Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида экологик барқарорликни таъминлаш, чўлланиш жараёнларига қарши курашиш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш мамлакат тараққиётининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб берилди.
Ушбу стратегик вазифалар ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар майдонда, шу жумладан Орол денгизининг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экиш режалаштирилган.
Ана шу улуғвор мақсадлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан Тупроққалъа туманининг чўл ҳудудида «Яшил тараққиёт учун бирлашайлик» шиори остида саксовул кўчатларини экиш бўйича кенг кўламли экологик акция ўтказилди.
Акция давомида саҳро ҳудудлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган саксовул ўсимлигининг экологик ўрни алоҳида таъкидланди. Мутахассислар маълумотларига кўра, саксовул қумли тупроқни мустаҳкамлаб, шамол эрозиясини 40-60 фоизга камайтиради, қум кўчиш хавфини эса бир неча баробар пасайтиради. Энг муҳими, унинг чуқур илдиз тизими ҳар бир туп атрофида 10-15 метр радиусда қумни ушлаб қолиш имконини беради.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Хоразм вилоятида ҳар йили 200 гектар майдонга 200 минг туп саксовул кўчати, шунингдек, 9 минг 800 гектар ерга саксовул уруғи экиш режалаштирилган. Жорий акция доирасида эса 3 мингдан ортиқ саксовул кўчатлари ерга қадаб чиқилди.
– Саксовул экиш ишлари тасодифий эмас, илмий асосда олиб борилмоқда, – дейди Тупроққалъа тумани Экология ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Арслон Қиличев. – 2025 йилда ҳам Экопартиянинг Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан туманимизда амалий тажриба ўтказилиб, 1 гектар майдонга 1000 тупдан ортиқ саксовул кўчатлари экилган эди. Натижалар шуни кўрсатдики, ушбу ҳудудда қум кўчиши сезиларли даражада камайди, ҳаводаги чанг миқдори пасайди. Бу эса саксовул экиш ишларини кенгайтириш кераклигини яна бир бор исботлади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, саксовулзорлар тупроқ намлигини сақлаб қолиб, ҳаводаги чангни 30 фоизгача камайтиради. Бу аҳоли саломатлиги, айниқса нафас йўллари билан боғлиқ касалликларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.
Экологик акция ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Хоразм вилояти бўлинмаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда чўлланишга қарши курашиш агентлиги, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Экоҳаракат вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда партиянинг «Экология ва саломатлик» аёллар клуби, «Ёш экологлар» қаноти, кўнгиллилар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Акция аввалида мутахассислар томонидан саксовул кўчатларини тўғри экиш, парваришлаш ва самарадорликни ошириш бўйича амалий семинар ўтказилиб, иштирокчиларга аниқ агротехник кўрсатмалар берилди.
– Ушбу акция фақат дарахт экиш билан чекланиб қолмайди, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири, «Ёш экологлар» қаноти фаоли Анвар Машарипов. – Ёшлар табиатга нисбатан масъулиятни амалда ҳис қиляпти. Биз бугун экилаётган саксовуллар эртанги авлод учун соғлом муҳит яратишига ишонамиз.
Илмий тадқиқотларга кўра, саксовул экилган ҳудудларда биологик хилма-хиллик тикланиб, қушлар ва майда жониворлар сони 2-3 баробарга ошгани қайд этилган. Бу эса чўл экотизимининг қайта жонланаётганидан далолатдир.
Тадбир якунида экологик акцияда фаол иштирок этган фуқаролар ва кўнгиллилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу эса аҳоли ўртасида экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик фаоллигини янада оширишга хизмат қилди.
Асадбек ОТАБОЕВ,
ЎЭП Боғот туман кенгаши раиси
«Тоза маҳалла» – тўғри кимёвий билим ва юксак экологик маданиятдан бошланади
🕔08:57, 23.04.2026
✔49
Мактаб даражасида яхши билимга эга инсон экологияга ҳеч қачон зарар етказмайди. Албатта, агар унда экологик маданият кучли бўлса. Нима учун мактаб даражасида деяпмиз?
Батафсил
Миллион йиллик «вақт капсуласи» кашф этилди
🕔08:54, 23.04.2026
✔52
«Инсонлар ер юзига келишидан олдин вулқонлар ва иқлим ўзгаришлари натижасида ҳаёт қайта шаклланган». Янги Зеландияда топилган миллион йиллик ғорни ўрганган мутахассислар шундай хулосага келишди.
Батафсил
Табиат болалар нигоҳида
🕔08:51, 23.04.2026
✔45
Боланинг тасаввури соф ойна. Унда борлиқ қандай бўлса, шундай акс этади. Яқинда юртимиз бўйлаб ўтказилган «Табиат болалар нигоҳида» республика расмлар танловининг якунлари бизни ана шу ойнага боқишга мажбур қилди. Аслида, мақсадимиз жажжи ижодкорлар қалбидаги гўзалликни кўриш, уларни табиатга меҳр руҳида тарбиялаш эди.
Батафсил