Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ўзбекистон – жаҳон парламент дипломатияси eтакчиси

Парламентлараро Иттифоқ 150-Ассамблеяси якунларига бир назар

Ўзбекистон –  жаҳон парламент дипломатияси  eтакчиси

Халқаро ҳамжамият дуч келаётган замонавий хатарлар глобал мулоқот форматларини янгилашни тақозо этмоқда. Парламент дипломатияси қонун чиқарувчи органларнинг ташқи сиёсатга, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, барқарор институтларни ривожлантиришга таъсир кўрсатишининг ўзига хос механизми сифатида олдинги ўринга чиқмоқда.

Жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси нафақат юбилей тадбири, балки парламент дипломатиясини мустаҳкамлашда муҳим босқич ва институционал халқаро парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. У Ўзбекистон учун ҳам, бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам йилнинг энг йирик парламент воқеаси ва тарихий лаҳзага айланди.

 

Тошкентда ўтган тарихий Ассамблея

Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқ 182 та миллий парламент ва 15 та уюшган аъзони ўзида бирлаштирган ҳолда, 6 миллиарддан ортиқ инсон манфаатларини ифодалайди. Ташкилот БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилиб, асосий глобал масалалар бўйича қонунчилик кун тартибини илгари суриб келмоқда.

150-юбилей Ассамблеяни ўтказиш жойи сифатида Тошкент танланиши Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги роли ортиб бораётгани, кўп томонламалик ва очиқлик тамойилларига содиқлигининг эътирофи бўлди. Ўзбекистон парламент дипломатияси сиёсатини фаол амалга ошириб, хорижий парламентлар ва халқаро институтлар билан алоқаларни тобора мустаҳкамламоқда.

Тошкент Форумида 140 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, 100 дан зиёд спикер ва вице-спикерлар, 750 нафар депутат, 25 та халқаро ва парламентлараро ташкилот раҳбарлари, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари глобал хавфсизликдан иқлим ўзгаришигача, рақамли трансформациядан тенглик ва инклюзиягача бўлган – давримизнинг энг долзарб муаммоларини муҳокама қилишда иштирок этди. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг ўзига хослиги нафақат унинг кўлами, балки муҳокамаларнинг чуқурлиги, позицияларнинг очиқлиги ва ялпи ечимлар топишга астойдил интилишида ҳам намоён бўлди.

Ушбу йирик анжуман давомида ҳозирги замоннинг қуйидаги асосий масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Биринчи масала – тинчлик ва хавфсизлик йўлида парламент дипломатияси. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг асосий мавзуларидан бири глобал хавфсизликни таъминлашда парламентларнинг роли бўлди. Парламент аъзолари можаролар шароитида ҳукуматлар фаолияти устидан парламент назоратини таъминлаш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини муҳокама қилдилар. Яқин Шарқдаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва дипломатик ваколатхоналарни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Иккинчи масала – ижтимоий адолат ва тараққиёт. Парламент аъзолари парламентлар ижтимоий адолат, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий ҳимояни қандай таъминлаши мумкинлигини кўриб чиқдилар. Бунда мамлакатлар ичида ҳам, улар ўртасида ҳам тенгсизликни камайтириш, барқарор ижтимоий ҳимоя дастурларини амалга ошириш устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигига урғу берилди.

Учинчи масала – гендер тенглик ва аёлларнинг сиёсатдаги иштироки. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сиёсатда аёлларни илгари суришдаги ютуқлар ва муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай мулоқот майдонига айланди. Аёлларнинг парламентдаги иштироки бўйича сўнгги рейтинг тақдим этилди: глобал миқёсда аёллар 26,9 фоиз ўринни эгаллаб турибди, аммо бу йўналишдаги ўсиш секинлашмоқда.

Хотин-қизлар форуми сессияларида Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг асосий резолюция­ларига гендер масалаларини киритиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Парламентлараро Иттифоқнинг Парламентарий-аёллар форуми ўзининг 40 йиллигини нишонлаш асносида хотин-қизларнинг парламент фаолиятидаги ютуқларини таъкидлаб, айни чоғда глобал миқёсда аёллар ҳуқуқларини илгари суришда давом этишини амалда намоён этди.

Тўртинчи масала – парламентлар келажаги ва уларда ёшларнинг иштироки. Парламентлараро Иттифоқнинг Ёшлар форуми доирасида ёшларнинг сиёсатдаги иштироки мавзуси муҳокама қилинди. Парламент аъзоларининг таъкидлашича, фаол фуқаролик позициясига қарамай, ёшлар ҳали ҳам парламентларда кам вакилликка эга. Ёшларни сиёсатга жалб қилишнинг сайловларда иштирок этиш ёшини қисқартириш, ёш парламентарийлар учун квоталар, стипендиялар яратиш каби механизмлар кўриб чиқилди.

Бешинчи масала – сунъий интеллект одоби ва рақамли инклюзия. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясида сунъий интеллектни тартибга солиш, рақамли ҳуқуқлар ва янги технологиялардан тенг фойдаланиш масалалари кўтарилди. Сунъий интеллектни парламент томонидан тартибга солиш, рақамли технологиялардан тенг фойдаланишни таъминлаш, рақамли тафовутни бартараф этиш ва фуқароларнинг рақамли ҳуқуқларини ривожлантириш механизмлари муҳокама қилинди.

Олтинчи масала – барқарор ривожланиш ва низолар оқибатларини юмшатиш. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси, шунингдек, қуролли тўқнашувлар инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини қандай вайрон қилаётгани, парламентлар бу салбий оқибатларни қандай юмшатиши мумкинлигига эътибор қаратди. Гуманитар дастурларни қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий инфратузилмани тиклаш, кўчирилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гуманитар дастурларни ривожлантириш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилди.

 

Инновацион ташаббус ва қарорлар

Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган асосий резолюциялар ва ташаббусларни тақдим этиш майдонига айланди. Улар орасидан энг муҳимларини санаб ўтамиз.

Биринчиси. Барқарор ривожланиш учун можароларнинг таъсирини юмшатиш тўғрисидаги резолюция – барқарор ривожланиш учун можаролар, шу жумладан қуролли можароларнинг узоқ муддатли таъсирини камайтириш бўйича парламент стратегияларига бағишланган.

Иккинчиси. Ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсатдаги иштирокини кенгайтириш – ушбу ташаббус Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланган «Гендер тенгликка эришиш: ҳаракат ортидан ҳаракат» кампаниясини бошлашга қаратилган. Бу ўринда Ўзбекистон ёш авлоднинг қарор қабул қилишдаги ролини кучайтириш йўлида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича парламентлараро платформани яратиш ташаббуси билан чиққани эътиборга сазовордир.

Учинчиси. Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон учун БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш.

Тўртинчиси. Фаластинда «икки давлат» ечимини илгари суриш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Бешинчиси. Крёмер-Пасси мукофотига 2025 йил бўйича номинациялар эълон қилинди.

Янги Ўзбекистон раҳбари минтақавий ва халқаро парламент ҳамкорлигини мустаҳкамловчи муҳим ташаббусларни илгари сурди:

• Ёшлар ва келажак авлод ҳуқуқлари бўйича парламентлараро платформани яратиш;

• Тошкентда Парламент дипломатияси минтақавий марказини таъсис этиш;

• Парламентлараро Иттифоқ шафелигида Ёш парламентарийлар академиясини ўтказиш.

Ушбу таклифлар замирида, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг инклюзив ва барқарор кун тартибини шакллантиришдаги фаол позицияси, шунингдек, глобал муаммоларни ҳал қилиш ва демократик институтларни ривожлантиришда парламентларнинг ролини кучайтириш борасидаги қатъий хоҳиш-иродаси мужассамлашган.

 

Президент нутқи – парламент дипломатиясида  янги давр

Ўзбекистон Президенти жаҳон парламент ҳамжамиятига мурожаатида парламент дипломатиясининг низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини кенгайтириш, иқлим муаммолари ва коррупцияга қарши курашиш, шунингдек, халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатидаги устувор йўналишларини белгилаб берди.

Ушбу тарихий нутқ Ассамблеянинг муҳим воқеаси бўлибгина қолмай, балки парламент дипломатияси учун янги кун тартибини ҳам очиб берди.

Биринчидан. Парламентлар – халқлар овози, умид ва ишонч овози. Ўсиб бораётган халқаро кескинлик ва глобал таҳдидлар шароитида Шавкат Мирзиёев дунё аҳлига миллий парламентларнинг ролига янгича қарашни таклиф қилди. Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, «кучли парламентлар – барқарор тинчлик асоси», парламент мулоқоти эса низоларнинг олдини олиш ва халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг самарали воситасидир.

