Табиат      Бош саҳифа

Чиқинди ташлаш учун чиқинди қутилар қаерда?

Экологик муаммо учун шароит яратаётган омил нега эътибордан четда қолмоқда?

Чиқинди ташлаш учун чиқинди қутилар қаерда?

Маълумотларга кўра, ҳар йили одамлар яшаш тарзи сабабли 2 млрд тоннадан ортиқ маиший, қаттиқ чиқиндилар чиқади. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 3-4 млрд тоннага чиқиши мумкин экан. Дунё давлатлари бугунги кунда бу муаммога турлича ечимлар изламоқда. Масалан, Японияда аҳоли чиқиндини мустақил равишда ўнлаб тоифаларга ажратади.

Аммо бизда ҳали чиқиндини саралашни қўя турайлик, мамлакат пойтахтида оддий чиқинди қутилари етишмовчилиги билан боғлиқ муаммонинг йилларки ҳал этилмагани одамни бироз умидсизликка туширади. Ҳар қадамда пакет-пакет, антисанитария ҳолатида ётган чиқинди уюмларига қараб вазиятнинг нега бу даражага келганини аввалига тушуна олмайсан. Атрофдаги ўткинчиларни айблайсан, тўғри улар ҳам маълум маънода айбдор. Аммо таёқнинг бошқа учи ҳам бор. Шулардан бири кўринишидан майдадек, аммо оқибати жиддий бўлган чиқинди қутилари билан боғлиқ масаладир. Мисол учун, Тошкент шаҳрида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатлари бўйича 1 январдан 20 мартгача 607 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларга жами 300 млн сўмга яқин жарима тайинланган.

Яқинда Тошкент шаҳар Экология бошқармаси пойтахт кўчалари ва хиёбонларида 5600 та чиқинди қутиси етишмаётганини маълум қилди. Ободонлаштириш бошқармасига икки ой аввал бу муаммони бартараф этиш бўйича мурожаат қилинган, аммо «маблағ ажратилмаган» деган жавоб олинган. Ўрганишлар давомида пойтахтга умумий ҳисобда 5600 та чиқинди қутилари, ўртача 15 та чиқинди йиғиш майдончалари етишмаслиги аниқланган.

Бу ҳолат шаҳар санитарияси ва экологик ҳолатига қандай таъсир қилмоқда? Бу муаммони ҳал қилиш учун қандай чоралар кўрилиши керак?

 

Расмий маълумотлар ва жамоатчилик фикри

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу йил чиқинди қутилари ўрнатиш учун қанча маблағ ажратилгани ҳақида расмий жавоб бермаган. Ҳозирги кунда мавжуд чиқинди қутилари билан боғлиқ вазият ҳам мақтагулик эмас. Кўплаб ҳудудларда уларнинг йўқлиги ёки талабга жавоб бермаслиги кузатилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровларга кўра, пойтахт аҳолиси чиқинди қутилари етишмовчилигидан норози. Айниқса, одамлар кўп тўпланадиган ҳудудлар – бозорлар, истироҳат боғлари, автобус бекатлари ва йирик кўчаларда чиқиндиларнинг ерга ташлаб кетилиши одатий ҳолга айланган. Бу нафақат шаҳар кўринишини бузади, антисанитария ҳолатига сабаб бўлиб, атроф-муҳитга зиён етказади.

– Масалан менга чиқинди қутилари танқислиги яққол сезилади. Баъзида бола билан сайрга чиққанимда қўлимда чиқинди билан юраман, уни ташлашга оддий урна йўқ, – дейди Қўйлиқобод маҳалласида истиқомат қилувчи касби тиббиёт ходими бўлган Мадина Турсунова. – Ҳаттоки катта савдо дўконлари олдида ҳам чиқинди қутиси ўрнатилмаган. Баъзи мактабларда, бекатлардаям йўқ. Шундай шароитда ёш авлодга кўпчилик бонг ураётган экологик тарбияни қандай бериш мумкин, ақлим етмайди.

