
Таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилоятида чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқтисодий самарадорлик ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу таклифларни амалга ошириш учун давлат, хусусий сектор ва аҳолининг ҳамкорлиги муҳимдир.
Сожида АЛЛАЯРОВА,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши
бош мутахассиси,
«Экология ва саломатлик» аёллар
клуби раиси
Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади
🕔09:00, 08.09.2025
✔16
Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.
Батафсил
Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг
🕔08:57, 08.09.2025
✔16
Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.
Батафсил
CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк
🕔17:37, 29.08.2025
✔54
Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.
Батафсил