Бугун мамлакатимизда табиатни асраш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш борасида қонунлар қабул қилинмоқда, ислоҳотлар изчил йўлга қўйилмоқда. Аммо ҳар бир қонуннинг самараси – унинг ҳаётда қандай ижро этилаётганида.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлиб, экологик ислоҳотлар ижросини ўрганди.
Андижон шаҳридаги «Ёйилма» маҳалласида ташкил этилган замонавий чиқинди йиғиш шохобчаси нафақат тозалик ва тартиб намунаси, балки маҳалла аҳолисининг экологик онги қандай ўсиб бораётганини ҳам намоён этади. Зотан, чиқиндиларни тўғри ажратиш, қайта ишлашга йўналтириш маданияти бугунги куннинг энг муҳим одатларидан бирига айланмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари таъкидлаганидек, бундай намунавий шохобчалар сони кўпайса, шаҳар нафас олади, табиат ҳам, инсон ҳам енгиллик ҳис қилади.
Намунали тарзда фаолият юритаётган мазкур шохобча ҳудуд аҳолисининг экологик маданияти юксаклигини намоён этиши билан бирга, маҳалладаги ободлик ва тартиб-интизомга янада кўрк бағишламоқда.
Янги Андижон – замонавий шаҳар намунаси
Андижон туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган 4 минг гектар адирликда бунёд этилаётган Янги Андижон шаҳри бугун мамлакатимиздаги замонавий шаҳарсозлик ислоҳотларининг энг катта лойиҳаларидан бири саналади.
Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ ушбу ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Маълумотларга кўра, лойиҳа саккиз босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 63 та кўп қаватли уй қуриб битказилиб, 1770 та хонадон фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга, аҳоли учун қулай инфратузилмалар яратилмоқда: 1680 ўринли мактаб, 420 ўринли болалар боғчаси, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника, енгил саноат корхонаси ва ипотека маркази иш бошлади.
Янги шаҳар қиёфасини белгилаб бераётган яна бир муҳим йўналиш – бу кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари. Атрофда яратилаётган яшил ҳудудлар, хиёбон ва истироҳат боғлари шаҳарга нафақат кўрк, балки экологик соф муҳит бағишламоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари таъкидлаганидек, Янги Андижондаги бунёдкорлик бу оддий қурилиш эмас, балки барқарор ривожланиш ва инсон учун муносиб муҳит яратиш сари қадамдир. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва экологик ёндашувнинг амалий ифодасини намоён этади.
Меҳнатсеварлик ва файз манзили
Андижон вилояти азалдан меҳнатсевар ва миришкор инсонлари, оқибатли ҳамда осуда хонадонлари билан ажралиб туради. Шу гўзал фазилатлар билан йўғрилган ҳудудлардан бири Садда таги маҳалласи ҳам ўзининг намунали оилалари билан элга ибрат бўлмоқда.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Зиёда ая Мамадалиева хонадони ана шундай файзли ва обод турмуш тарзининг ёрқин намунаси саналади. Зиёда ая кичик, аммо озода ҳовлисида келинлари билан биргаликда турли хил гуллар ва сабзавотлар етиштириб, рўзғорига файз ва барака киритмоқда.
Партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ушбу хонадонда яратилган тартиб-интизом, меҳнатсеварлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини юксак баҳолаб, бундай файзли хонадонлар элнинг кўрки, маҳалла ободлигининг гарови эканини таъкидлади. Зиёда ая ва унинг оиласига тинчлик, омонлик, ишларига янада барака тилади.
Кейин эса ишчи гуруҳ аъзолари Андижон туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласига сайёҳларни жалб этувчи машҳур сада дарахтини кўришга боришди.
35 йил аввал экилган ниҳол бугунги кунга келиб 2,9 метр айланага эга. Шохларининг узунлиги нақд 27 метрга етади. Бўйи эса 20 метрдан иборат. Унинг остида бир пайтнинг ўзида 50 нафар одам бемалол салқинлаб ўтириши мумкин.
– Кўпчиликнинг эътибори ва қизиқишини ўзига жалб этаётган сада дарахти сайёҳлар тўхтаб ўтадиган манзиллардан бирига айланган, – деди Абдушукур Ҳамзаев. – Бу ерда яратилган шароит ҳам шунга монанд бўлиши керак. Масалан, дарахт остида ўриндиқлар жойлаб, салқин ичимликлар савдоси ташкил этилса кўпчиликка манзур бўлади.
Чиқиндидан энергия: Хўжаободда янги технологик дастгоҳ
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Хўжаобод тумани бўлди. Бу ерда умумий қиймати 180 миллион долларга тенг «China CAMC Engineering Co., Ltd» корхонаси қурилиши жадал суръатда кетмоқда.
Мазкур ишлаб чиқариш мажмуаси чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Ўзбекистондаги илк йирик лойиҳалардан биридир. У «чиқиндисиз ҳаёт» (zero waste) тизими асосида фаолият юритиши режалаштирилган бўлиб, бу нафақат чиқиндилар муаммосини камайтириш, балки уларни иқтисодий қийматга айлантириш имконини беради.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудудда экологик барқарорлик таъминланади, энергия манбалари диверсификацияси кенгаяди ва янги иш ўринлари яратилади.
Ишчи гуруҳ аъзолари таъкидлаганидек, бу каби инновацион корхоналар фақат саноатни эмас, балки бутун ҳудуднинг экологик келажагини ўзгартирувчи омилга айланади. Чунки табиатни асраш – фақат тозалик эмас, у янги иқтисодий тафаккур маданияти ҳамдир.
Экологик тоза энергия манбаи
Хўжаобод тумани Ипакчи маҳалласи ҳудудида янги ташкил этилган «XYJ Power PTE Andijan» гидроэлектр станцияси экологик тоза, табиатга зарар етказмайдиган усулда электр энергияси ишлаб чиқаради. Мазкур лойиҳа ҳудудда барқарор энергия таъминотини йўлга қўйиш, маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Ишчи гуруҳ аъзолари корхона фаолияти билан танишиш жараёнида ушбу кичик, бироқ катта қувватга эга бўлган гидроэлектр станциянинг афзалликларига алоҳида тўхталиб ўтишди. Уларнинг таъкидлашича, бундай лойиҳалар нафақат энергия мустақиллигини мустаҳкамлайди, балки атроф-муҳитни асрашга ҳам хизмат қилади.
Кўчатчилик – «Яшил макон»нинг муҳим бўғини
Депутат Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хўжаобод туманида жойлашган, манзарали кўчатлар етиштиришга ихтисослашган «Green world landshaft» корхонасида ҳам бўлди.
Мазкур корхонада 60 турдан ортиқ маҳаллий ва хориждан келтирилган дарахт кўчатлари парваришланади. Бу нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали йўналиш бўлиб, кўчатчилик тармоғини ривожлантириш орқали юртимизда янги имкониятлар очилмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси ушбу йўналишдаги ташаббус ва лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари таъкидлаганидек, бугун ҳар бир ҳудуддаги экологик лойиҳа – у кичик маҳалла бўладими ёки миллионлаб долларлик завод – мамлакатимизда амалга оширилаётган «Яшил Ўзбекистон» ғоясининг амалий ифодасидир. Табиатга эҳтиром, жамоатчилик масъулияти ва давлат ислоҳотларининг уйғунлиги – ана шу йўналишдаги барқарор ривожланишнинг асосий кафолатидир.
Саида РУСТАМ қизи