Кўзга оддий ва аҳамиятсиз кўринадиган идиш ювиш губкаси аслида ҳар бир хонадондаги энг ифлос воситалардан бири эканини биласизми?
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, анъанавий ошхона губкаларидаги бактериялар сони баъзи ҳолларда унитаз юзасидагидан ҳам кўп бўлади. Яъни, биз уни идиш-товоқларни тозалаш учун ишлатар эканмиз, ўша «тоза» идишлар орқали соғлимизга аслида катта зарар бераётган бўлишимиз мумкин.
Ажабланарли томони, буни кўпчилик билмайди ёки билса ҳам эътиборсиз қарайди. Чунки губка нафақат кундалик ҳаётда кўп ишлатиладиган, балки жуда арзон ва ҳамма жойда учрайдиган маҳсулот. Унинг шу «арзонлиги» зарарини етарлича баҳоламасликка олиб келади.
Бундай сунъий губкалар нафақат соғлиғимиз, балки табиат учун ҳам жиддий экологик таҳдид ҳисобланади. Уларнинг таркиби, ишлатиш муддати ва табиат бағрига ташланиши натижасида тупроқ, сув ва ҳатто ҳайвонларнинг ҳаёт муҳити зарар кўради.
Нимадан ясалади?
Анъанавий идиш ювиш губкалари асосан сунъий материаллар – полиуретан, полиэстер ёки нейлондан ишлаб чиқарилади. Бу моддалар нефтдан олинади ва қайта тикланмайдиган ресурслар ҳисобланади.
Ушбу материаллар ишлаб чиқариш жараёнида ҳавога зарарли газлар тарқатиб, иқлим ўзгаришига ҳисса қўшади. Масалан, битта сунъий губка тайёрлашда тахминан 0,1 килограмм углерод гази атмосферага чиқади. Битта хонадон бир ойда 2-3 дона ишлатган ҳолда бу маҳсулотдан йилига қанча ишлаб чиқарилиши ва ундан қанча зарарли газ атрофга тарқалишини ҳисоблаш қийин эмас.
Ишлатиб бўлингани қаерга кетади?
Губкалар одатда 2 ҳафтадан 1 ойгача ишлатилади. Кейин шунчаки чиқиндига ташланади. Аммо муҳим савол: кейин нима бўлади?
Улар табиий равишда чиримайди ва тупроқда 100 йиллаб сақланиши мумкин. Шу вақт давомида тупроқни заҳарлайди. Ташқи муҳитда эса қуёш таъсирида майдаланиб, микропластик зарраларга айланади ва атрофга тарқалади.
Маълумотларга кўра, фақат АҚШнинг ўзида бир йилда тахминан 400 миллиондан ортиқ идиш ювиш губкаси ташлаб юборилади. Бу тахминан 60 минг тонна сунъий чиқинди деганидир.
Микропластиклар муаммоси
Губкалар сув билан ишлатилар экан, улардан ажралган кичик-кичик пластик толалар канализация орқали чиқиб кетади. Фильтрлар бу зарраларни тўлиқ тўсиб қололмайди. Натижада улар:
дарё, кўл ва денгизларга етиб боради;
сувдаги микроорганизмлар ва балиқлар томонидан ютилади;
балиқлар орқали инсон овқат занжирига қайтиб келади.
Европа тадқиқотчиларига кўра, инсон йилига тахминан 70 мингдан 100 мингтача микропластик заррани овқат ва ичимлик сув орқали истеъмол қилади.
Бактериялар ўчоғи
Губка нафақат табиат, балки инсон соғлиғи учун ҳам жиддий хавф манбаи. Уни ишлатиш жараёнида:
намлик сақланади;
ёғ ва овқат қолдиқлари йиғилади;
ҳарорати доимий бўлган муҳитда миллионлаб бактериялар кўпайиши учун қулай шароит юзага келади.
2017 йилда Scientific Reports журналида чоп этилган тадқиқотда қайд этилишича, оддий ошхона губкасининг 1 куб сантиметрида 70 миллионгача бактерия бўлиши мумкин. Бу миқдор унитаздан анча юқори.
Губкалар ҳатто ювилганда ҳам бактерияларнинг фоизини камайтирмайди. Аксинча, баъзи бактериялар ўлмай, янада чидамлироқ шаклга ўтади.
Муаммога ечим борми?
Албатта, бор. Идиш ювиш воситаларини табиий ва экологик хавфсиз муқобилига алмаштириш мумкин:
1. Люфа – ўсимликдан тайёрланган табиий губкалар. Ерда осон чирийди, микропластик ажратмайди, бир неча ҳафта ишлатиш мумкин.
2. Кокос ёки занжабил толалари асосида тайёрланган арчалар. Табиий, қаттиқ, бактериялар кам сақланади, узоқ муддатли.
3. Матодан тикилган, қайта ювиладиган ёстиқчалар. Ювиб қайта-қайта ишлатиш мумкин, озиқ-овқат қолдиқлари тўпланмайди.
4. Ёғоч ва металл асосидаги идиш ювиш воситалари. Табиий материалдан тайёрланган, тоза сақланади ва кўп йил хизмат қилади.
Бир қарашда арзон, оддий ва фойдали кўринадиган идиш ювиш губкаси ортида жиддий муаммолар ётади. У нафақат соғлиғимиз, балки бутун табиат учун хавфли ҳисобланади. Ушбу муаммони енгиш учун ҳар ким ўз ошхонасидаги одатларини қайта кўриб чиқиши, экологик хавфсиз ва қайта ишланадиган воситаларга ўтиши зарур.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Оқ халат – Ватанга садоқат, одамлар олдидаги бурч рамзи
🕔16:00, 13.11.2025
✔23
«Мен шифокор эгнидаги оқ либосни нафақат касб белгиси, балки Ватанга чексиз садоқат рамзи деб биламан. Бундан буён ҳам шифокорнинг, ҳар бир тиббиёт ходимининг обрўсини ҳимоя қилиш, унга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш эътиборимиз марказида бўлади».
Батафсил
Заҳарга тенг егулик тайёрлаб, пуллаётганларга «тўхта» дейдиганлар борми?
🕔15:41, 13.11.2025
✔29
«Oila va TABIAT» газетасининг ўтган сонларидан бирида Муаззам Иброҳимованинг «Ош бўлмасин!» сарлавҳали мақоласини зўр бир қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Мақолада тамаддихоналарда кечаги овқатдан чиққан ёғни қайта яна овқатга ишлатиш ҳолати ҳақида куюнчаклик билан фикр-мулоҳазалар ўртага ташланган.
Батафсил