Бу жуда муҳим нуқта. Агар шаҳарда ҳатто савдо марказлари, бекатлар ва мактаблар олдида ҳам чиқинди қутилари етишмаса, аҳоли тозаликни сақлашга қандай одатланади? Экологик тарбияни сўз билан ўргатиш мумкин, лекин агар амалда унга шарт-шароит бўлмаса, бу тарбия самара берадими?

Болалар тозаликни ота-онаси ва жамият намунаси орқали ўрганади. Агар улар атрофга чиқинди ташлашга мажбур бўлса ёки керакли жойда қути бўлмаса, бу улар учун нормал ҳолатга айланади. Шу сабабли, экологик тарбияни болаларга тушунтиришдан ташқари, улар учун тоза муҳит яратиш ҳам жуда муҳим ҳисобланади.

Чиқинди қутисини топа олмаган одам қўлидаги чиқиндини қаергадир улоқтириши табиий. Бу ҳолат йиллар давомида одатга айланади ва экологик маданият ҳақида минг бор қайғурманг, бу тарғибот ҳавога учиб кетаверади.

Муаммо эса аниқ – шаҳар инфратузилмаси экологик талабларга жавоб бермаяпти. Бундай ҳолатда ҳокимлик ва масъул идоралар бироз бўлса ҳам жамоатчилик фикрига эътибор бериши керак.

 

Ҳукумат ишлаб чиққан қоидалар фақат қоғоздами?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил октябрдаги қарорига асосан, чиқинди қутилари мажбурий равишда ўрнатилиши керак бўлган жойлар рўйхати белгиланган. Унга кўра, чиқинди қутилари қуйидаги жойларга мажбурий тартибда ўрнатилиши керак:

кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш йўлида – 1 та;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, шунингдек, савдо объектларининг биносига кириш (чиқиш) йўлида – 1-2 та;

метро, ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш (чиқиш) йўлида – 2 та;

аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, скверлар, хиёбонлар ва бошқалар) – объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та ва йўлаклар ва йўлкалар чизиғи бўйлаб ўрнатилганда бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

бозорлар ва савдо объектларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) – объектнинг ҳар 250 м2 майдонида 1 та ва савдо дўконлари қатори бўйлаб ўрнатилганда – бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

жамоат йўловчи транспорт бекатларида – 1-2 та;

автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида – 1-2 та;

даволаш муассасаларининг ҳовли ҳудудида – объектнинг ҳар 700 м2 майдонида 1 та, асосий аллеяларда эса – бир биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

чекиш учун махсус ажратилган жойларда – 1-2 та;

пляжлар ва сув акваториялари (дарёлар, кўллар, кўрфазлар ёки ҳовузлар)га туташ рекреация зоналарида – сув бўлинишидан 15 м ҳамда яшил экинлардан 3-5 м узоқликда жойлаштирган ҳолда, объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та;

кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда ва марказий майдонларда, йўлкаларда ҳамда магистрал кўчаларнинг пиёдалар зонаси бўйлаб, шунингдек, кўприкларда – ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда – ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда – ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан.

Лекин бу гаплар фақат қоғозда холос. Асл вазият эса анчайин жиддий. Бир марта бўлса ҳам қўлидаги чиқинди билан урна излаган одам яхши билади асл ҳолатни.

Чиқинди қутиларининг етишмовчилиги эса бир қатор салбий оқибатларга олиб келмоқда. Жумладан, кўчаларда чиқиндиларнинг тўпланиши шаҳарнинг экологик ҳолатини ёмонлашишига, табиатга зарар етказадиган пластик чиқиндилар атрофга тарқалиб кетишига, антисанитария туфайли турли касалликлар тарқалиш хавфи ошишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, бу аҳолининг маданий савиясига салбий таъсир қилади, атроф-муҳит озодалигини таъминлаш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташламасликка оид саъй-ҳаракатларни ҳавога совуради.

 

1. Экологик муаммолар

Кўчаларда чиқиндилар тўпланиши: Чиқинди қутиси йўқ жойларда одамлар чиқиндиларни ерга ташлашга мажбур бўлади, бу эса шаҳар кўринишини бузади.

Ҳаво, сув ва тупроқ ифлосланиши: Ёмғир ва шамол чиқиндиларни тарқатиб, улар сувга тушишига шароит яратади. Бу табиат ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатади.

Пластик чиқиндиларнинг кўпайиши: Чиқиндилар вақтида тўп­ланмаса, пластик пакетлар ва бошқа қайта ишланмайдиган материаллар табиатга сингиб, неча юз йиллар давомида атроф-муҳитни ифлослантиради.

2. Санитария ва

саломатликка таъсири

Антисанитария ҳолатининг кучайиши: Чиқиндилар атрофга ёйилиб, турли зарарли бактерия ва ҳашаротларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Касалликлар тарқалиши: Чиқиндилар чириб, ҳавони ифлослантиради ва бу нафас йўллари касалликларини келтириб чиқаради. Атрофга сочилган чиқиндилар турли зараркунандалар кўпайишига муҳит яратади.

3. Ижтимоий ва

маданий муаммолар

Аҳолининг маданий савиясига таъсири: Агар шаҳарда чиқинди ташлаш учун шароитлар яратилмаса, одамлар унга бепарво қарай бошлайди. Бу жамоат жойларида тозалик маданиятининг пасайишига олиб келади.

Туризмга салбий таъсири: Чиқиндилар билан тўлган шаҳар сайёҳлар учун жозибадор эмас. Бу эса шаҳарнинг иқтисодиётига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Аҳоли норозилиги: Чиқинди қутилари етишмовчилиги одамлар учун кундалик муаммога айланиб, маҳаллий ҳокимликка ишончсизликни оширади.

4. Иқтисодий оқибатлар

Қайта тозалаш харажатларининг ошиши: Агар чиқиндилар ўз вақтида тўпланмаса, шаҳар тозалаш хизматлари кўпроқ ресурс сарфлашига тўғри келади.

Корхоналар ва бизнесга таъсири: Агар тозалик таъминланмаса, айрим бизнес соҳалари (масалан, ресторан ва кафелар) мижоз йўқота бошлайди.

Инфратузилмага зарари: Ёмғир сувлари билан чиқиндилар қувурларга тушиб, сув оқими тизимларини тўсиб қўяди. Бу эса йўлларда ифлос сувлар тўпланишига, сув тошқинларига олиб келади.

Хуллас, биргина чиқинди қутилари танқислиги экология, соғлиқ ва иқтисодиёт учун жиддий таҳдиддир. Бу муаммони ўз вақтида ҳал қилиш орқали шаҳар санитариясини яхшилаш, экологик ҳолатни барқарорлаштириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш мумкин бўлади.

Қолаверса, чиқинди қутиларининг етишмовчилиги нафақат экологик, балки ижтимоий муаммодир. Уни ҳал қилиш учун ҳукумат ва жамоатчилик ҳамкорлигида ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши лозим. Хусусий секторни жалб қилиш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳолини онгли истеъмол маданиятига ўргатиш орқали бу муаммони самарали ҳал қилиш мумкин.

PS: Мақолани ёзиш жараёнида бир маълумотга дуч келдим. «2017 йил 9 августда эълон қилинган хабарда «Тошкентда чиқинди қутилари етишмаслигига барҳам берилади» дея ваъда берилган экан. Хабарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги йил охирига қадар чиқинди учун қутилар етишмаслиги муаммосини ҳал этишга қарор қилгани, етишмаётган 3000 та урнани ўрнатиш учун ҳокимлик 200 млн сўм ажратгани айтилган. Мана шу ваъда берилгандан буён ҳам орадан 7 йил ўтибди. Хулоса эса ўзингиздан...

 

Саида ИБОДИНОВА, «Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Тиббиёт чиқиндилари хавфли,  аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод  иш бошлади

Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади

🕔09:00, 08.09.2025 ✔17

Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.

Батафсил
Плоггинга  қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза  атроф-муҳит сари қадам қўйинг

Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг

🕔08:57, 08.09.2025 ✔16

Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.

Батафсил
CITES  50 йиллиги  Самарқандда:  табиат ва инсонлар  ўртасидаги кўприк

CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк

🕔17:37, 29.08.2025 ✔54

Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар