«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилДарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Бу айни атроф-муҳитнинг ифлосланишига, тоза сувнинг булғанишига, тупроғимизнинг зарарланишига, мева-сабзавотларнинг заҳар-заққумга тўлдириб юборилаётганига беэътибор, беғамларча қараб турганларни-да ҳушёр торттириш бонги бўлиб янграйди.
Фикримни бежиз ушбу сўзлардан бошламадим. Мамлакатимиз раҳбари таклифи билан «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб ном берилган жорий йилимизнинг иккинчи ярми бошланганига ҳам ҳадемай икки ой бўлади. Бу давр мобайнида «Тоза ҳудуд» доирасида қанча-қанча лойиҳалар, рейдлар, акциялар ташкил этилди. Лекин ҳар гал бу тадбирлар шу соҳа мутасаддиларинигина иши бўлиб қоляпти. Ваҳоланки, атроф-муҳитни асраш ҳар кимнинг, ҳар биримизнинг ишимиз, бурчимиз аслида. Лекин бу борада кўпчилик ҳали уйғонгани йўқ.
Мен сув бўйида яшайман. Ёнимиздан ҳов, бобомиз Бобур Мирзо «Бобурнома»да таъкидлаб ўтган Тўққизариқнинг йўқола-йўқола, қолган биргина анҳори оқиб ўтади. Доимий кузатишимча, анҳор тўла сув бўлган кезларда кўзингизга чиройли кўринади. Алҳол, сув тўхтаган онларда унга қараб ҳайфингиз келади. Шундай, суви тўхтаб қолган ариқларни бир ёзувчи акамиз «антиқа музей» деб атаганди. Унда ҳар нарса бор: ичимликлардан бўшаган баклашкалар, турли мева-сабзавот пўчоқлари, латта-путталар, ҳатто болалар тагликларию, сўйилган ҳайвонларнинг чиқиндилари, синган, эскирган идиш-товоқлар, қўйингки, ҳақиқатан эски-тускилар мозийгоҳи деяверинг.
Ҳали тоза ичимлик сув танқислиги айтилмаган йилларда бу борада бир кузатув қилгандим. Кузатишимча, чулдираб оққан сув бир тонналик идишни бир суткада тўлдираркан. Иш юзасидан шаҳар-туманларда юрган пайтларимда жўмраги ёпилмаган кўп-кўп ичимлик сув қувурларига кўзим тушарди. Шунда хаёлим синовимга кетарди. Битта кўчада жўмраги ёпилмаган иккита қувур бўлса, битта маҳаллада ўртача йигирмата кўчани ҳисоблаб қўшсак, уни шаҳар-туманларга, кейин вилоятлар кесимида кўпайтирсак, тасаввур қиляпсизми, бир кеча-кундузда қанча ичимлик сув беҳуда оқиб кетмоқда. Энди, бу иш ҳамманинг юмуши эканлигига иқрор бўляпсизми?! Яна кузатишимча, ҳам ичимлик сув, ҳам ариқ суви тўхтаган бизникидек шароитдаги одамлар ҳалиги суви тўхтаб қолган ариқ кўлмагидан сув олишиб ҳайвонларига ичиргани, ҳатто ўзлари ҳам ичганлигининг гувоҳиман. Лекин ғофил бандалар сув келгач, яна сувга ахлату чиқинди ташлашни давом эттираверади. Кечагина шу ифлосланган сувдан ичдим-ку, ҳеч бўлмаса, юз-қўлимни ювдим-ку, деб ўйлаб ҳам кўрмайди.
Яна бир, ўта долзарб муаммо. Эсимда, бундан йигирма йиллар аввал маҳалламиз оқсоқоллари билан бир издаҳомдан қайтаётгандик. Йўлимиздаги бир хонадон эгаси молхонаси чиқиндисини ёнидаги анҳорга қувур орқали чиқаришни йўлга қўйганлигига гувоҳ бўлдик. Шунда оқсоқоллар чиқинди қувурини ўша пайтдаёқ олдириб ташлаганлари ҳозиргидек ёдимда. Ҳозир-чи, кўчалар бўйлаб кетаркансиз, ҳар уч хонадондан иккитаси қувур орқали чиқинди сувини кўчадаги ариққа оқизаётганига гувоҳ бўласиз. У ошхона чиқинди сувими, ҳаммом чиқиндисими ёки ҳайвонлар ахлатими?!.
Надоматлар бўлсинки, бундай ножўя ишлардан одамлар уялмай қўйишди.
Ундайларни тартибга чақирувчи гаплари бутун оқсоқоллар ҳам назаримда камайиб кетдиёв. Яна бир гап: авваллари одамлар ўзлари ёки болалари орқали ахлатни сувга ҳеч ким йўқ пайтларида ташлашарди. Бугун-чи, кўзингга тик қараб туриб арава-арава ахлатни сувга ағдаришади. Ахлатни кўча бўйига қўйиб кетган ёки сувга ташлаган чиройли хонадон энг ҳунук уй дегинг келади.
Яқинда Андижон шаҳри марказида жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари қўним топган ишхонадан беш-ўн нафар раҳбарлари билан Экологик партиянинг «Тоза ҳудуд» доирасида ёнимиздаги маҳалланинг бир кўчасини тозалашга киришдик қўлларимизда елим халталар билан. Йўл-йўлакай, кўча четларида шунчаки гап сотиб ўтирган кўпчилик одамларга кўзимиз тушди. Уларнинг бизга қўшилиши у ёқда турсин, ҳорманглар, деган сўзга-да ярашмади. Аксинча, фалон ахлат қолиб кетди, тоза теринглар-да, деган гапни эшитиб олдик, холос.
Нафсиламбирини айтганда, вилоятлар раҳбариятлари ташаббуслари билан тозаликка масъул мутасаддилар бу борада сидқидилдан ишлашмоқда. Аввалгига қараганда, кўчаларга ахлат машиналарнинг қатнови кўпайган. Аммо кўча бўйларига, ҳатто қўшнисининг эшиги ёнига ахлат халтасини ташлаб кетишлар камаймаяпти. Юқорида айтганимиздек, тозаликни маҳкам тутган, сувга ҳатто тупуришга йўл қўймаган аждодларимиздан мерос тутумлар тикланиши лозим. Аниқроқ айтганда, бу борада ҳамма бирдек ёниши зарур.
Восит АҲМАД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Андижон вилояти
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил