Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилЮртимизда ёш авлоднинг дунёга келиши ва жисмонан соғлом ривожланиши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришни эса тоза атроф-муҳитсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Соғлом ҳаёт ҳамда атроф табиий муҳит бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ. Табиий муҳитнинг тоза ва мусаффолиги болаларнинг соғлом ва етук вояга етишининг асосий омилларидан биридир.
Президентимизнинг шу йил 15 майдаги «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси фақат ҳукумат ёки мутасадди идоралар зиммасига юкланмаган. Бу қарорни амалга оширишда айниқса биз – аёлларнинг, оналарнинг ўрни жуда муҳим. Шу маънода, юртимиздаги ҳар бир она, аёл, буви болаларимиз учун, яшил ва соғлом олам учун экологик маданиятни умумхалқ қадриятига айлантиришга киришишимиз, шу йўл билан келажак авлодларга барқарор, хавфсиз ва фаровон ҳаёт қуришни бугундан бошлашимиз зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.
Аёл ва табиат – иккиси ҳам гўзаллик рамзи. Иккисида ҳам меҳр дея аталмиш илоҳий туйғу бор. Аёл – она, табиат ҳам онага менгзалади.
Аёл фарзандларини бағрида тарбиялаб вояга етказса, табиат бағрида гулу гиёҳларни, жонзотларни, биз инсонларни эркалаб ўстиради, едиради, ичиради.
Шунинг учун ҳам оналар боғ барпо этган жойларда, «Оила боғи» қад ростлаган манзилларда фарзандлар ҳам албатта, она табиатга меҳрли бўлади, уларда экологик маданият ўсади, экологик қадриятлар эъзозланади. Бундай масканларда улғайган авлод қалбида табиатни асраб-авайлашга интилиш, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик кўникмалари инган бўлади. Чунки олманинг тагига олма тушади. Болалар бизнинг қилаётган ишларимиздан улги олади.
Бинобарин, оналар экологияни асраш, атроф-муҳитни муҳофазалаш каби ислоҳотларда албатта фаол иштирок этиши зарур. Бу нафақат дарахт, гул экиш, боғлар барпо этиш, балки экологиянинг барча йўналишлари, жумладан:
– сувни ва бошқа ресурсларни тежаш маданиятини сингдириш;
– хавфсиз озиқ-овқат истеъмоли;
– иқлим ўзгариши, ҳаво сифатини яхшилаш ва Орол денгизининг қуриши оқибатларига қарши курашиш;
– инфратузилмани яхшилаш;
– чиқиндиларни камайтириш ёки чиқиндини ташлаш, саралаш маданиятини сингдириш бўйича илғор тажрибаларни илгари суришда ҳам оналарнинг ҳиссаси катта бўлиши зарур.
Оилаларда экологик маданиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни асраб-авайлаш соҳасидаги интеллектуал ва илмий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш даражасини кўтариш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бугун долзарб аҳамиятга эга. Бунда эса миллат тарбиячилари – оналарнинг, аёлнинг ҳар томонлама билимли бўлиши, табиатга муҳаббати, унинг экологик билим ва маданияти даражаси ўта муҳим роль ўйнайди. Чунки халқимиз билиб «Қуш уясида кўрганини қилади» дейди. Қўлидаги чиқиндини йўлга улоқтириб кетадиган онанинг боласи чиқиндидан ҳудди шу усулда халос бўлади. Чунки у бошқа йўли борлигини билмайди. Болаларимиз бизнинг қилганимизни кўпроқ қилади, айтганимизни эмас. Шунинг учун ҳам экологик маданият ва тарбия ҳақида гап кетар экан, аввало, миллат оналарига ушбу атамаларнинг чин моҳиятини англатмоқ керак.
Экологик муаммо тараққиёт, хавфсизлик, аҳолининг турмуши ва бевосита одамлар ҳаётининг давомийлигига таъсир кўрсатиб, айниқса аҳолининг энг ёш қисми бўлган болалар ҳаётига катта хавф солади. Сир эмаски, ифлосланган атроф-муҳит биринчи навбатда ҳали ёш, энди шаклланиб бораётган организмга катта таъсир кўрсатади, унинг физиологик ва руҳий ривожланиш ҳолатига таъсир этмай қолмайди.
Кўп минг йиллик жамиятимиз тарихи шундан далолат берадики оилада маънавий-экологик қадриятларга ва унинг қарор топишига катта эътибор берилган. Охирги юз йилликда юртимиз экологик тизимига катта салбий таъсир етказилди, аждодларимизнинг табиатдан фойдаланиш борасидаги халқ удумлари ва анъанавий одоб-ахлоқ қоидалари унутиб юборилди.
Аслида халқимиз бой экологик маданиятга эга. Асрлар давомида шаклланиб келган бой миллий маънавий қадриятларимиз ва меросимиз шундан далолат берадики, ота-боболаримиз, аждодларимиз Она заминга ўзгача муносабатда бўлиб, сув, тупроқ, ҳавони қадрлаганлар. Табиат бойликлари ва унинг эҳсонларини асраб-авайлаб, улардан тежаб фойдаланганлар.
Шунинг учун ҳам кўпроқ оналар болаларга табиат инъом этган ер ва сувни асраб-авайлаш, тупроқ ва ҳавони ифлослантирмаслик, ўсимлик-яшиллик оламини сақлаш ҳақидаги ўгитларни доимий равишда сингдиришлари ва уларнинг ҳаёт мезонига айлантиришлари талаб этилади. Болаларимизга, ўлкамиз учун тобора қадрли бўлиб бораётган ичимлик сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш муносабатини шакллантириш айниқса, ўта муҳим масаладир.
Болаларимизда атроф-муҳитга бўлган дахлдорлик муносабатини шакллантириш, уларда масъулият ҳиссини уйғотиш ва тарбиялаш, табиат ресурсларидан – ер, сув, энергиядан, барча хом-ашёлардан эҳтиёткорлик, тежамкорлик билан, оқилона фойдаланиш, яъни уволга йўл қўймаслик кўникмаларини уларнинг кундалик ҳаётида сингдиришимиз, бу хатти-ҳаракатларда шахсий намуна кўрсатишда аёлнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратиш керак.
Шунинг учун ҳам болаларимизнинг экологик тарбиясига асосий эътибор бериб, уларда юксак инсоний фазилат, атроф-муҳитга бўлган муносабатнинг яратувчанлик, бунёдкорлик ва обод этиш сифатларни қарор топтириш орқали экологик маданиятни шакллантиришда аёлга имкон бериш лозим. Зотан, оила муҳитида тоза ичимлик сувдан самарали фойдаланиш маданиятига қатъий амал қилиш ҳар бир оила аъзоларининг ажралмас фазилатига айланишини таъминлаш учун аввало аёл экологик маданиятга эга бўлиши керак.
Айдангул АБДУРАҲМОНОВА,
ЎЭП Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Экология ва саломатлик аёллар клуби раиси
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилМамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.
БатафсилМамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.
Батафсил