Давлатимиз раҳбари глобал парламент мулоқотини ишонч, инклюзивлик ва адолат тамойиллари асосида қайта форматлаш зарурлигини таъкидлади, бу эса парламентларнинг низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнларига фаол аралашувини талаб қилади. Ўзбекистон етакчиси «қурол тили янграйдиган» дунёда парламентларни «виждон ва келажак тили билан гапириш», фуқароларнинг орзу-интилишлари ва манфаатларини ифода этишга чорлади. Президентимиз эътирофича, парламентлар глобал ечимларда халқлар овози эшитилишида муҳим роль ўйнайди.

Иккинчидан. Демократик трансформациялар – парламент легитимлигининг асоси. Президентимиз ўз нутқида сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган муваффақиятли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Давлат бошқарувини модернизация қилиш, қонунчилик фаолиятига инновацион механизмларни жорий этиш ва фуқаролик жамиятининг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши муҳимлиги ҳақида гапирди.

Шавкат Мирзиёев давлат институтларининг очиқлиги ва шаффофлиги нафақат мамлакатнинг ички ривожланишига, балки унинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилишини уқтирди. Шу билан бирга, «Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бормоқда. Биз мамлакатимизда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратяпмиз», – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Учинчидан. Парламент дипломатияси ва кўп томонлама ҳамкорлик. Президентимиз ўз нутқида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида ўрин ажратиб барча мамлакатлар парламентларини иқлим ўзгаришидан тортиб ижтимоий адолатни таъминлашгача бўлган глобал муаммоларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. Давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг умумий принципларини ишлаб чиқиш учун ноёб майдон бўлиб хизмат қилаётгани, бу эса тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида айниқса муҳим эканини таъкидлади.

Тўртинчидан. Ёшлар ва хотин-қизлар – парламент кун тартиби марказида. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида гендер тенглик ва ёшларнинг сиёсатдаги иштироки масалаларига ҳам тўхталди. Хотин-қизлар ва ёшларни фаол жалб этиш барқарор ва инновацион ривожланиш гарови эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг сўзларига кўра, тенг имкониятлар соҳасидаги ислоҳотлар нафақат ҳар бир фуқаронинг салоҳиятини очиш, балки мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги форматларини яратиш имконини ҳам беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи бутун дунё парламент делегациялари томонидан илиқ кутиб олинди. Давлатимиз раҳбарининг таклифлари Ўзбекистоннинг халқаро дипломатияда фаол иштирокчи ва глобал жараёнларда конструктив воситачи сифатидаги роли ортиб бораётганининг ўзига хос ифодаси бўлди. Ўзбекистон Президенти ташаббуслари «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» Тошкент декларациясида ўз аксини топди.

 

ЕВроосиёдан – Яқин Шарққача

Ўзбекистон Президенти Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида жами 11 та расмий учрашув ўтказди. Бу учрашувларда 17 та хорижий давлат парламентлари раҳбарлари ва иккита етакчи халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш мавзуларида сўз юритилди.

Муҳим учрашувлар сирасига Парламентлараро Иттифоқ президенти Тулия Эксон ва Бош котиб Мартин Чунгонг билан музокаралар киради. Шу ўринда Мартин Чунгонг жаноблари халқаро парламент ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – «Дўстлик» ордени билан тақдирланганини таъкидлаш айни муддаодир.

Шунингдек, БМТ Бош котибининг Болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маала билан учрашув бўлиб ўтди. Президентимиз билан айни мулоқот асносида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва БМТнинг Ўзбекис­тондаги дастурларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси доирасида ўтказилган учрашувлар жонажон Ўзбекистонимиз ва муҳтарам Президентимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг ўзига хос ёрқин тасдиғи бўлди.

Бу муҳим мулоқотлар мамлакатимизнинг конструктив ҳамкорлик учун очиқлигини, глобал парламентаризмнинг янги архитектурасини шакллантиришдаги фаол ролини амалда яққол намойиш этди.

Бу парламент демократиясининг муҳим воқеаси – парламент бирдамлиги ва халқлар ўртасидаги ўзаро англашув даврининг тарихий тимсолига айланди.

 

Тошкент декларацияси: парламентлар глобал мулоқотида тарихий қадам

Диққатга сазовор томони Парламентлараро Иттифоқ 150-Ассамблеясининг якунида «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» номли Тошкент декларацияси қабул қилинди. Бу ҳужжат кўп кунлик муҳокамаларнинг чўққиси ва халқаро парламент ҳамжамияти ҳозирги даврнинг устувор муаммолари бўйича эришган консенсуснинг мўъжаз ифодасидир.

Мазкур Декларация стратегик хусусиятга эга. У глобал хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни илгари суриш, ёшлар ва инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича парламент ҳаракатларининг кенг қамровли дастури ҳисобланади.

Тошкент декларациясида ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида парламентларнинг роли алоҳида таъкидланган. Жумладан:

Биринчи йўналиш. Тинчлик ва хавфсизлик. Декларацияда низоларни ҳал қилиш, ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини таъминлаш учун парламент мулоқотидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш, хусусан, Исроил-Фаластин можаросини икки давлат ўртасида ҳал қилиш ғоясини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Иккинчи йўналиш. Барқарор ривожланиш. Декларацияда қуролли можаролардан зарар кўрган минтақаларни тиклаш ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга оид барқарор ривожланиш моделларини амалга ошириш устидан парламент назорати концепцияси илгари сурилди. Парламентлар аъзоларининг таъкидлашича, барқарор ривожланишга фақат давлатлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш орқали эришиш мумкин.

Учинчи йўналиш. Ижтимоий адолат. Декларациянинг марказий унсурларидан бири фуқароларнинг барча тоифалари учун асосий ижтимоий хизматлар – таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятини таъминлаш талабидир. Бунда ижтимоий тенгсизликни камайтирадиган ва аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланмоқда.

Тўртинчи йўналиш. Гендер тенглик ва ёшлар иштироки. Декларацияда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини ошириш муҳимлигига эътибор қаратилмоқда. Парламентлар аъзолари томонидан барқарор ва инклюзив ривожланишнинг кафолати бўлган квоталар, мураббийлик дастурлари ва сиёсатда аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш чораларини жорий этиш бўйича тавсиялар илгари сурилди.

Тошкент декларацияси шунчаки тавсиялар тўпламидан иборат эмас. Аксинча, бу ҳужжат аллақачон парламент дипломатиясини кучайтириш ва глобал ҳамкорликнинг янги механизмларини яратишга қаратилган стратегик платформага айланди.

 

Қандай янги механизмлар назарда тутилмоқда?

Биринчиси – парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш. Декларацияда миллий қонун чиқарувчи органлар ўртасида парламент тажрибасини фаол алмашиш ва глобал таҳдидларга жавоб беришнинг ягона тизимини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.

Иккинчиси – парламент демократиясининг янги сифати. Декларация вакиллик ҳокимиятининг эволюцияси, яъни тадрижий ривожланишини кўрсатади: замонавий парламентлар муаммоларни пассив, суст муҳокама қилишдан глобал кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишга ўтмоқда.

Учинчиси – барқарорлик ва мослашувчанлик. Иқтисодий, ижтимоий ва экологик инқирозлар шароитида Декларация миллий парламентлар учун низолар оқибатларини бартараф этиш, ресурсларни қайта тақсимлаш ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича стратегик режалар тузиш имконини берувчи ўзига хос «йўл харитаси»га айланади.

Тўртинчиси – ҳаракатлар учун сиёсий сигнал. Келгуси йилларда Тошкент декларацияси миллий даражадаги қонунчилик ташаббуслари ва соҳадаги ҳамкорликнинг парламент платформаларини, хусусан:

• Барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга оширилиши устидан парламент назоратини кучайтириш;

• ижтимоий ҳимоянинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш;

• сиёсатда аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини кенгайтириш;

• хавфсизлик, иқлим ва рақамли трансформация муаммолари шароитида парламентлараро ҳамкорликда инновацияларни жорий этиш каби соҳалар бўйича янада мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бешинчиси – янги авлод дастурий ҳужжати. Дек­ларация дунё парламентларининг янада адолатли, хавфсиз ва барқарор келажакни яратишга бўлган умумий интилишини акс эттиради.

Олтинчиси – ижтимоий ривожланиш парламент кун тартибининг марказида. Тошкент декларациясида бундан 30 йил олдин Копенгагенда бўлиб ўтган ижтимоий ривожланиш бўйича биринчи саммит бошлаб берган кун тартибига қайтиш муҳимлиги таъкидланган. Иштирокчилар Қатардаги саммит яқинлашгани муносабати билан ижтимоий ривожланишни парламент кун тартибининг марказига қўйиш зарурлигини таъкидладилар.

Бундан мақсад – барқарор ривожланишга, айниқса:

• қашшоқлик ва очликни тугатиш;

• соғлиқни сақлаш, таълим ва гендер тенгликни таъминлаш;

• муносиб иш ва иқтисодий ўсиш;

• тенгсизликни камайтириш;

• тинчлик ва адолат институтларини мустаҳкамлаш йўналишларидаги барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдир.

 

Халқаро миқёсдаги етакчилар – 150-Ассамблея ҳақида

Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси жаҳон парламент экспертлари ва сиёсий ҳамжамиятида кенг акс-садо берди. Иштирокчиларнинг фикрларини умумлаштириб айтадиган бўлсак, «Ўзбекистон глобал мулоқот архитектурасини шакллантираётган давлатлар қаторидан дадил жой олди», деган эътироф келиб чиқади.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг таъкидлаганидек, «Ўзбекистон дунё бўлинишларга дуч келган тақдирда ҳам парламент қандай қилиб бирдамлик майдони бўлиши мумкинлигини намойиш этди». Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон Евроосиёнинг нафақат географик, балки турли хил овозларни ҳам бирлаштиришга қодир бўлган сиёсий маркази эканлигини ҳам исботлади».

Жозеф Томас Исаак (Доминикана) «Ўзбекистон Ассамблеяда муҳим ташаббусларни илгари сурган давлат сифатида намоён бўлди», деган бўлса, Пер Фердинандо Касини (Италия) «Ассамблеянинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақавий етакчилигини мустаҳкамлайди», деган фикрни билдирди.

Қатар вакили Ҳасан Ал-Гаминнинг фикрича, «150-юбилей Ассамблеясининг Тошкентда ўтказилиши сўнгги йилларда ўз ислоҳотлари билан халқаро ҳамжамиятга намуна бўлаётган Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга». Мальталик Анжело Фарружа эса «Тошкентдаги Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси замонавий дунё муаммоларини муҳокама қилиш учун ажойиб имкониятдир», дея эътироф этди.

Парламентлар аъзолари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этдилар. Мамлакатимиз тинч-тотув яшаш, очиқлик, мулоқот ва барқарор келажакка интилиш намунаси сифатида қабул қилинди.

Умуман олганда, Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси миллий парламентлар вакиллари томонидан юксак баҳоланди. Жаҳон парламентарийлари фикрича, Тошкент Янги Ўзбекистон парламент дипломатиясининг жадал ривожланаётган жаҳон маркази сифатидаги мақомини амалда тасдиқлади. Шунинг баробарида, пойтахтимиз глобал мулоқотни мустаҳкамлаш ва бугунги куннинг энг ўткир муаммоларини ҳал қилиш бўйича кейинги қадамлар қўйишнинг бошланғич нуқтаси сифатида тарихдан жой олди.

Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкент юбилей Ассамблеяси халқаро миқёсдаги тадбирлардан кўра анча муҳимдир. Чунки бу Ассамблея парламентлараро мулоқотнинг янги фалсафаси бўлиб, унинг марказида инсон, ҳуқуқлар, ишонч ва келажак туради. Айни жараёнда Ўзбекистон шунчаки қабул қилувчи томон эмас, балки парламентлар тобора муҳим роль ўйнаётган глобал парламент дипломатиясининг янги тўлқини етакчисига айланди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг мезбон сифатида танланиши, унинг янги кун тартибини шакллантиришдаги ташаббускорлик роли, шунинг­дек, муҳокама қилинаётган мавзуларнинг кўлами Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясини XXI аср парламент дипломатиясини ривожлантиришда бурилиш нуқтаси сифатида кўриб чиқиш имконини беради. Ўзгариб бораётган дунёда айнан парламентлар тинч ўзгаришлар, қонуний қарорлар ва барқарор ривожланишнинг драйверига айланиши мумкин.

 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси

депутати,

академик




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔81

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар