Бу чиқинди муаммосига қарши курашишга ёрдам бера оладими?
Электрон чиқиндилар ҳажмининг ортиб бориши – глобал экологик муаммога айланган. Айниқса, қисқа муддатда эскирадиган ва тез-тез янгиланадиган смартфонлар жараёнга сезиларли «ҳисса» қўшмоқда. Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи томонидан жорий этилаётган янги талаблар экологик барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Европа Иттифоқи смартфонлар қандай ишлаб чиқарилиши ва уларнинг хизмат муддати қанча бўлиши кераклиги юзасидан янги қоидаларни жорий этмоқда. Мазкур тартиблар 2025 йил июнь ойидан бошлаб босқичма-босқич кучга кирган бўлиб, 2027 йил февралига келиб тўлиқ амал қила бошлайди. Янги ёндашув қурилмаларнинг мустаҳкамлиги ва таъмирлаш имкониятларини ошириш, бу билан электрон чиқиндиларни камайтиришга қаратилган.
Янги талаблар ишлаб чиқарувчилардан смартфон дизайни ва техник ечимларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Хусусан, қурилмаларда ишлатиладиган батареялар тез эскирмаслиги, эҳтиёт қисмлар узоқ муддат давомида мавжуд бўлиши ва қурилмаларни махсус ускуналарсиз таъмирлаш имконияти яратилиши лозим.
2027 йилдан бошлаб Европа бозорида сотиладиган смартфонлар фойдаланувчи томонидан мустақил равишда очилиб, оддий воситалар ёрдамида батареяси алмаштириладиган қилиб ишлаб чиқилиши шарт бўлади. Бу эса сервис марказларига мурожаат қилиш заруратини камайтиради. Амалдаги тажриба шуни кўрсатадики, кўплаб фойдаланувчилар қурилма носозлиги сабаб эмас, балки батарея қувватини йўқотгани туфайли янги телефон сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Янги қоидалар айнан шу муаммони бартараф этишга қаратилган.
Регламентга кўра, батареялар камида 800 та заряд циклидан кейин ҳам ўз сиғимининг 80 фоизини сақлаб қолиши керак. Ишлаб чиқарувчилар қурилма бозорга чиқарилганидан кейин камида 10 йил давомида эҳтиёт қисмлар билан таъминлаши лозим. Асосий компонентлар эса 5-10 иш куни ичида етказиб берилиши талаб этилади. Бундан ташқари, таъмирлаш қўлланмалари очиқ бўлиши, мустақил устахоналарга чеклов қўйилмаслиги ва қурилмалар осон очиладиган қилиб ишлаб чиқилиши шарт.
Яна бир муҳим янгилик. Истеъмолчилар учун махсус ахборот ёрлиқлари жорий этилади. Унда қурилманинг батарея самарадорлиги, энергия тежамкорлиги, чидамлилиги ва таъмирланиш даражаси ҳақида маълумотлар акс эттирилади. Бу эса харидорларни узоқ муддат хизмат қиладиган ва экологик жиҳатдан мақбул маҳсулотларни танлашга ундайди.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу талаблар глобал бозорга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Йирик ишлаб чиқарувчилар, жумладан Аpple, Sаmsung, Xiаоmi ва бошқа компаниялар одатда маҳсулотларини турли ҳудудлар учун алоҳида эмас, балки ягона дизайн асосида ишлаб чиқаради. Шу сабабли Европада жорий этилган талаблар бошқа мамлакатлардаги қурилмаларда ҳам акс этиши эҳтимолдан холи эмас.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг USB-C портини мажбурий жорий этиш ҳақидаги қарори ҳам глобал миқёсда ўз таъсирини кўрсатган эди. Хусусан, Аpple компанияси iPhоne 15 моделидан бошлаб ушбу стандартни барча бозорлар учун қўллай бошлади.
Янги тартиблар истеъмолчилар учун бир қатор ижобий натижалар келтириши кутилмоқда. Жумладан, қурилмаларнинг хизмат муддати узаяди, таъмирлаш харажатлари камаяди ва электрон чиқиндилар ҳажми қисқаради. Шу билан бирга, айрим муросали жиҳатлар ҳам мавжуд – қурилмалар бироз қалинлашиши ёки айрим техник ечимлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Умуман олганда, Европа Иттифоқининг мазкур ташаббуси ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини қайта шакллантиришга хизмат қилади. Қурилмаларни узоқ муддат фойдаланишга мослаштириш, уларни таъмирлаш ва қайта ишлатиш имкониятларини кенгайтириш орқали табиий ресурсларга бўлган босим камаяди.
Ирода РАҲМОНАЛИЕВА
тайёрлади.
Экологик тоза ҳудудларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар чекланади
🕔15:11, 11.06.2026
✔74
Давлатимиз раҳбари жорий йил 14 майда «Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.
Батафсил
Президент ташаббуслари яшил тараққиёт ва иқтисодий интеграцияда янги босқични бошламоқда
🕔17:05, 04.06.2026
✔116
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти чуқур трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Геосиёсий ўзгаришлар, таъминот занжирларидаги узилишлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши давлатлар олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда.
Батафсил
Eco Expo Central Asia 2026: Экологик ғоялар инвестицияга айланмоқда
🕔17:00, 04.06.2026
✔105
Самарқанд яна бир халқаро мулоқот майдонига айланди. «Silk Road Samarkand» мажмуасида ўз ишини бошлаган «Eco Expo Central Asia 2026» халқаро экологик кўргазмаси нафақат экологлар ва инвесторларни, балки минтақанинг барқарор ривожланиш истиқболларига бефарқ бўлмаган минглаб мутахассисларни бир жойга жамлади.
Батафсил