Бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда тинч ва барқарор муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Шу мақсадда куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида асосий муҳокамалардан бири шу мавзуда бўлди. Аввало, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар томонидан минг чиғириқдан ўтказилган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатаси йиғилишида ҳам жуда қизғин муҳокама қилинди.
Янги ваколатлар – самарали назорат сари қадам
Муҳокама қилинган «Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими ҳамда жамоат тартибини сақлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, эндиликда ҳуқуқ-тартибот органларида фаолият юритувчи профилактика инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ва чора кўриш ваколатига эга бўлади.
Бундан ташқари, патрул-пост хизмати инспекторлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларни кўриб чиқиш ҳуқуқи уларнинг тўғридан-тўғри раҳбарларига ҳам берилмоқда. Бу эса тизимдаги иш юкини барқарор тақсимлаш ва қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси жамоат тартибини таъминлашда маҳалла институтининг ролини янада мустаҳкамлашга қаратилгандир. Экопартия фракцияси аъзолари таъкидлаганидек, маҳаллаларда барқарор, хавфсиз ва тинч муҳитни яратиш нафақат полиция органлари, балки жамоатчилик ва маҳалла фаолларининг ҳамкорликдаги ҳаракатини талаб қилади.
Йиғилиш давомида қонун лойиҳаси юзасидан қизғин фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат профилактик тадбирларни кучайтириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва ҳуқуқбузарликка барвақт таъсир кўрсатиш имкониятини беради.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватлади ва унинг амалга оширилиши маҳаллий даражада жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилишини қайд этдилар.
Қонун ижроси – адолат мезони
Депутатлар томонидан «Суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш киритиш таклифи кўриб чиқилди. Бу ўзгартиш 43-1-модда орқали ижро жараёнларини соддалаштиришни, қарз, алимент, товон ва ишга тиклашга оид қарорларнинг тез ва самарали бажарилишини таъминлашни кўзлайди.
Халқ тилида айтганда: «Суд қарор чиқарса, ижро учун яна суд югурмасин». Бу халқ манфаати, одил судлов ва самарали бошқарув учун қўйилган навбатдаги муҳим қадамдир.
Лазер – ўйинчоқ эмас, хавф
Автобусда кетяпсиз. Орқа ўриндиқда ўтирган болакай лазерни олиб, юзингизга тутмоқда. Бу энди кундалик ҳаётда болалар ўйинқароқлиги сифатида қабул қилинади. Лекин бундай нарсалар масалан, авиацияда ҳаёт ва ўлим масаласи бўлиб қолиши мумкин.
Сўнгги вақтларда портатив лазерлар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар кўпайди. Айниқса, самолётларга йўналтирилган нурлар учувчилар кўзига тушиши мумкин, бунга дунё миқёсида мисоллар кўп.
Шу боис, мажлисда ушбу қурилмаларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кириш ва ишлатиш учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонунга кўра:
– лазер ускуналардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади;
– уларнинг айланмаси (сотиш, сақлаш, олиб кириш) юзасидан қатъий назорат жорий қилинади;
– маъмурий жавобгарлик қонуний асос билан аниқланади.
Бу нафақат жамоат тартиби, балки фуқаролар соғлиғи ва ҳаво транспорти хавфсизлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔63
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔192
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил
Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида
🕔15:58, 09.07.2026
✔183
Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Батафсил