Ҳаво сифатининг бузилишига мутассадилар томонидан турли хил сабаблар кўрсатилади: транспорт, саноат, энергетика ва ҳоказо. Аммо қурилиш майдонларидан кўтарилаётган чанг-ғубор ҳам атмосферамизга улардан кам зарар етказаётгани йўқ.
Эътибор берган бўлсангиз қурилиш майдонларининг атрофи доимо лой ва бу километрлаб масофага ёйилган. Юк машиналарининг лой излари аниқ кўриниб туради ва буни минглаб автомобиллар ғилдираклари бутун шаҳар бўйлаб тарқатади. Манбаларда келтирилишича, лойли излар чангга айланиб 50-200 метр радиусгача бўлган аҳолига салбий таъсир ўтказади.
Ўзбекистон Экологик партияси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги ушбу долзарб масалага эътибор қаратиб, бир қатор амалий таклифларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш мақсадида унга қурилишлар таъсирини камайтириш масаласи ҳам партиянинг дастурий ҳаракатларидан ўрин олган эди. Эндиликда мазкур ташаббус қонун сифатида кучга кирмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилинди.
Маълумотларга кўра, юртимизда қурилишлар сонининг ортишидан пайдо бўлаётган чанг халқаро нормадан 10 баробар юқори. Ҳисоб-китобларга кўра, 500 квадрат метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг кўтарилади. Аммо ҳалигача қонунчиликда бундай ҳаракатлар учун аниқ жавобгарлик йўқ эди.
Мутахассислар берган маълумотларга кўра, жорий йилда ўтган йилги шу мавсумга қараганда юқори нафас йўллари касалликлари тенг баравар кўпайган ва ушбу соҳа шифокорлари кабинетлари олдида турнақатор навбатлар юзага келган. Бунга эса ҳавода чанг ва зарарли моддалар миқдори жудаям ошиб кетгани сабаб бўлган.
Аслида, қурилиш ҳудудлари, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар (чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиш) шаҳарсозлик қоидаларига киритилган. Бироқ миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган. Шу сабабли қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгилаш, уларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш зарурати юзага келди.
Қонунга кўра, МЖтКга янги 85(1)-модда орқали «Қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик» ҳуқуқбузарлиги киритилиб, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима белгиланмоқда. Шунингдек, агар ҳуқуқбузарлик жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахслар БҲМнинг 50 баравари миқдорида жаримага тортилади.
– Очиғини айтиш керак, бугун кўпчилик тартибсиз қурилишлардан чарчади, – дейди ЎЭП Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Шу туфайли шаҳарларимизда яшил майдонлар ва дарахтлар тобора камайиб кетаётгани, бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Мисол учун, айни вақтда республика бўйича мингдан зиёд қурилиш объектлари атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 50 мингга яқин дарахтлар тақдири хавф остида қолмоқда. Бу эса қонунчиликда мана шу каби янги меъёрлар нақадар керак эканини исботлаб турибди. Қолаверса, ушбу қонунни қабул қилиш билан боғлиқ таклифлар партиямизнинг сайловолди дастуридан ҳам жой олган.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Экологик тафаккур ва ёшлар салоҳиятини бирлаштирган майдон
🕔13:24, 20.07.2026
✔37
Экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш учун уларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги рақамли дунёнинг асосий талабидир.
Батафсил
Дарахтлар иссиқдан қуриб қолмасин, бефарқ бўлманг!
🕔13:17, 20.07.2026
✔40
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аномал иссиқда дарахтларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўришга чақирмоқда. Вазирлик аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиришини билдирди.
Батафсил
Инсониятнинг келажакдаги тоза энергия манбаи
🕔15:34, 09.07.2026
✔67
Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда.
Батафсил