Экология      Бош саҳифа

Экологик барқарор иқтисодиёт аслида қандай бўлиши керак?

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, экологик ресурслар йилдан-йилга емирилиб бормоқда. Ер куррасидаги сув ресурсларининг бор йўғи 3 фоизигина ичишга яроқли, қолгани инсон фаолияти натижасида ифлосланган.

Экологик  барқарор  иқтисодиёт аслида қандай бўлиши керак?

Япон олими Эмоту Мосаро сувнинг эшитиш, эслаб қолиш қобилияти борлигини, яхши ёки ёмон муомалага таъсирчанлигини, шунга қараб унинг ҳужайралари турли шаклда кластерлар ҳосил қилишини исботлаб берган. Қатор мамлакатлар олимлари ўтказган тадқиқотлар ҳар бир жойдаги сув кластерлари алоҳида шаклда бўлишини исботлаган.

Инсон танасида сув салмоқли ўрин тутади. Инсон қаерда туғилса, унинг танасидаги сув кластерлари ўша ерга хос шаклда бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон қаерда бўлмасин туғилган ватанига талпинади. Бу – табиат қонуни.

 

«Бахт ўлчови» нима?

Ижтимоий омиллар оила, маҳалла, меҳнат жамоалари, ташкилотлар, мамлакатдаги муҳитдан иборат. Ривожланган мамлакатлар олимлари шундай хулосага келдиларки, саноатнинг ўсиш суръатлари, ялпи ички маҳсулот, «истеъмол саватчаси», ўртача иш ҳақи даражаси каби иқтисодий кўрсаткичлар аҳолининг турмушидан розилик даражасини баҳолаш учун етарли эмас. Улар инсон бахтини шакллантирувчи ижтимоий омилларни ўрганишга доир ўтказган тадқиқотларида иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби Жозеф Стиглиц услубига биноан, 100 дан ортиқ мамлакатлар аҳолиси ўртасида «Бахт ўлчови» сўровномаси ўтказишган. Бахт рейтинги аҳоли кайфиятига ҳал қилувчи таъсир ўтказадиган бешта мезон бўйича аниқланган. Булар: таълим, соғлиқни сақлаш, турмуш сифати, иқтисодий ўсиш динамикаси, сиёсий иқлимдан иборат.

Дунёнинг 171 мамлакати жами ялпи маҳсулотининг 80 фоизи 500 та миллатлараро диверсификацияланган компаниялар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, АҚШнинг «Амазон» интернет савдо корпорацияси йиллик тушуми 874 миллиард, «Walmart» савдо корпорациясиники 500 миллиард, Хитойнинг «State Grid» электр тармоқлари корпорацияси тушуми эса 345 миллиард долларга тенг. Ваҳоланки, умумий ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи ана шу рақамларнинг ярмига ҳам етмайдиган ўнлаб мамлакатларни санаш мумкин.

Хўш, шундай экан, миллатлараро корпорацияларнинг мамлакат аҳолиси, жаҳон жамоатчилиги олдидаги бурчлари нималардан иборат? Корпорациялар зиммасидаги бурчлар улар фаолият юритаётган мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражасига кўра фарқланади. Давлатлар бу жабҳада корпоратив ва маданийлашган турларга бўлинади.

Гап шундаки, корпоратив давлатларда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ривожланишнинг асосий мезонидир. Маданийлашган давлатларда иқтисодий кўрсаткичлар иккинчи ўринда туради. Уларда ижтимоий ривожланиш, маданий-маърифий, маънавий ўсиш кўрсаткичлари етакчи аҳамият касб этади.

Дания, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда давлатнинг аҳолини ижтимоий ҳимоялаш дастурлари тўлиқ мулкдорлар тўлайдиган солиқлар ҳисобидан молиялаштирилади. Мамлакатда ижтимоий ҳимоя дастурлари қанчалик кенг бўлса, бизнесдан олинадиган солиқлар юки шунчалик юқори бўлади.

«Швед модели»да иқтисодиёт давлат ўрнатган рақамлар доирасида ишлайди. Бу «ёввойи» капитализм эмас, аксинча, давлат таъминоти ва иқтисодиётнинг юқори маҳсулдорлиги мужассамлаштирилиб, тартибга солинган тизим.

 

Бизнес ва ижтимоий масъулият

Корпорациялар жамоатчиликка нисбатан қандай муносабатда бўлиши лозим? Атроф-муҳитга-чи? Бу масалада ишбилармон доираларнинг ёндашувлари ҳар хил. Баъзиларнинг фикрича, қонунлар ва давлат ўрнатган меъёрларни бузмай, максимал фойдасини кўпайтирган ташкилот жамият олдидаги бурчини бажарган ҳисобланади. Бошқача ёндашув тарафдорлари эса ташкилотчилар ишчилар, истеъмолчилар ҳамда маҳаллий жамоаларнинг инсонийлик ва ижтимоий муносабатларига таъсирини ҳисобга олиб фаолият юритишини, ижтимоий муаммоларни ечишга ҳисса қўшишини талаб қилади.

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби Милтон Фрид­маннинг ёзишича, ҳақиқий ишбилармонлик деганда «ўйин» қоидаларига риоя этган, очиқ рақобатда қатнашган, товламачилик ҳамда алдамчилик қилмай, фойдани кўпайтиришга йўналтирилган қувват ва ресурслардан оқилона фойдалана олиш тушунилади. Шунинг учун ташкилотлар ресурсларининг бир қисмини ижтимоий каналларга йўналтириши лозим. Улар атроф-муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш ҳамда хавфсизлик, фуқаролар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш каби соҳаларда масъулият билан ишлаши зарур.

Истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш, экологик меъёрларга риоя қилиш – тадбиркорликнинг муҳим шарти. Маърифатлашган мамлакатларда ахлоқий меъёрларга амал қилиш тижорий муваффақият, моддий манфаатдан устун қўйилади.

Ижтимоий масъулият ташкилотнинг ижтимоий муаммоларга ихтиёрий равишда ҳозиржавоб бўлишини тақозо этади. Масалан, «Юнион Карбайд» фирмаси Ҳиндистоннинг Бхопал шаҳрида қурган заводдан заҳарли моддалар оқиб чиқиши оқибатида 2 минг киши нобуд бўлганда, дунё кимё саноатида 4-ўринда турган «Монсанто» фирмаси унинг 55 та заводи яқинида яшайдиган аҳолини юз бериши мумкин бўлган фалокатдан ихтиёрий равишда огоҳлантирган. «Procter & Gamble» фирмаси 1980 йилда зарарли моддалари борлиги учун «рилай» тампонини ишлаб чиқаришни тўхтатган. «Jonson and Jonson» фирмаси ҳам «Гиленол» капсуласида заҳарли моддалар излари аниқланиши билан, 50 миллион доллар зарар кўришига қарамай, худди шундай йўл тутган. Бу мисоллар атроф-муҳит билан қарама-қаршиликка борган фирма узоқ муддат масъулият билан ишлай олмаслигини кўрсатади.

Немис ишбилармонларининг фикрича, бозор ёзилмаган қонунлар, «ўйин» қоидалари, ахлоқий меъёрларга риоя қилишни тақозо этади. Атроф-муҳитни ободонлаштириш, тартибсеварлик, инсофлилик, бирдамлик шулар жумласидандир. Жамиятда бирдамлик қанчалик кам бўлса, ҳуқуқий тартибга солиш ва давлат қарорларига эҳтиёж шунча кўп бўлади.

Ғарб мамлакатларида ишбилармонлар қатъий амал қиладиган ахлоқий меъёрлар мавжуд. Чунончи, юқори унумдорлик ва фойдага атроф-муҳитни бузиш эвазига эришмаслик шарт. Яна бир меъёрга кўра, меҳнат билан яратилган неъматларни шундай тақсимлаш лозимки, аҳоли орасида камситилган табақалар бўлмасин. Инсон техникага эмас, техника инсонга хизмат қилиши керак.

Навбатдаги ахлоқий норма – корпорациялар ишларида хизматчилар иштирокининг оқилона шакллари фақат яхшироқ ишлаш истагини уйғотиб қолмай, балки масъулият ҳиссини оширсин. Ўз навбатида, иқтисодиёт ахлоқий меъёрларга эмас, моддий неъматлар тақсимотига йўналтирилади, бироқ жамоа манфаатлари тақозо этганда ахлоқий меъёрларга бўйсуниши лозим.

 

Чиқинди муаммоси

Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, экологик ресурслар аста-секинлик билан ўзаро муносабатларнинг иқтисодий ричагларига айланиб бормоқда. Бозор муносабатлари барча нарсалар, шу жумладан, экологик ресурсларнинг сарфи, айниқса, мамлакатлараро олди-бердисида уларни маълум баҳоларда ўлчашни кун тартибига қўймоқда. Бу эса ана шу табиат бойликларини аҳоли ва ташкилотлар томонидан масъулиятсизлик билан исроф қилиб фойдаланишнинг олдини олишга, экологик масъулиятни оширишга хизмат қилади.

Экологик масъулиятни ошириш, асосан, ихтиёрийлик ва ички шахсий (жамоавий) тартибга бўйсиниш ҳиссини вужудга келтириш билан боғлиқ. Саноат ҳамда маиший чиқиндиларнинг кўпайиб бориши атроф-муҳитга энг катта хавф туғдирувчи муаммо. Ҳозирги кунда дунё бўйича йилига бир неча миллиард тонна чиқинди ҳосил бўлади. Бунинг сабабини саноат, мудофаа, маиший, илмий ва бошқа мақсадлар учун 60 та кимёвий элемент ҳамда ўнлаб табиий фойдали қазилма турлари ишлатилиши билан изоҳлаш мумкин.

АҚШ, Япония, Германия каби илғор мамлакатларда аҳоли жон бошига фойдали қазилмалар истеъмоли йилига 5-20 тоннани, дунё бўйича эса 8 тоннани ташкил этади. Бу кўрсаткич юз йил аввалги ҳолат билан қиёслаганда 4 баробар кўп. Табиий бойликларни қазиб олиш жадаллашуви захираларнинг доимий қисқаришига олиб келиши маълум. Агар улар чуқурроқ жойлашган бўлса, борган сари кўпроқ қатламларни ағдариб, ер юзасига олиб чиқишга, техноген юклама даражасининг ортишига сабаб бўлаётир.

Америка тадқиқотларига кўра, бир нафар саноат ишчиси бир нафар аҳоли вакилига нисбатан 8 марта кўп саноат чиқиндиси чиқаради. АҚШ, Германия, Франция, Англия, Японияда бундай ташламаларни зарарсизлантириш 65-80 фоизга етади. Бошқа мамлакатларда эса, афсуски, бу кўрсаткич анча паст.

Шаҳарлар кундалик ҳаётида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳам атроф-муҳит учун катта таъсир кўрсатади. Уларнинг 20-40 фоизини макулатура, 2,5-3 фоизини қора ва рангли металлар, 25-40 фоизини озиқ-овқат чиқиндилари, 1-2 фоизини пластмасса, 4-6 фоизини тўқимачилик буюмлари, 4-6 фоизини шиша ташкил этади.

Йилдан-йилга чиқиндилар таркиби ўзгаряпти. Эллик йил аввал кўпроқ органик чиқиндилар чиқарилган бўлса, эндиликда пластика биринчи ўринга чиққан. Полиэтилен пакетларни маҳсулот солиш ё ўраш учун 20-30 дақиқа ишлатамизу кейин унинг чиришига 480 йил вақт зарур бўлади.

Чиқиндилар кўпайишини тўхтатиш учун ҳар бир бизнес тузилмаси пластик, шиша, қоғозни қайта ишлаши, органик-биокомпост қилиши лозим. Бу борада Япония 1960 йилда, Европада 80-йилларда катта ислоҳотлар бошлаган.

Чиқиндилар – қайта тикланадиган қувват манбаи. «Hitachi» корпорацияси дунё бўйлаб чиқиндиларни ёқиб, қувват яратувчи 500 та завод қурган. Улар йирик шаҳарлар, ҳатто шаҳар марказларида жойлаштирилган бўлишига қарамай, бунга на аҳоли, на экологлар эътироз билдирган, чунки бундай заводларда атмосферага чиқиши мумкин бўлган заҳарли газларни тутиб қоладиган фильтрлар ўрнатилган.

 

Айланма иқтисодиёт

Саноат ва маиший чиқиндиларнинг кўпайиши Ўзбекистон учун ҳам жиддий муаммо. 2010 йилга нисбатан 2024 йилда саноат ва маиший чиқиндилар ҳажми 11 марта кўпайган. Уларнинг 18,3 фоизи қайта ишланган. Ушбу муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш учун давлатимиз раҳбари 2019 йил 17 апрелда «2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» қарор қабул қилди. Ушбу ҳужжатда қайд этилишича, 2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди, санитария жиҳатидан тозаловчи 13 та давлат унитар корхонаси ҳамда уларнинг туман ва шаҳарларда 172 та филиали, 9 та маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари ташкил этилди. Кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг деярли ярми санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олинишига имкон берди. Ўз навбатида, атроф-муҳитни қаттиқ маиший чиқиндилардан тозалаш учун уларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш бўйича 2019-2028 йилларга вазифалар белгиланган. Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши мамлакатимизда сув, тупроқ, ҳавонинг мусаффолигини таъминлайди.

