Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик маданиятни шакллантириш, шу билан бирга, партиянинг жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган тизимли ишларни амалга оширди.
Аҳолининг экологик онги ва фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Куни кеча Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленумида партия ташкилотлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўтган даврда партия томонидан республика бўйлаб кенг кўламли тарғибот, ташкилий ва амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 4 мингдан ортиқ турли тадбирлар ўтказилиб, уларда қарийб 128 минг нафар фуқаролар қамраб олинди. Ушбу тадбирлар орқали аҳолининг экологик билимини ошириш, атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва долзарб экологик муаммоларга жамоатчилик эътиборини кучайтириш мақсад қилинди. Ҳудудларда экологик маданиятни оширишга қаратилган 2 900 дан ортиқ маърифий учрашув, семинар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларда 88 мингга яқин аҳоли вакиллари иштирок этди. Бу жараёнлар аҳолининг кундалик ҳаётида экологик маданиятни кучайтириш, табиатни асрашга доир билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш ва бу борадаги ислоҳотларга кенг жалб этиш «яшил» келажакка эришишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис партия фаолиятида бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилди. 27 минг нафардан ортиқ ёшлар партия томонидан ташкил этилган турли экологик лойиҳалар, акциялар, учрашувлар ва ташаббусларда фаол иштирок этди.
Ташкилий жиҳатдан ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Партия сафига 22 мингдан ортиқ янги аъзолар қабул қилиниб, ҳудудларда 385 та янги бошланғич партия ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди.
Амалий экологик ташаббуслар доирасида «Эко-сумка» лойиҳаси, «Табиатга эҳсон» ташаббуси, дарахт экиш акциялари, чиқиндиларни йиғиш ва саралаш ишлари, плогинг ҳамда бошқа турли экологик тозалик тадбирлари мунтазам равишда ташкил этилди.
Пленумда эришилган мазкур натижаларни эътироф этиш билан бирга мавжуд камчиликлар, йўл қўйилган хатоликлар ва партия фаолиятида кучайтириш зарур бўлган жиҳатларга ҳам алоҳида урғу берилди.
– Эришилган ютуқ ва натижаларда ҳар бир партиядошимиз ва ташаббускор аъзоларимизнинг ҳиссаси бор. Фаолликни албатта қадрлаймиз, лекин замоннинг ўзи биздан бундан-да катта шижоат, бундан-да юқори самарадорлик ва энг муҳими янада амалий натижалар талаб қилмоқда
– деди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Шу нуқтаи назардан, фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқиш учун биз, аввало, иш услубимизни ўзгартиришимиз, ёндашувларимизни қайта кўриб чиқишимиз ва барча куч ва имкониятларимизни аниқ устувор йўналишларга сафарбар этишимиз шарт.
Пленумда келгусида ҳам партия фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун барча куч ва имкониятларни аниқ устувор йўналишларга сафарбар этиш зарурлиги айтилди. Бунда маҳаллаларда экологик маданиятни юксалтириш ишларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш зарур.
Бунинг учун:
– тарғибот ишларида умумий чақириқлар билан чекланмасдан, аниқ манзилга қаратилган, аҳолининг турли қатламларини қамраб оладиган тизимга айлантирилиш;
– жамиятда экологик қонунбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
– экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ва профилактик тадбирларни мунтазам ташкил этиш;
– маҳаллаларда эковолонтёрлар ҳаракатини шакллантириш ва уни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш. Айниқса, ёшларни ушбу жараёнга фаол жалб этиш орқали табиатни асраб-авайлашни оммавий тусга олиб чиқиш;
– уюшмаган ёшлар билан ишлашда янгича ёндашувларни жорий этиб, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва табиатга масъулиятли муносабатни шакллантиришни кучайтириш;
– партия ташкилотлари, депутатлар ва масъул ходимлар ҳудудларда экологик муаммоларни жойида ўрганиши ҳамда уларни ҳал этишда мутасадди ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни таъминлаши;
– ҳар бир ҳудуд кесимида мавжуд экологик муаммоларни аниқлаш, уларни тизимлаштириш ва маълумотлар базасини яратиш орқали аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқишни тизимли амалга ошириш;
– хотин-қизлар билан ишлашни кучайтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва «Экология ва саломатлик» аёллар клублари йўналишидаги ташаббусларни янада ривожлантириш;
– олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали партия фаолиятига илмий ёндашувларни кенг жорий этиш, шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини янги сифат босқичига олиб чиқиш муҳим йўналишлар сифатида қайд этилди.
Партия Марказий Кенгаши аъзоларининг фикр ва таклифларига ҳам пленум доирасида алоҳида ўрин ажратилди.
Борий Алихонов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
– Мамлакатимиздаги экологик ислоҳотлар жараёнида партиямизнинг ўрни ва ташаббускорлиги кучайиб бораётгани бизни албатта қувонтирмоқда. Ҳар бир экологик масалага олимларни жалб этган ҳолда илмий нуқтаи назардан ёндашилаётгани, уларнинг хулосаларига қулоқ тутилаётгани ибратлидир.
Шу ўринда яна бир таклиф билдирмоқчиман. Маълумки, юртимизнинг ҳар бир ҳудуди экологик ҳолати тўғрисида маълумотларимиз етарли. Энди уларни районлаштириш, табиий қазилмалари, биологик хилма-хиллиги, экологик муаммолари тўғрисида мукаммал энциклопедия яратиш зарур. Астанада бўлиб ўтган минтақавий экологик саммитда Президентимиз томонидан илгари сурилган Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш ташаббусини амалга оширишда бу партиямизнинг хизмати бўлиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Экологик партия фаолиятида замонавий ёндашувлар кенг жорий этилмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган экологик муаммоларни тезкор ўрганиш ва муносабат билдириш тизимли тарзда йўлга қўйилди. Бу жамоатчилик билан мулоқот янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Ўтган даврда партия «Ишонч телефони», шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали келиб тушган 2 287 та мурожаат кўриб чиқилди. Улар асосида жойларда аниқ ўрганишлар ташкил этилди. Энг муҳими, уларнинг 1 260 таси ижобий ҳал этилган. Бу ҳам Ўзбекистон Экологик партиясининг муаммоларни ҳал этишга қодир катта кучга айланаётганини кўрсатади.
Носир Ҳалимов, Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:
– Янги Ўзбекистон тараққиёт босқичида экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни тизимли ҳал этиш масалалари давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисмига айланди. Бу эса, ўз навбатида, партиямиз олдига янада катта ва масъулиятли вазифаларни қўймоқда.
Қашқадарё мисолида оладиган бўлсак, Экологик партия ташаббуси билан амалга оширилаётган тизимли ишлар юртдошларимизнинг партияга бўлган хайрихоҳлигини оширмоқда. Парламентдаги фракциямиз аъзолари ҳамда вилоят Кенгаши депутатлари вилоятда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганишга доимий эътибор қаратмоқда. Биргина Экологик партия депутатлари аралашуви билан Қарши шаҳридаги оқава сув тармоғи билан боғлиқ 22 йиллик муаммо ечимига киришилганини алоҳида қайд этиш зарур. Бу йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда, партиямиз халқимиз ҳаётига чуқур кириб бормоқда.
Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг 2026 йил биринчи чоракдаги фаолияти якунлари муҳокама қилинди. Фракциянинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва сайловчилар билан ишлаш борасидаги натижалари тўғрисида партия фракцияси раиси ўринбосари Ойбек Раҳимов атрофлича маълумотларни тақдим қилди.
Фракция томонидан чиқиндиларни бошқариш, атроф-муҳит мониторинги самарадорлигини ошириш ҳамда экологик қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 5 та қонун лойиҳаси устида иш олиб борилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Экология кодекси лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда ваколатли органларга тақдим этилди. Фракция аъзолари Қонунчилик палатасига киритилган 6 та қонун лойиҳаси бўйича масъул сифатида иштирок этди.
Парламент назоратини кучайтириш доирасида фракция йиғилишларида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга қаратилган 4 та тадбир ташкил этилди. Фракция йиғилишларида 85 та масала кўриб чиқилди.
– Ҳар ой якунида фракциямиз аъзолари ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, ислоҳотларнинг бориши ва қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганиб бормоқда. Бу жараёнларда юртдошларимизнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги сезиларли даражада ошган. Улар томонидан кўпчилик учун манфаатли бўладиган, ҳозирги замон талаблари асосида қонунчиликка янгиликлар киритиш масалалари кўтарилади. Бу албатта депутатларимизга сайловчиларимизнинг ишончи мустаҳкамланаётганидан далолат беради – деди Ойдек Раҳимов.
Йиғилишда, Ўзбекистон Экологик партиясининг келгуси фаолиятидаги устувор йўналишлар тасдиқланди.
ЎЭП Марказий Кенгаши
Матбуот хизмати