Табиат      Бош саҳифа

Яшилликни тандирда куйдирмайлик

Бугун бир дона бўлса ҳам дарахт экиб, кўкартириш – табиатни асрашга бўлган катта ҳисса. Оммавий тарзда кўчат экиш, дарахтзорларни кўпайтириш масаласига бежиз давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмаяпти.

Яшилликни  тандирда  куйдирмайлик

Биз эса ана шу экилган кўчатларни асраб қола оляпмизми? Бир дона кўчат экиш қўлимиздан келмаса, ҳеч йўқ кўкариб ўсаётган ниҳолга зарар етказмайлик-да энди.

Боқибеғамлик шу даражада авжга чиқмоқдаки, аҳволни кўриб, «дод» деб юборгинг келади. Масъул идора ва ташкилотларнинг совуққонлиги, жойларда жамоатчилик назоратининг йўқлиги оқибатида яшиллик оламига ҳалигача жиддий путур етмоқда. Дарахтлар ва гулзорларнинг ўз вақтида суғорилмагани етмагандек, турли хил тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан яшил табиатга кўр-кўрона зиён-заҳмат етказилаётгани ачинарли ҳолатдир.

Гап шундаки, одамлар гавжум туман марказлари ва шаҳарларда умумий овқатланиш шохобчалари кўпайгандан кўпаймоқда. Ошхона ва кафеларда қозондан ташқари манбалар – тандир ва ўчоқларда таомлар тайёрлаб хўрандаларга пуллаш одат тусига айланган. Айниқса, кабоб ва сомсаларнинг бозори чаққон. Даромадни буромад қиламан деганларнинг омадини берсин. Бироқ, ана ўша даромад атроф-муҳитга хавф туғдираётган бўлса-чи? Виждони уйғоқ одам бунга жим қараб турмаслиги керак.

Аксарият сомсапаз ва кабобпазлар ўз тандир ва ўчоқларини жазирама иссиқдан қочиб, гуркираб ўсиб турган дарахтлар соясига ўрнатиб олганини кўриб ёқа ушлайсиз. Мисол учун, Урганч шаҳрининг марказий деҳқон бозори ёнгинасидаги «8 блок» савдо марказига туташ йўлак бўйлаб кетарканмиз, бундай кўнгилсиз манзарага ҳар қадамда дуч келасиз. Йўлак бўйлаб чўзилган савдо шохобчаларининг орқа томонидаги яшил ҳудудларга қатор-қатор тандирлар қурилган бўлиб, уларда гуриллаб олов ёниб туради. Ҳамроҳим – «Ҳуррият» газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири Феруза Тангриберганова тандирга ўтин қалаётган сомсапаз йигитга:

– Ахир ўсиб турган дарахт остига тандир қуриш – қип-қизил виждонсизлик-ку! Мана, ёшгина гужумларни ҳам қовжиратиб ташлабсизлар, – деди чидолмасдан.

Сомсапаз йигит эса қовоғини солганча, алланималардир деганча тўнғиллади.

Йўлак бўйлаб автобус бекати томон одимларканмиз, гуриллаб ёнаётган тандирлар ва оловда жизғанак бўлаётган дарахтларни учратгач, таъбимиз хира тортиб кетди. Устига-устак йўлак атрофидаги яшил ҳудудлар ўта расво аҳволга келган. Ҳаммаёқда чиқинди тўзғиб ётибди. «Ўзи бу ердан бирор бир мутасадди яёв ўтармикан?..» деб қўямиз ачиниш билан.

Дарвоқе, юртимизда бирор бир тадбиркорлик субъектига расман рухсат берилишидан олдин улар фаолият юритадиган бино жойлашган ҳудуд масъул идоралар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилади. Хусусан, ошхона ва кафелар жойлашган объект ёнғин хавфсизлиги, экология бошқармалари ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, тегишли равишда рухсат берилади. Мазкур идора масъуллари фақатгина рухсат берибгина қолмасдан, бундай жойларда ҳар ойда махсус рейдлар ўтказиб турса айни муддао бўлармиди?!.

Афсуски Урганчдаги аҳволни юртимизнинг аксарият гавжум бозор ва жамоат масканларида учратиш мумкин. Жиллақурса, бу ерларда жамоатчилик мониторинг назорати изчил йўлга қўйилганида ҳам она табиатга бунчалик жиддий зиён-заҳмат етказилмаган бўлармиди?!.

Жамият ва атроф-муҳит учун хавфли ҳар қандай қонунга зид фаолияти учун ҳар бир фуқаро тегишли жавобгарликка тортилиши зарур. Хусусан, яшиллик оламини оловларда куйдираётган сомсапаз-у кабобпазлар ҳам.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Кичик ва микро  гидроэлектр станциялари тармоғи ривожлантирилади

Кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғи ривожлантирилади

🕔16:30, 04.09.2026 ✔76

Куни кеча Президентимизнинг «Мамлакатда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Батафсил
163,5 тонна  ЗАРАРЛИ ГАЗ  атмосферага тарқалишининг олди олинди

163,5 тонна ЗАРАРЛИ ГАЗ атмосферага тарқалишининг олди олинди

🕔16:26, 04.09.2026 ✔65

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига жисмоний ҳамда юридик шахслардан 28 минг 168 та мурожаат келиб тушди.

Батафсил
Экологик тараққиёт ва барқарор ривожланишнинг  мустаҳкам  пойдевори

Экологик тараққиёт ва барқарор ривожланишнинг мустаҳкам пойдевори

🕔16:06, 27.08.2026 ✔127

Мустақиллик мамлакатимиз тарихидаги улуғ сана бўлиб, истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан ютуқларни сарҳисоб қилиш, халқимизни бунёдкорлик ғоялари атрофида янада жипслаштириш ва келажак тараққиётининг устувор йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар