Юртимизда ажабтовур табиат ҳодисалари бор. «Бекобод шамоли», «Қўқон шамоли», «Устюрт тўзони», «афғон шамоли» каби атамалар бежиз пайдо бўлмаган, албатта.
Одатда бир-бирига ўхшаб кетадиган бу ҳодисаларнинг ўзига хос фарқли жиҳатлари кўп аслида. Бекобод ва Қўқон шамоллари чанг-тўзонсиз эсса, Устюрт тўзони ва афғон шамоли ўз хусусиятига кўра довулдан кучлироқ, бўронга ўхшаш бўлади.
Афғон шамоли асосан Сурхон воҳасига хос бўлиб, агар бир кўтарилса, тўхтовсиз равишда бир-икки кун эсиши мумкин. Баъзида ундан ҳам кўпга чўзилиши кузатилади. Воҳа одамлари эса аллақачон бунга кўниккан бўлиб, ҳеч қачон ортиқча ваҳимага берилмайди.
Жануб томондан эсадиган бу шамолнинг салбий томонлари шундаки, у қум-чанг зарраларини атмосферага кўтариб, кўриш масофасини анчагина чеклайди. Одатда бундай шамоллардан кейин воҳада ҳукм сураётган иссиқ об-ҳаво икки-уч кун мобайнида нисбатан салқинлайди.
Термизда тез-тез кузатиладиган бу чанг бўрони минтақада қурғоқчилик, чўлланишнинг жадал тарзда давом этаётганига яна бир белги сифатида намоён бўлади. Бу эса атроф-муҳит муҳофазаси ва яшил маконларни кенгайтириш борасида янада жиддийроқ ўйлаб кўриш ёки амалий чораларни кучайтиришни талаб қилади.
Афғон шамоли – Ўзбекистон жанубий ҳудудлари бўлмиш Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига бостириб кирувчи, жануби-ғарбий йўналишидаги иссиқ, қуруқ шамолдир аслида. У жануби-ғарбий йўналишда, Афғонистон томондан эсгани учун маҳаллий халқ уни «афғон шамоли» деб атайди.
Асосан Амударё ҳавзасининг юқори қисмида кузатиладиган афғон шамоли бир томондан жануби-ғарбдан силжиб келадиган ва Ҳисор тоғ тизмаси оралиғида сиқилиб ҳаракатланадиган илиқ ҳаво массасининг, иккинчи томондан эса, шимоли-ғарбдан келадиган совуқ ҳаво фронтининг аэродинамик тезлашуви оқибатида пайдо бўлади. Йилига 30-70 кун эсади.
Афғон шамоли ўзига хос метеорологик ҳодисалар билан кузатилади. 1-2 кун аввал шарқдан эсган кучсиз шамол натижасида дастлаб сийрак чанг пайдо бўлиб, у аста-секин қуюқлашиб боради. Аста-секин ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди ва нисбий намлик эса кескин камаяди. Натижада атмосфера босими пасаяди. Ҳаво фронтининг яқинлашуви билан гирдоб ва қуюнлар ҳосил бўлади, сўнгра тўсатдан 20 м/сек ва ундан ортиқ тезликда эсадиган тўзонли бўрон – афғон шамоли вужудга келади.
Афғон шамоли аксарият ҳолларда гармселга айланиб, қишлоқ хўжалиги ҳамда яшил оламга катта зарар етказади. Кучли шамоллар баъзан экинзорларни қум билан кўмиб ташлайди ёки тупроқнинг устки унумли қатламини учириб кетиб, тупроқ эрозиясини келтириб чиқаради. Бу зарарли таъсирларни эса экинзорларни суғориш билан камайтириш мумкин. Экинзорларни иҳота дарахтлари билан ҳимоя қилиш ҳам қутурувчан афғон шамоли таъсирини анча кесади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра чанг бўронлари бутун дунё бўйлаб турли хил касалликларнинг тарқалишини кучайтириши мумкин. Ердаги вирус споралари майда заррачалар билан бўронлар таъсирида атмосферага учиб, юқиш даражасини оширади. Шунингдек, у атроф-муҳит ҳавосининг ифлосланишини келтириб чиқариб, турли касалликлар кучайишига сабаб бўлади. Астма, бронхит, аллергия, пневмония, ўпка саратони каби нафас етишмовчилиги хасталиклари билан оғриган одамларда симптомларнинг дарҳол кучайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Кучли шамол келтириб чиқарадиган хавф-хатарларни камайтиришнинг аниқ чораларидан бири – бу яшил қалқон, иҳотазорларни кўпайтиришдан иборат. Дарвоқе, мамлакатимизда ҳар йили икки мавсум – баҳор ва куз фаслида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ўтказилмоқда ва оммавий равишда дарахт экиляпти. Қайси ҳудудларда шамолнинг тезлиги бўрон даражасигача кўтариладиган бўлса, ана ўша жойларда терак, тол, сада, чинор, павлония каби тез ўсувчи ва бўй чўзувчи дарахт кўчатларини кўпроқ экиш керак бўлади. Бу биринчи навбатда яшил қалқоннинг тезроқ иҳота қилишига замин яратади. Қолаверса, сершамол ҳудудларда шамол электр станциялари барпо этиш борасида ҳам жиддий бош қотирсак, нур устига нур бўлади. Ахир, қутурган шамол уйимизга нур бўлиб кирса, қандай яхши!
Бекзод ТУРДИЕВ,
ЎЭП Термиз шаҳар кенгаши раиси
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔42
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔40
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил
Сайёрамизда ҳаётни сақлаб қолишнинг шарти битта
🕔13:19, 20.07.2026
✔36
Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Батафсил