Шу ўринда сувдан тўғри фойдаланишга қаратилган жиддий ишларни бошлаш жоиз деб биламиз. Бу таклиф қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга тегишли. Одатда улар оқимнинг юқорисидан сувни олиб, ишлатиб, етарли даражада тозаламай қуйи оқимга чиқариб ташлайди. Шундай қоида ўрнатиш керакки, корхоналар сувни ҳудудига нисбатан оқимнинг қуйидан олсин. Ишлатилган сувни тозалаб, оқимнинг юқорисига чиқарсин. Ана шунда улар ишлатилган сувни талаб даражасида тозалашга мажбур бўлади, акс ҳолда тозаланмаган сув корхонага қайтиб киради.

Хомашёга ишлов бериш учун сувдан фойдаланадиган корхоналарда ичимлик сувни артезиан қудуқлардан олинган техник сувга алмаштиришни тавсия этамиз. Бу ўзгариш кундан-кунга қимматлашиб бораётган тоза ичимлик сувни тежаш имконини беради.

 

Нуриддин ЙЎЛДОШЕВ,

Тошкент менежмент ва иқтисодиёт

институти профессори




Ўхшаш мақолалар

Экологик  барқарор  иқтисодиёт аслида қандай бўлиши керак?

Экологик барқарор иқтисодиёт аслида қандай бўлиши керак?

🕔16:34, 30.10.2025 ✔10

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, экологик ресурслар йилдан-йилга емирилиб бормоқда. Ер куррасидаги сув ресурсларининг бор йўғи 3 фоизигина ичишга яроқли, қолгани инсон фаолияти натижасида ифлосланган.

Батафсил
Хоразмда  ўсимликлар  дунёсини  муҳофаза қилиш қониқарлими?

Хоразмда ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш қониқарлими?

🕔09:21, 23.10.2025 ✔32

Маҳаллий кенгаш депутатлари масъулларни тинглади

Батафсил
Саксовулни  кесганлар  ўн суткага қамалди

Саксовулни кесганлар ўн суткага қамалди

🕔09:09, 23.10.2025 ✔35

Бухоро вилоят Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат-рейд давомида Шофиркон туманининг чўл ҳудудидан саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб, олиб кетаётган «Форд» русумли автомашина тўхтатилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Экологик  барқарор  иқтисодиёт аслида қандай бўлиши керак?

    Экологик барқарор иқтисодиёт аслида қандай бўлиши керак?

    Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, экологик ресурслар йилдан-йилга емирилиб бормоқда. Ер куррасидаги сув ресурсларининг бор йўғи 3 фоизигина ичишга яроқли, қолгани инсон фаолияти натижасида ифлосланган.

    ✔ 10    🕔 16:34, 30.10.2025
  • Хоразмда  ўсимликлар  дунёсини  муҳофаза қилиш қониқарлими?

    Хоразмда ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш қониқарлими?

    Маҳаллий кенгаш депутатлари масъулларни тинглади

    ✔ 32    🕔 09:21, 23.10.2025
  • Саксовулни  кесганлар  ўн суткага қамалди

    Саксовулни кесганлар ўн суткага қамалди

    Бухоро вилоят Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат-рейд давомида Шофиркон туманининг чўл ҳудудидан саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб, олиб кетаётган «Форд» русумли автомашина тўхтатилди.

    ✔ 35    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Ёшлар бирдамлиги –  яшил  келажак  пойдевори

    Ёшлар бирдамлиги – яшил келажак пойдевори

    Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар глобал кун тартибининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда эмас.

    ✔ 43    🕔 15:31, 16.10.2025
  • Гужумларни  «мўйловдор»дан қутқара оламизми?

    Гужумларни «мўйловдор»дан қутқара оламизми?

    Ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакатимизга Россия, Украина ва Беларусь ҳудудларидан кўплаб ёғоч материаллари олиб келинарди. Ўша вақтларда ёғоч-тахта пўстлоғида минтақамиз табиатига ёт бўлган номаълум ҳашарот ҳам кириб келди.

    ✔ 39    🕔 15:28, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар