Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётгани, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, 2023 йилда қабул қилинган бу дастурий ҳужжат барча соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга замин бўлиб келмоқда. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди, ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 млрд доллардан 145 млрд долларга етди, экспорт ҳажми 25 млрд доллардан 33,4 млрд долларга, хорижий инвестициялар ҳажми 17 млрд доллардан 43 млрд долларга ошди. Мактабгача таълим қамрови 72 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови 42 фоизга, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.
Икки йил олдин 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган эди. Энди бу маррага 2026 йилнинг ўзида эришилиши кутилмоқда. Мурожаатномада келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти борлиги таъкидланди. Яъни, барча соҳалар бўйича юқори марралар олиняпти.
Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш марказида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси жараёнлари бошланиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида янги ҳужжатнинг асосий жиҳатлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
– Барча кўрсаткичлар белгилаб олинаётган янги ва юқори марраларга мослаштирилди ва тўлдирилди. Бунда юртдошларимизга муносиб шароит яратадиган, ҳар бир инсон ва оила ҳаётида сезиладиган мақсадларга эришилишига алоҳида эътибор қаратилди. Барча кўрсаткичлар ўлчанадиган, яъни, сон шаклида (фоиз, улуш, даража, ҳажм, нисбат, балл, индекс) бўлиши қатъий белгиланди. Ҳисоблаб ёки баҳолаб бўлмайдиган, умумий вазифа, топшириқ ва «шиор» кўринишидаги кўрсаткичлар чиқариб ташланди. Шунингдек, барча самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши 2030 йилгача эмас, балки ҳар бир йил бўйича йиллар кесимида тақсимланди. Стратегияда 60 тага яқин давлат органларига тегишли самарадорлик кўрсаткичи белгиланди ва самарадорлик кўрсаткичига эришишнинг молиявий манбалари аниқ кўрсатилди. Энди соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантиришга доир концепция ва стратегиялар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилиши қатъий белгиланади. Жумладан, кейинги йил 50 тадан зиёд шундай концепция (4 та), соҳа ва тармоқларни ривожлантириш стратегиялари (38 та) ҳамда ҳар бир ҳудудни ривожлантириш стратегияларини (14 та) қабул қилиш режалаштирилган. Умуман, Стратегиядаги самарадорлик кўрсаткичларига эришиш барча даражадаги ташкилотларнинг энг устувор вазифаси ҳисобланади, – деди Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов.
Мамлакатимизда 2023 йилда аҳоли сони 36,7 млн нафарни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 41 млн га етиши прогноз қилинмоқда. Ҳар бир янги мақсадни ушбу ўсишни инобатга олиб белгилаш бугунги куннинг муҳим талаби ҳисобланади.
Бундан ташқари, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларда тенденциялар ва динамика ўзгаряпти. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, аҳоли эҳтиёжлари ҳам янги қадамларни, аниқ режаларни кун тартибига қўйяпти.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасида мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий марказларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари иштирокида 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.
– Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида муайян ютуқларга эришилди, бир вақтнинг ўзида эса ҳаётнинг ўзи янги вазифалар, янги талаблар ва янги чақириқларни кун тартибига қўймоқда. Шу боис стратегияни мавжуд реал шароит, жамият эҳтиёжлари ҳамда жадал ўзгараётган глобал тенденциялардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда. Такомиллашаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий мақсади «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғояни амалий мазмун билан бойитган ҳолда, мамлакатнинг ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш йўлини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришдир. Шу нуқтаи назардан, амалдаги стратегия доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ҳисобга олинмоқда ҳамда аниқ ўлчаш ва баҳолаш имконини таъминлаш учун самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда. Яна бир энг муҳим жиҳат – ушбу стратегия Ватан тараққиётига дахлдорлик нуқтаи назаридан ҳар бир юртдошимизнинг қалбигача кириб бориши зарур. Ҳар бир фуқаро лойиҳа билан танишар экан, «Бу ҳужжат менга нима наф беради?», «У менинг ҳаётимни қандай ўзгартиради?», «Оилам, фарзандларим ва келажагим учун қандай имкониятлар яратади?» деган саволларга аниқ жавоб топа олсин ва шундан келиб чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини киритсин, – деди «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этинг
Стратегия лойиҳаси қуйидаги платформаларда жойлаштирилган: uzbekistan2030.uz regulation.gov.uz
Стратегия лойиҳаси бўйича савол ва таклифлар қабул қилинади.
Call-марказ: (71) 239-49-38, (71) 239-49-44;
Электрон манзил: info@asr.gov.uz
– «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб бераётган, узоқ муддатли ва тизимли ислоҳотларни мужассам этган муҳим дастурий ҳужжатдир.
Бу ривожланиш стратегиясини замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш ташаббуси юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллиги ва очиқлигини яна бир бор намоён этмоқда.
Аввало таъкидлаш керакки, камбағаллик ва ишсизлик даражасининг сезиларли камайиши белгиланган мақсадлар ҳаётий ва амалий экани тасдиғидир. Ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга қадар 160 миллиард долларга етказиш режасининг анча илгарироқ бажарилиши кутилaётгани ислоҳотлар самарадорлигининг яққол кўрсаткичи, дейиш мумкин.
Президентимизнинг «Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳудудларни мутаносиб тараққий эттиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ушбу жараёнда халқ вакили бўлган биз, депутатларнинг, шунингдек, кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ислоҳотларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишига хизмат қилади.
Наврўзбек ЮСУПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик
партияси фракцияси
аъзоси