Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда шундай эълонлар кўпайди: «Хориждаги фалон шаҳарда дарахт экиш орқали савоб орттиринг!..» Пул юборсангиз, сиз учун хорижда кўчат экиб қўйишар экан.
Ҳатто видео ҳам юборишади. Бу «ташаббус»га «лаббай» деб чиқаётганлар борки, шундай эълонлар тобора кўпроқ айланяпти.
Бир ўйлаб кўрайликчи: шу хайрли ишни ўз юртимизда қилсак, бунинг савоби ҳам, нафи ҳам каттароқ бўлмайдими?
Ўзбекистонда экологик вазият ҳамон жиддий. Ҳаво ифлосланиши, чанг-тўзон, иссиқлик, қурғоқчилик, чўлланиш – буларнинг барчаси ҳаётимизга салбий таъсир қилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ўтказилиб, миллионлаб кўчатлар экиляпти. Лекин бу ишда давлат идоралари билан бирга, фуқаролар ҳам фаол иштирок этиши керак. Сабаби, бу табиат ҳаммамизники. Ҳар бир дарахтнинг соясию мевасидан фарзандларимизу набираларимизгача баҳраманд бўлишади.
Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ҳам шу мавзуда фикр билдириб: «Нега шунча пулни четга юбориб, дарахт экишни хоҳлаймиз? Шу дарахтни ўз юртимизда эксак, фарзандларимиз, неварамиз соясида ўйнамайдими? Бу ҳам савоб, ҳам фойда», – дея ёзди куюнчаклик билан.
Бу – ҳақиқат. Ахир, хорижда экилган дарахт бизнинг ҳавомизни тозаламайди. Бизнинг болаларга соя ҳам солмайди. Лекин маҳаллангизга, мактаб ёки боғчага бир кўчат олиб бориб, меҳр билан экиб, уни парваришласангиз, бу ҳам садақа, ҳам элга наф бўлмайдими?
Баъзан кўчатлар экилади-ю, ташлаб қўйилади. Қаровсиз қолади. Бу эса хайрли иш эмас, балки исроф бўлади. Шунинг учун, экилган дарахтни парваришлаш ҳам муҳим. Кўп қаватли уйларнинг олдига экилган кўчатларга бир челак сув қуйилмасдан саратонда қовжираб қолганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Кўпинча айрим ташкилоту дўконлар олдида қаергадир ҳисобот учун экилган ниҳоллар қисмати ҳам шундай бўлади. Бирон бир дўкондор бир челак сув қуймайди ёзнинг жазирамасида. Лекин хорижда бир туп хурмо экишга маблағини аямайди. Бу ўзни кўрсатиш, кибрга берилиш эмасми аслида?!
Яхшилик, савоб аввало инсоннинг яқинларига, яшаб турган жойига, уни едириб-ичирган Ватанига қилиниши керак. Аввало, инсон ўз юртини боғу бўстонга айлантирса, бундан улуғроқ яхшилик бўлмаса керак. Яхшиликни аввало онангга қил, дейилди. Ватан ҳам бизга Она эмасми?..
Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлар орасида анча-мунча ерлар бўш ётибди. Ўша ерлик аҳоли битта кўчат олиб қадаб қўймайди. Йилларки бўш ётади ўша ерлар. Оддий кўчат экиш учун ҳам маданият, инсонийлик, тарбия керак. Ёзнинг жазирама иссиғида оёғи куйган товуқдек соя салқин жой қидириб қоламиз. Аммо эшигимиз тагига соя берадиган бир ниҳол қадаб, оёққа туриб олгунча сувидан хабар олиб туришга ярамаймиз. Лекин боягидек ўзимизни пиар қилиш деса, бор-будимизни сотиб берадиган кимсага айланиб қолмаяпмизми?
Кўчат эксангиз – ўз юртингизда экинг, парваришланг! Юртни боғу роққа айлантиринг. Унутманг, шу дарахтнинг соясида эртага болангиз ўйнайди, неварангиз дам олади. Қолаверса, ҳар бир экканингиз учун йўловчилар томонидан айтилган раҳмат сизга яхши амал бўлиб ёзилиб туради.
Саида РУСТАМ
Экологик тафаккур ва ёшлар салоҳиятини бирлаштирган майдон
🕔13:24, 20.07.2026
✔37
Экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш учун уларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги рақамли дунёнинг асосий талабидир.
Батафсил
Дарахтлар иссиқдан қуриб қолмасин, бефарқ бўлманг!
🕔13:17, 20.07.2026
✔40
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аномал иссиқда дарахтларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўришга чақирмоқда. Вазирлик аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиришини билдирди.
Батафсил
Инсониятнинг келажакдаги тоза энергия манбаи
🕔15:34, 09.07.2026
✔67
Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда.
Батафсил