Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бир қатор муҳим ва бугунги кун учун ниҳоятда долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Аввало, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамиятда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим қонун лойиҳалари парламент қуйи палатаси йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.
Жумладан, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бу ўзгартишларга қандай зарурат бор?
Ҳозирги кунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни, айниқса суд томонидан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маълум муддатга маҳрум этилган фуқароларни профилактик ҳисобга олиш тартиби аниқ белгиланмаган. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида турли талқин ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.
Экопартия фракцияси аъзоси Жавлон Абдуллаев ушбу масалага эътибор қаратар экан, профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ ва мустаҳкам қонуний асослар етишмаслиги келгусида фуқаролар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
– Қонунчилик палатаси мажлисида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган барча фуқарони профилактик ҳисобга олиш бўйича норма чиқариб ташланди. Фақат «йўл безорилиги» (12810-модда) ва «маст ҳолда транспорт ҳайдаш» (131-модда) қолди, – деди бу ҳақида депутат Жавлон Абдуллаев.
Фракция аъзоси Сапаргул Утемуратова эса бундай шахсларни профилактик ҳисобга олиш амалиёти келажакда уларнинг айрим ҳуқуқларини чеклашга олиб келиши эҳтимолини қайд этди. Унинг фикрича, ҳар қандай янги механизм фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар: хусусий айблов институти жорий этилмоқда
Йиғилишда, шунингдек, депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган яна бир муҳим ҳужжат – «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётида хусусий айблов институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Яъни айрим тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш фақат жабрланувчининг аризасига асосан бошланади. Бу эса фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини эркин ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган муҳим омил ҳисобланади.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида муҳим ижтимоий ҳолатлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Агар жабрланувчи ночор аҳволда бўлса, вояга етмаган бўлса, ҳуқуқбузарга қарам ҳолда яшаса ёки бошқа объектив сабаблар туфайли ўз ҳуқуқларини мустақил ҳимоя қила олмаса, бундай ҳолларда ваколатли органлар шахсан ўз ташаббуси билан иш юритишни бошлаши шартлиги белгиланмоқда.
Очиқ ва амалий руҳдаги муҳокамалар
Йиғилиш давомида қонун лойиҳаларининг ҳар бир моддаси, унинг амалиётда қандай қўлланилиши, жамиятда қандай ўзгаришларга сабаб бўлиши, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ эҳтимолий муаммолар чуқур таҳлил қилинди.
Фракция аъзолари ўз таклиф ва фикрларини билдириб, қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш учун аниқ механизмлар таклиф қилди. Барча муҳокамалар халқ манфаатини устувор қўйган ҳолда, очиқлик ва масъулият тамойили асосида олиб борилди.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси фаолиятида инсон ва табиат манфаатлари доимо устувор аҳамият касб этади. Қонунчиликдаги ҳар қандай янгилик аввало фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва тартибни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим.
Шу боис, мазкур қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши нафақат ҳуқуқий тизимни ривожлантиради, балки фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔63
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔192
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил
Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида
🕔15:58, 09.07.2026
✔183
Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Батафсил