Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши мамлакатимизда қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди.
Йиғилишда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган коррупцияга қарши курашиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Миллий маърузани кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йили тайёрланадиган Миллий маърузани Олий Мажлис палаталарига тақдим этишнинг аниқ муддатларини белгилаш назарда тутилмоқда. Яъни, Миллий маърузани келаётган йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан парламентга киритиш тартибини қонун даражасида мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
Муҳокамаларда ушбу ўзгартишлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назоратини янада кучайтириш, долзарб муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга самарали ечим топишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди. Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси экологик тоза ҳудудларнинг мақомини ва режимини белгилашга ҳамда мазкур ҳудудларда пластик маҳсулотларнинг муомаласини тартибга солишга қаратилган.
Лойиҳада экологик тоза ҳудудлардаги фаолияти натижасида оқава сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш объектлари ҳамда автомобиль ювиш шохобчалари оқава сувларни тозалаш иншоотлари билан жиҳозланиши назарда тутилган.
Тегишли равишда тозаланган оқава сувларни оқизиб юбориш учун уларни чиқариб юбориш тармоқларига улаш ёки уларда оқава сувларни тўплаш учун муқобил иншоотлар қуриш, айланма сув таъминоти жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш шартлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, табиий объектларга ва мажмуаларга салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг қурилиши ва фаолият кўрсатиши тақиқланяпти. Қолаверса, табиий органик полимер маҳсулотлардан ташқари бир марталик пластик маҳсулотлар муомалада бўлишини чеклаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонунчиликнинг Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимига мувофиқлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда етиштирилган ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларининг халқаро савдода тўсиқларсиз ҳаракатланиши таъминланишига эришилиши айтилмоқда.
– Масалан, қуйидаги оддий ҳолатни кўриб чиқайлик. Помидор экилган далани кўсак қурти босиб кетган. Карантин инспекцияси зарарланган далага кириб, иш бошлаши учун бир нечта ташкилотлар хулосасини олиши керак. Ҳашарот эса кутиб турмайди... Натижада ҳосилнинг зарар кўргани учун Карантин инспекцияси инспектори 40 миллиондан 80 миллион сўмгача жаримага тортиляпти. Далаларимиздаги маҳсулотларни етиштиришда ҳаддан зиёд кўп кимёвий моддалар қўлланилмоқда. Афсуски, буни фарзандларимиз билан бирга ўзимиз еяпмиз ахир, – дейди фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бу ҳолатга муносабат билдирар экан. – Биз органик маҳсулотлар етиштиришни қўллаб-қувватловчи партия сифатида бу муаммоларга жиддий эътибор қаратиш кераклигини доим таъкидлаб келамиз.
Фракция аъзолари белгиланаётган нормалар мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, курорт ва экотуризм салоҳиятини ошириш, биохилма-хилликни муҳофаза қилишга хизмат қилишини таъкидлаб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг ушбу йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари давлат бошқарувида очиқлик ва жавобгарликни ошириш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу эса барқарор ривожланиш, экологик хавфсизлик ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этилди.
Ўз мухбиримиз
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔63
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔192
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил
Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида
🕔15:58, 09.07.2026
✔183
Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Батафсил